22:24 / 30.09.2017
6 371

Нима учун тадбиркор Нидерландияга бориши керак?

Нима учун тадбиркор Нидерландияга бориши керак?
Нидерландия иқтисодиёти - дунёда рақобатбардошлик нуқтаи назаридан тўртинчи ўринни эгаллайди, ҳамда унинг кўрсаткичлари доимий равишда такомиллашмоқда. Ўтган йил мобайнида Нидерландия Глобал инновациялар индексида тўққизинчи ўриндан учинчи ўринга кўтарилди. Стартапларга инвестициялар бўйича - йилига 560 миллион доллар - Ҳолландия яқинда Буюк Британия ва Германиядан ҳам ўтиб кетди.

Қулай ишбилармонлик муҳити ва ривожланган экотизим ёш тадбиркорларни жалб қилмоқда. Уларнинг аксарияти ўқиш даврининг ўзидаёқ илмий парклар ва университетларда фаолиятини бошлайди. Booking.com асосчиси Герт-Ян Бруинсма шундай дейди: «Ҳолландия нафақат ажойиб бошланғич майдонча, балки халқаро миқёсда ривожланиш учун идеал синов бозоридир».

Истиқболли йўналишлар

Биринчидан навбатда Ҳолландия ишбилармонларни қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ғоялар билан кутмоқда. Ўтган йили Нидерландия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича ўз рекордини янгилади ва АҚШдан кейин дунёда иккинчи ўринни сақлаб қолди.

Шу билан бирга, аграр секторда ишчилар сони камаймоқда - асосан янги технологиялар туфайли. Агро-стартаплар учун StartLife инкубатори яратилди. StartLife ўн йил давомида Вагенинген университетининг кўмагида 120 та лойиҳани ишга туширди.

Бутунжаҳон иқтисодий форуми маълумотларига кўра, Нидерландия дунёда инфратузилманинг ривожланиш даражаси бўйича учинчи ўринни эгаллайди. Стартапчилар саёҳатчиларга янада кўпроқ қулайлик яратишга ҳаракат қилмоқда: масалан, фойдаланувчиларнинг шахсий тажрибалари асосида тузилган сафардаги ҳамроҳлар ва йўналишларни топиш учун иловалар машҳур.

Бир пайтлар Эйндховен технология университети талабаларининг лойиҳаси бўлган Ва Amber стартапи эса Uber билан рақобат қилишга тайёр.

Яқиндан бошлаб Ҳолландия анъанавий бизнес йўналишидан ахборот технологияларига эътибор қаратишни бошлади. Мисол учун, Даниэль Ҳавен талабалик пайтида Амстердам университети билан биргаликда, имтиҳонларни онлайн топшириш учун платформа яратди ва ўтган йили 500 минг евролик молиялаштиришни олди.

Стартапни қаерда бошлаш мумкин?

Амстердам

Angel.co порталига кўра, Амстердамда 1557 стартап ишга туширилган - уларга 3 292 нафар инвестор тўғри келади. Веб ва мобиль ишланмалар, энергиядан «ақлли» фойдаланиш, сунъий идрок ва соғлиқни сақлашга қаратилган иловалар билан боғлиқ стартаплар муваффақият қозонмоқда.

Айнан бу соҳаларга Rockstart бизнес парки ва унинг тўртта тезлаштирувчиси ихтисослашган. Улар орасида – Европадаги сунъий идрок билан алоқадор бўлган стартаплар учун биринчи акселератор бор. Унинг шериклари орасида эса - Амстердам университети ва Амстердам эркин университетини тилга олиб ўтиш ўринли.

Акселераторлардан ҳар бири ҳар йили ўнта иштирокчини йиғиб олади ва 5-6 ой давомида уларга ҳамроҳлик қилади. Баъзи йилларда молиялаштирилаётган иштирокчиларнинг улуши 90-100 фоизни ташкил этган; инвестицияларнинг ўртача ҳажми - 20 минг евро.

Стартап экспертларининг таъкидлашича, улар бутун дунё бўйлаб стартапчилар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлар - статистик маълумотларга кўра, Rockstart дастурларида 30 миллат вакиллари иштирок этган.

Утрехт

Сўнгги йилларда Утрехт Европа комиссияси томонидан Европанинг энг рақобатбардош минтақаси сифатида икки марта тан олинди. Ҳозирда бу ерда 400 та стартап, илм-фан парки ва Утрехт университетида жойлашган Европанинг энг яхши 10 инкубаторларидан бири бўлган UtrechtInc мавжуд. Етти йил давомида UtrectInc 157 стартапни ишга туширишга ёрдам берди, улар жами 238 млн. евро сармоя жалб қилди.

Инкубатор иккита қўллаб-қувватлаш дастурини таклиф этади – ўзларининг ишланмаларини монетизация қилмоқчи бўлган олимлар, ҳамда тадбиркорлар учун. Иштирок нархи - мос равишда 2250 ва 1850 €. Муваффақиятли иштирокчилар ўз лойиҳаларини молиялаштирадилар.

