12:02 / 02.06.2017
10 796

Рамазоннинг одатий, ўта одатий, аммо фожиали манзараси

Рамазоннинг одатий, ўта одатий, аммо фожиали манзараси
Рамазоннинг меҳмон бўлганига ҳам беш кунча бўлиб қолди, бу азиз ойнинг. Биз эса одатдагидек яшашда давом этяпмиз. Ҳа, одатдагидек… Фақат кунларимиз тартибига бироз ўзгартириш киритилган холос. Саҳарлик, ифторлик, таровеҳ сингари… Аммо қолган ишларимиз, сифатларимиз қандоқ бўлса, шундоқ турибди. Ҳалиям кези келса, бировларнинг кўнглини оғритамиз, ҳалиям кези келса ғийбат ва ёлғон гапирамиз, ҳалиям ўз манфаатларимиз йўлида тулкилик қиламиз…

Бу рўзадорлар ҳақидаги гап… Аллоҳ улардан рози бўлсин! Мана шу иссиққа дош бериб, қилаётган амалларини, ибодатларини Аллоҳ қабул қилсин. Уларнинг муҳокамасини қилиш бизларга эмас. Ажрини Яратган бераверади. Аммо…

Ҳар бир ибодатнинг хушъуси, унинг лаззати, унинг қалбни қамраб олувчи илоҳийлиги бўлади. Рамазоннинг лаззати нимада? Кун бўйи оч юриб, чанқоқни енгишдами? Менимча йўқ. Тағин билмадим. Дин пешволари бу ҳақда том-том китоб ёзишган. Шу сабабми инсон умри давомида тинмасдан билим олавериш керак экан. Шунда билмаганларини билиб, ўрганиб бораверади.
Умуман олганда гап мавзуси бу ҳақида эмас.

Гап ишга боришда ва ишга келаверишда кўз тушадиган одатий, аммо фожиали бир ҳолатда. Топганлари ош бўлсин, аммо кафе ҳамда ошхоналарнинг Рамазондан ва рўзадорлардан ҳаё қилмай ишлаётгани, бунга қўшимча у ерга кираётган гуррас-гуррас одамларни кўриб, ўйланиб қоламан. Нега шундай?

Албатта, ким рўза тутади, ким тутмайди, у унинг виждон иши. Динда мажбурлаш йўқ. Тутса тутар, тутмаса йўқ. Аммо рўзадорлар ва Рамазоннинг ҳурматичи? Рўза тутганлар кучли сабр ила ибодатларини адо қилишяпти, шулар ҳақи, егилари келган таомни уйларига олиб кириб, тановул қилсалар бўлмайдими? Нега бу ҳақда гапиряпман? Кўчада пишаётган таом, унинг ёқимли ҳиди, хўрандаларнинг иштаҳа билан кавш қайтаришлари — буларнинг бари рўзадорни қийнайди ахир. У фаришта эмас, у ҳам инсон. Нафси, иштаҳаси бор инсон. У берўзаларга маст бўлиб, рўзасини очиб юбормайди. Асло. Шунчаки машаққатига минг машаққат қўшилади ва энг ёмони “шунча одам берўзаку, демак, Рамазон унча аҳамиятли ой эмас эканда-а?”, деган тушунча келади. Бу ақийдани кейинги авлодга, кейинги авлод эса кейингисига қолдиради.

Ичкилик сотилаётган дўконлар, ошхоналар, тутини бурсиқтираётган кабобхоналар, мижозларининг чанқоғини қолдираётган пивохоналар… Буларнинг бари бир тукини ҳам ўзгартирмай ишлашда давом этишётир. Афсуски бу манзара барчамизга одатий кўриниш бўлиб қолди.

Мана шундай хаёлларга бориб, ифторликка у-бу харид қилгани “Корзинка” супермаркетларидан бирига кираман. У ерда эса ифтор вақтида уйига боришга кеч қолган рўзадорларга сув тутаётган супермаркет ходимларини кўриб кўнглим ёришади. Супермаркетга кираверишда, бир бурчакда рўзадорлар оғизларини очиб олишлари учун тайёрлаб қўйилган стол бор. Истаган рўзадор у ерга бориб, хурмо биланми, сув биланми оғзини очиб олади.

Гап қайсидир супермаркетни реклама қилишда эмас. Гап одамийликда, рўзадорларни ва Рамазонни ҳурматлашда. Бир ҳақиқат бор: Аллоҳ ўзининг илоҳий неъматини улуғлаганни, икки дунёда улуғлаб қўяди.

Сарвар Анвар ўғли

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Рамазоннинг одатий, ўта одатий, аммо фожиали манзараси