15:11 / 28.08.2017
5 235

Нега миллионерлар ҳар бир тангани қадрлайди?

Нега миллионерлар ҳар бир тангани қадрлайди?
Британиялик журналист Жонатан Марголис тангаларнинг қадри ва замонавий дунёда кимлар улардан воз кечишга тайёр эмаслиги ҳақида фикр юритади. Бу ҳақда «InsiderPro»га таяниб «Дарё» нашри ёзмоқда.

Тангаларнинг қиймати қанча туради? Том маънода эмас, мисол учун, Британия фунти 1,3 долларга тенг. Бироқ улар вақт ва меҳнат аҳамияти нуқтаи назаридан қанча туради?

Онлайн харидлар, алоқасиз тўловлар ва криптовалюталар замонида тангалар замонавий ҳаётнинг энг қадимий ва тарихий элементлардан бири ҳисобланади.

Ўтган ҳафта супермаркетда ўтказган ноодатий 15 дақиқа бир фунтлик танга (дунёдаги энг қиммат тангалардан бири) ҳақида қайғуриш керак-керак эмаслиги борасида ўйланишга мажбур қилди.

Британиянинг аксарият дўконларидаги аравачалар махсус қулфлар билан жиҳозланган — улардан фойдаланиш учун махсус жойга бир фунтлик танга жойлаш лозим (аравачани ортга қайтаргандан сўнг, уни қайтариб олиш мумкин). Қулфларни ишлаб чиқарувчилар бу тизим ташриф буюрувчиларни аравачаларни қайтаришга рағбатлантиришига ишонтиради. Умуман олганда, бу муҳим эмас.

Менинг фунтим ана шундай аравача қулфига тиқилиб қолди. 30 сония давомида уни олишга натижасиз уриндим, шундан сўнг дўкон ходимидан ёрдам беришини сўрадим. Бироқ буларнинг бари натижасиз бўлди. Ўзимни ахмоқдек ҳис қилдим — тангани қайтариш учун вақт ва куч сарфлаш мантиқсизлик эди. Бироқ принципимдан келиб чиқиб, қўллаб-қувватлаш хизматига мурожаат қилдим.

Бу ақлли қарор эдими? Бу саволни фарзандларимга бердим. Каттаси (35 ёш) бир дақиқа ҳам кутмаслигини айтди. Кичиги (28 ёш) қанча вақт талаб қилинса ҳам, танганинг қайтарилишига эришишини маълум қилди ва бунга айнан ўша принципни сабаб қилиб кўрсатди.

Саволим очиқлигича қолди, шунинг учун одатда журналистлар йўл тутадигандек, ўзимга таниш икки миллионерга қўнғироқ қилдим ва улар менинг ўрнимда бўлганда нима қилишини сўрадим.

Биринчи «қурбон» кийим ишлаб чиқарувчи машҳур компания Тед Бакер соҳиби ва бош директори Рей Келвин бўлди. Унинг бойлиги 468 миллион фунтга баҳоланади. У саволимга қуйидагича жавоб қайтарди:

«Ҳеч нарсага қарамасдан, тангани қайтаришларини кутган бўлардим. Бу қисман маданият масаласи — мен шундай улғайдим ва шундай тарбия олдим. Бироқ бу масъулият ва ҳисоб-китоб масаласи ҳам. Тизим ишлаши керак ва дўкон унинг фаолиятидаги ҳар қандай узилишлардан хабардор бўлиши лозим».

Ҳамёнида тангалар олиб юриш-юрмаслиги ва дўконда қайтимини кутиш-кутмаслиги ҳақидаги саволимга Келвин «ҳа» ва «албатта» деб жавоб қайтарди. Бошқача айтганда, Тед Бакер бош директори ҳар бир фунт қадрли деган фикрдаги муваффақиятли инсонлар вакили эди.

Шундан сўнг соғломлаштирувчи марказлар тармоғи ва бир қатор асарлар, жумладан, «Пуллар билан ақлли иш тутиш йўллари» (How То Be Smart With Your Money) китоби муаллифи Дункан Баннатайнга қўнғироқ қилдим. Унинг бойлиги 225 миллион фунтга баҳоланади. Баннатайн қуйидагича жавоб қайтарди:

«Тангани аравачада қолдирган бўлардим. Уни қайтариш учун сарфланган вақт шунга арзимайди. Шунга қарамасдан, машинамда доим автомобиллар тўхташ жойига тўлаш учун тангалар бўлади ва дўконда қайтим беришларини аниқ кутган бўлардим».

Яна аниқ жавоб йўқ.

Бошқа йўлдан боришга қарор қилдим ва Лондоннинг Аттест стартапига минглаб британияликлар орасида онлайн-сўровнома буюртма қилдим.

Натижалар кишиларнинг аксарияти бир фунтлик тангани унчалик юқори қадрламаслигини кўрсатди. Сўровнома иштирокчиларининг 75 фоизи уни қайтариш учун беш дақиқадан кам вақт сарфлашини маълум қилган бўлса, уларнинг атиги 17 фоизи қанча вақт талаб қилинса, шунча кутишга рози бўлди.

Ўртача даромадга эга (йилига 45—200 минг фунт) сўровнома иштирокчилари фунтни қайтариш учун бир дақиқадан кам вақт сарфлашга тайёр эканлиги ҳайратланарли эмас.

Тангалар билан боғлиқ мантиқ доирасидан четга чиқувчи мураккаб ҳиссий алоқа мавжуд. У тангаларни ақчадонга ташлаган вақтлардан бошланган. Ғалати тасодиф туфайли биринчи ва энг машҳур криптовалюта биткоин деб номланади (битcоин, инглизчадан cоин — «танга»). Бундан ташқари, интернет ва телевидениеда у айнан тангалар кўринишида тасвирланади.

Фунтнинг аввалги курсини ҳисобга олганда — катта авлод у 5 доллар қийматга эга бўлган даврларни яхши эслайди — шу сабабдан кекса кишилар тангага кўпроқ боғланишни ҳис қилади. Жорий йилда у янгича безатилди ва унинг диаметри бироз катталашди. Шунингдек, майда тангаларни даромади паст бўлган одамлар кўпроқ қадрлаши ҳам равшан.

Бироқ тангаларнинг куни эҳтимол саноқлидир (шу жумладан, банкноталарнинг ҳам). Романтика ва тарихий қадр-қиммат йўқолди. Буюк Британия ҳисоб-китобнинг ўнли системасига ўтгунга қадар ёши 100 йилдан ортиқ фунтлар, шиллинглар ва пенслар тез-тез учраб турарди. Ҳар бир киши беихтиёр бу тангалар ўз асрида нималарни кўрганлиги ҳақида ўйга толар эди. Энди эса улар катта аҳамиятга эга бўлмаган шунчаки металл бўлакчаларидир.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Нега миллионерлар ҳар бир тангани қадрлайди?