21:52 / 04.06.2017
7 262

​Ёз қуёшидан терини қандай муҳофаза қилиш мумкин?

​Ёз қуёшидан терини қандай муҳофаза қилиш мумкин?
— Қуёшнинг тафти суякларга қувват, - дейдилар онам. Ҳақиқатан ҳам қуёш суякларга қувватдир, аммо юз териси офтоб нурлари остида қуруқшаб, тортишиб қолгандек бўлаверади. Натижада кўз атрофидаги ажинлар кўпайиб бораётгандек… Ёз қуёшидан терини қандай муҳофаза қилиш мумкин?

1-қоида: тўғри тозалаш

Терини тозаловчи воситаларнинг иложи борича енгилини танланг. Юзингиз териси нозик бўлса косметик кўпик (пенка) ва тоникнинг спиртсиз, гиёҳлар асосида тайёрланганини ишлатинг. Қўлингиз билан юзингизга иложи борича тегманг. Чунки ёз кунларида қўлга кўп кир ва чанг қунади. Бу эса терига инфекция тушириши мумкин.

2-қоида: муҳофаза қилинг

Кремларингиз таркибини кўздан кечиринг. Ҳозирги кремлар қуёш нурларидан асровчи таъсирга ҳам эга. Агар бундай кремингиз бўлмаса, албатта уни яқин кунларда харид қилинг, қуёш нурларининг кучли таъсири терининг тез қаришига олиб келади. Шунингдек, қуёш нурларидан асровчи кўзойнак тақишни ҳам канда қилманг.

3-қоида: намлантиринг

Ҳозирда гўзаллик воситалари ичида танага сепиладиган махсус спрей ҳам харид қилиш мумкин. Фақат унинг ўрнини дўкондаги оддий минерал сув ҳам босиш мумкин. Кераксиз атир идишига минерал сув тўлдириб, тери қуруқлашганда терига пуркаб туринг. Бу пардозингизни бузмайди, терингизни эса намлантиради. Ёки намланган дастрўмолча билан терини енгил артиш ҳам мумкин.

Шунингдек, иссиқ кунларда кўк чой ёки гиёҳли дамлама ёки оддий минерал сувни музлатиб қўйинг ва муз бўлакчалари билан эрталаб ва кечқурун терини енгил уқаланг.

4-қоида: енгиллатинг

Сиз ишлатаётган пардоз воситалари ҳамма ёзги нарсалар каби иложи борича енгил бўлсин. Камроқ тонал крем, енгил, сочилувчан упа ишлатинг. Лабингизга помада ўрнига «блеск» суртинг.

5-қоида: фойдаланинг

Ёз нафақат қуёш нурига, балки мева-чеваларга ҳам бой.

Қовоқча (кабачки)терини намлантиради: 1 дона кабачкини қирғичдан ўтказиб, докага бир текисда қўйиб, сўнгра бу докани юз терисига ёпинг. 15-20 дақиқадан кейин илиқ сув билан ювинг.

Ўрик терини тинчлантиради, рангини яхшилайди: 1 дона ўрикни санчқи билан эзинг ва 1 чой қошиқ асал билан аралаштиринг. Терига суртиб, 15 дақиқадан сўнгра илиқ сув билан ювинг.

Бодринг терини ёшартиради: яримта бодрингни қирғичдан чиқаринг ва уни 1 чой қошиқ асал билан аралаштиринг. 10 дақиқага юзингизга суртиб, сўнгра илиқ сув билан чайинг.

6-қоида: мутахассис билан маслаҳатлашинг

Ёз ойларида пилинг ва шунга ўхшаш муолажаларни қилиш тавсия қилинмайди. Шунингдек, юзни тозалашда ҳам эҳтиёт бўлиш зарур. Ёз ойларида терининг кўп қисми очилганлиги сабабли, кўпчилик теридаги нуқсонларни айнан мана шу вақтда бартараф қилишга киришади. Масалан, теридаги ҳолни олиб ташлаш, доғларни тозалаш. Аммо ёдингизда бўлсин, бу каби муолажалар ёз кунларида тери учун ёқимсиз бўлиб, қуёш нурлари остида муаммо янада чуқурлашиб кетишига олиб келади. Шу сабабли пилинг, ҳолларни олдириш каби муолажаларни салқин мавсумларда амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Тери билан боғлиқ барча муолажаларни мутахассис билан маслаҳатлашиб қилган маъқул.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » ​Ёз қуёшидан терини қандай муҳофаза қилиш мумкин?