10:16 / 24.08.2017
5 644

Forbes: Бой бўлишдан уялмаган Малкольм Форбс

Forbes: Бой бўлишдан уялмаган Малкольм Форбс
Малкольм Форбснинг болалиги Буюк депрессия йилларига тўғри келди ва бу нафақат унга, балки ҳаётнинг қадрига кўпроқ ета бошлаган бутун бир авлодга жиддий таъсир кўрсатди. Болалик ва ёшлик даврида майда хурсандчиликлардан ҳам маҳрум бўлган болалар катта бўлиб бунинг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилган.

Малкольм ноширнинг уйида вояга етган ва очликни у қадар ҳис қилмаган бўлса-да, Берти Чарльз Форбс миллионер бўлмаган ва ҳақиқий шотландиялик сифатида ўз фарзандларига ҳар бир центни қадрлаш ва пулга жиддий муносабатда бўлишга ўргатган. Ўсмирлик йилларида оила молиявий жиҳатдан қийин аҳволда қолган. 1939 йилга бориб Forbes журналининг адади 102 мингни ташкил қилган. Унинг рақиблари Business Week'да — 192 000, Fortune'да эса — 248 000 бўлган. Реклама 4,5 баробарга қисқарган.

Бу жиҳатдан Forbes'га иккинчи ҳаёт бағишлаган ва ўз оиласининг энг машҳур вакилига айланган Б. Ч. Форбснинг ўғли омадлироқ чиқди.

Президент Ф.Д.Рузвельтнинг "янги йўналиши" Америка жамиятидаги қадриятларга жиддий чақириқ бўлди. Давлатнинг иқтисодиётга кенг жалб қилиниши (у шу йўл билан мамлакатни инқироздан олиб чиқишга ҳаракат қилган) бизнеснинг кўплаб вакиллари орасида шубҳа уйғотган. Forbes журнали классик laissez-faire'ни сақлаб қолиш тарафдорлари томонда "ўйнаган", бу эса 30-йилларда у қадар машҳур бўлмаган. Рузвельт даврида амалга оширилган улкан лойиҳалар бунга қадар қарор топган қоидаларга зид эди.

АҚШ ижтимоий ҳаётидаги қарама-қаршиликларнинг кўп линиялари айнан 30-йилларга бориб тақалади. "Янги йўналиш" меросига муносабат бизнес, ОАВ ва сиёсатдаги одамларни ажратган ёки бирлаштирган. Малкольм Нью-Жерсида ўтган болалигидан катталарнинг баҳс-мунозараларига оид хотираларини олиб чиққан.

Унинг ўзи ўша пайтлар муайян позицияга эга бўлмаган ва билим олиш билан шуғулланган - даставвал Лоренсвилдаги тайёрлов мактабида, кейин эса Пристон унивчерситетида, икки иншоот ҳам Нью-Жерсида жойлашган бўлган. У ерда Форбс сиёсий илмлар ва иқтисодиётни ўрганган. Иқтисодий билимларни ўзлаштиришни тугаллаш даври АҚШнинг Иккинчи жаҳон урушига киришига тўғри келган. Бунга қадар у 1941 йилда Оҳайода отаси томонидан сотиб олиб берилган икки газетага раҳбарлик қилишга улгурган. Бу тажриба кейинчалик унга керак бўлди.

Жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, бадавлат оилалардан чиққан ёшлар хизмат қилишдан воз кечиш ҳақида ўйлаши ҳам мумкин эмасди. Масалан, Кеннедилар оиласида уч нафар вояга етган ўғилнинг бари армияга борган, улардан бири ҳалок бўлган. Бундай доираларда ғурур ва ватанпарварлик тушунчалари катта аҳамиятга эга бўлган. Шунинг учун Малкольм Форбс ҳам урушга йўл олган.

Уруш даврида унинг бир неча марта "омади келган" - у Европадаги жанг майдонига жўнатилгани бир омад бўлса, яраланиб омон қолгани - яна бир омад бўлган.

Америка урушдан нафақат ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий маъноларда, балки жаҳон маданиятида трендлар бошқарувчиси сифатида ҳам кучли держава бўлиб чиққан. Мусиқа (жаз, рок), Ҳолливуд кинолари - бундан буён ҳамма ерда шулар устунлик қиларди. Европадан қайтаётган ёш америкаликлар уйга нафақат таассуротлар билан, балки ўз мамлакати учун фахр туйғуси билан қайтишарди.

Урушдан қайтган аскарларнинг кўпи сиёсатга кириб келган. Улардан кейинчалик машҳур бўлганлари - Ричард Никсон, Жон Кеннеди, Жозеф Маккарти. Малкольм Форбс ҳам бу жиҳатдан нооригинал йўл тутган - у 1949 йилда Бернардсвиль муниципиал кенгашига сайланган, 1951 йилдан 1957 йилгача эса Нью-Жерси штати сенатида фаолият юритган.

У бир пайтлар губернаторликни орзу қилган, бироқ 1957 йилда республикачиларнинг номзоди бўлган Малкольм штатнинг амалдаги раҳбари, демократ Роберт Мейнерга мағлуб бўлган. Малкольм сиёсатда қўлдан келганини қилганини англаб, ундан кетишга қарор қилган.