Инкубатор шунингдек, бизнесни моделлаштириш, янги истеъмолчиларни аниқлаш, жамоани бошқариш ва питчинг бўйича қисқа муддатли мастер-классларни таклиф этади.

Твенте

Твенте университети Европадаги энг «тадбиркор» таълим муассасаси сифатида тан олинган. Ўтган 30 йил мобайнида Твентедан чиққанлар 750 стартапни ишга туширди.

Тадбиркорликни ривожлантириш гуруҳи талабаларга ихтиролар патентини олиш учун ёрдам беради. Ҳолландия талабалар инвестиция жамғармасида – таълим олаётганлар бошқаруви остидаги ягона венчур капитал жамғармада – ўз фаолиятини бошлаётган тадбиркорлар 50 минг еврогача молиявий ёрдам оладилар.

Твенте университети ёки Саксион амалий фанлар университетининг исталган талабаси маблағни олиши мумкин. Ушбу муассасаларнинг битирувчилари, шунингдек, 12 ойдан ортиқ бўлмаган муддат ичида ўз фаолиятини тугатган бўлса, молиялаштиришни олиш имкониятига эга бўладилар.

Бундан ташқари, Консультация хизмати бизнес юритишнинг қонуний ўзига хос жиҳатларини тушунишга ёрдам беради: патентга талабнома бериш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, ҳужжатларни расмийлаштириш ва ҳ.к.

Дельфт

Дельфтдаги технология университети халқаро QS рейтингида 54-ўринни эгаллайди. Университет дунёдаги энг яхши талабалик акселератори - Массачуссетс технологиялар университети ҳузуридаги MIT GFSA билан ҳамкорлик қилади, ҳамда таълим курслари ва иштирокчилар бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлайдиган дастурга хоҳловчиларни қабул қилади.

Дастур ташкилотчилари транспорт харажатлари ва яшаш харажатларини қоплайди ҳамда ойлик стипендия тўлайди. Дастурнинг энг яхши иштирокчилари стартапларни 20 минг евро миқдорида молиялаштирадилар.

Шунингдек, Дельфтда Европадаги энг йирик технологик инкубатор - Yes! Delft жойлашган. Унинг базасида ўз бизнес лойиҳалари бўлган талабалар учун бўлим мавжуд - Yes! Delft Students.

Yes! Delft Students маҳорат сабоқлари, маърузалар, танловлар ва таълим сафарларини ўтказади. Шунингдек, йил мобайнида дастурлар учун ёш тадбиркорлар жалб қилинади – уларда стартапчилар мутахассислардан маслаҳатлар, Нидерландиядаги интеллектуал мулк ва солиқ бўйича консультацияларни олишади. Агар лойиҳа танланса, у эрта босқичда молиялаштирилади. Барча дастурлар инглиз тилида олиб борилади.

Солиқлар

«Солиқ тўлаш» кўрсаткичи бўйича бутун дунё бўйлаб 190 мамлакатда бизнес муҳитни баҳоловчи Doing Business халқаро рейтингида Нидерландия 21 дан 20-ўринга кўчиб ўтди. Йиллик айланмаси 200 минг евродан паст бўлган корхоналар учун корпоратив солиқ - 20 фоизни, ундан юқори бўлса - 25 фоизни ташкил этади.

2018 йилда ҳукумат солиқ ставкаларини камайтириши мумкин. Мўлжалланган ислоҳотлардан бири 2018 йилнинг 1 январидан кучга киради ҳамда у стартапчилар учун ижобий таъсир ўтказади: улар шахсий даромадидан 25 фоизга камроқ солиқ тўлайди. Халқаро бизнесга келсак, Нидерландия ҳукумати 95 мамлакат билан икки томонлама солиқдан қочишга оид битим имзолаган.

Стартап-визалар

2015 йилнинг 1 январидан бошлаб Ҳолландия тадбиркорлар учун алоҳида виза – стартап-визани жорий қилди. Бу виза билан стартапчи ушбу давлатда бир йил давомида яшаш ҳуқуқини олади.

Асосий шартлардан бири: бизнес лойиҳа ишончли воситачилар томонидан қўллаб-қувватланиши керак. Талабалик йилларида стартапни ишга туширганлар учун бундай воситачига университет, катта акселератор ёки илмий парк айланиши мумкин.

Стартап-виза муддати тугаганидан кейин тадбиркор яшаш учун ариза бериш ҳуқуқига эга.

Хулоса

«Нидерландия стартапчилар давлати сифатида танилиб бормоқда, - дея ҳисоблайди иқтисодиёт вазири Ҳенк Камп. - Ривожланиш суръати жиҳатидан бизнинг стартап-саҳнамиз - Европада учинчи ўринни эгаллайди». Кўплаб инкубаторлар ва илмий парклар, янги лойиҳалардан манфаатдор университетлар, стартап-визалар, шунингдек, Orientation Year дастури Нидерландияда шахсий ишни очиш учун барча шароитни яратмоқда.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Нима учун тадбиркор Нидерландияга бориши керак?