Бу вақтга келиб унинг отаси вафот этган ва журнални юритиш бўйича асосий оғирлик у билан акасининг зиммасига тушган. Ундан уч ёш катта Брюс нашр президенти бўлган, аммо саратонга чалиниб, нисбатан эрта 1964 йилда вафот этган. Яна икки акаси Гордон ва Уоллес журнал ишларига у қадар қизиқишмаган, шу боис 1960-йилларда у акаларининг журналдаги улушини сотиб олган, Брюснинг бевасидан сотиб олинган 30 фоиз акция ҳам шулар жумласидандир. Шу тариқа у Forbes'нинг ягона раҳбарига айланган.

1945-1960-йиллар орасидаги даврни тарихда фақат йигирманчи йилларга таққослаш мумкин. Бу америкаликлар томонидан ўз "нормаллиги"ни максимал даражада ҳис қилиш - "беби-бум" даври бўлган. У пайтлар Америка иддилияси бардавом туюларди. 1960 йилга бориб АҚШ ривожланишнинг юқори нуқтасига етди ва жаҳон иқтисодиётининг 29 фоизига эгалик қилди.

«Жи Ай қонуни» уруш ветеранларига таълим олиш, бизнес очиш ва уй-жойга кредит олишда имтиёзлар берарди. Шу туфайли ўрта тоифа кескин кенгайди, билимли ишчи кучи кўпайди. Иқтисодий "бум" бизнес-журналистикани ҳам ўз ортидан тортди. 50-йиллар ўрталарига бориб, Forbes АҚШдаги бир неча бизнес нашрлардан бири бўлган ва рақиблар орасида алоҳида ажралиб турмаган. Журналга янги ғоялар керак бўлган.

Малкольм отаси ҳаётлик вақтларидаёқ журналда консалтинг лойиҳаларни йўлга қўйган. Улардан бири Forbes Investors Advisory Institute жиддий даромад келтирган биринчи шундай лойиҳа бўлган. Америка корпорациялари рейтинги кейинги қадам бўлган, бу рейтинг журналга жуда кўп реклама жалб қилди. Forbes бизнесдаги муваффақият тарихлари, етакчи капиталистлар ҳақидаги норасмий ҳикоялар журнали, ҳақиқий Capitalist Tool бўлди. У рақиб нашрлардан ўз эркинлиги ва мақолалар ва сюжетлар тилининг тушунарлилиги билан ажралиб турарди.

Fortune ва Business Week билан шиддатли рақобат даври бошланди. 1954 йилдан 1958 йилга қадар Forbes журналининг адади икки баробарга - 265 минггача ошди, 1967 йилга бориб эса Fortune'ни ортда қолдириб, 500 мингга етди ва Business Week билан деярли тенглашди. 70-йилларда адад ошишда давом этди ва 1975 йилда 625 мингга етди. Обунадан йилига 4,5 миллион доллар тушарди, рекламадан эса - 20 миллион доллар. Малкольмнинг Forbes ютуғига қўшган сўнгги катта ҳиссаси - унинг 1982 йилда йўлга қўйилган "Энг бадавлат америкаликлар рейтинги - Топ-400" лойиҳаси бўлди.

Ота журнални ўз ғояларини ифодаловчи майдонга айлантирган бўлса, ўғли уни ўз ҳаёти даракчисига айлантирди. Улар орасидаги фарқ шунда эди. Б. Ч. Форбс нашрга асос солган омадли журналист бўлган бўлса, М.Форбс журналга иккинчи ҳаётни бахш этган омадли капиталист бўлиб чиқди.

Малкольм журналдан ташқари инвестициялар ва кўчмас мулк билан фаол шуғулланар эди. У Колорадода ранчо сотиб олган, бир неча йилдан кейин эса уни қисмларга бўлиб сотган. Журналда консалтинг ишлашда давом этган, шунингдек таҳририят биноси ҳам ижарага бериларди. Малкольм доимо янги нашрлар очарди, масалан, Нью-Йорк ҳақидаги Egg нашри.

Асосийси, Форбс ўз ҳаёти ва хоббиларини Forbes учун рекламага айлантиришни биларди. У ўз бойлигидан завқланиб яшаётган америкалик нопуританин-ишбилармон сифатида намоён бўлди. Бу эса бунгача бўлган анъаналарга зид эди. У Рейган ва Тэтчернинг эркин тадбиркорлик даврига жуда мос келарди. 80-йилларда Малкольм худди иккинчи ёшлик даврини бошдан кечиргандек бўлган.

Форбс ҳашамат бобида янги трендларнинг эълон қилувчиси бўлган. Айнан ўшанда Forbes капиталистик "жаннат"ни ифодаловчи афсонавий номга айланган. Малькольм ўзини ўта омадли PR-менежер сифатида намоён қилган. Унинг мотоцикллар, яхталар эскападлари, ҳаво шарларидаги парвозлари пиар нуқтаи назаридан аниқ ўйланган.

Таъкидлаш жоизки, бу қизиқишларни хавфсиз деб бўлмайди - бунинг учун Стив Фоссетнинг тақдирини ёдга олиш кифоя. Бироқ бадавлат кишилар таваккал қилишни яхши кўришади - бу охиригача ўрганилмаган феномен. Ҳовард Ҳьюз ўзининг авиацияга қизиқишидан тайинли фойда чиқара олмаган бўлса, Малкольм Форбс эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилган ва ўз қизиқишлари ортидан фақат бойиган. Баъзи маълумотларга кўра, унинг бойлиги 600 миллион долларга етган. Бироқ тиббиётнинг ривожланишига қарамай, у ўз отасидан ҳам кам умр кўрган - бу эса эски ҳақиқатнинг яна бир тасдиғи - саломатликни сотиб олиб бўлмайди.


Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Forbes: Бой бўлишдан уялмаган Малкольм Форбс