22:03 / 22.11.2017
25 807

Мунажжимлар башорати: 2018 йилда Паризод буржи вакилларини нималар кутмоқда?

Мунажжимлар башорати: 2018 йилда Паризод буржи вакилларини нималар кутмоқда?
Паризод буржи вакиллари табиатан синчков, майда-чуйдаларга ҳам кўп эътибор беради. Шунинг учун аксар ҳолларда омадга эришишади. Улар Меркурий бошқаруви остида туғилишган. Ҳар сафар қарор қабул қилишда қатъийликка эътибор қаратишади. Паризод буржи остида туғилганлар кам хато қилишади. 2018 йил ҳам паризод буржи вакилларига асосан яхшилик ваъда қилмқда. Ит йилининг ўзи уларни қарамоғига олади.
Феврал ойи омадлар палласи десак хато бўлмайди. Аммо ҳар бир ишга эҳтиёткорлик билан ёндашишингиз тавсия этилади. 2018 йили бировларнинг кўмагига таяниб иш кўрманг. Нимаики қилсангиз, ўз куч ва имкониятларингиздан келиб чиқинг. Шунда омадни, муваффақиятни ўзингизга тезроқ чорлай оласиз.
Апрел ойида профессионал касбингиз доирасидаги ишдан ташқари, шахсий ҳаётингизга тааллуқли муаммоларни ҳам аъло даражада ўзингизга бўйсундиришингиз кутилади. Рўзғор масаласида қариндошлар билан даҳанаки жанжаллар юзага келиши мумкин. Аммо жуфтингиз билан муносабатларингизга путур етмайди.
Оила қурмаганлар 2018 йили романтика ва эҳтирослар қулига айланиши кутилмоқда. Баҳор ва ёз ойларида муҳаббат бошқарувида ёрқин учрашувларни бошдан кечиришингиз кутилади. Эсда тутинг, 2018 йили ўзингизга ёққан инсон билан танишсангиз, албатта интиҳоси никоҳга бориб тақалади. Башарти кимларнингдир хонадонида 2018 йили фарзанд дунёга келса, у интеллекти, фанга чексиз иштиёқи ва мустаҳкам соғлиғи жиҳатидан тенгсиз инсонга айланади. Бир сўз билан айтганда, 2018 йили туғиладиган болаларнинг кўпчилиги индиголар тоифасига оид бўлади.
Ит йилида меҳнат таътилига чиқиш, саёҳат масаласини ҳам пухта режалаштиринг. Тижоратчи бўлсангиз, дам олишни хоҳламаслигингиз, ҳар куни келадиган даромадни кўзингиз қиймаслиги мумкин. Бироқ билинг, бу ишлар ўз-ўзидан ижобий ҳал бўлаверади. Жуда бўлмаганда сизнинг ўрнингизга қариндошлар бу ишни амалга оширишади.
Кузга бориб тадбиркорлар ўз ишида янгилик яратиш, янги ҳамкорлар топиб иш кўламини кенгайтириш ҳақида ўйлашлари зарур. Зинҳор бўшашманг, рақобатчилар улоқни илиб кетиб қолишлари ҳеч гап эмас. Декабр ойига қадар мажлисбозликлар, конференциялар, фойдали шартномалар тузиш ва хизмат сафарларига боришдан бошингиз чиқмайди.
Ноябр ва декабр ойларида қилган меҳнатларингизнинг мевасини кўриш насиб этади иншооллоҳ. Раҳбарлар олқиши уёқда қолиб, даста-даста мукофот пуллари дилингизни яйратади. Сиз табиатан тежамкорсиз, шунинг учун сизга бу ҳақда гапириб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ.
Ишда ҳам, муҳаббатда ҳам инжиқликларга асло йўл берманг. Одатларингизни ўзгартириш, янги ғоялар ортидан қувиш барибир иш бермайди. Худойимнинг ҳадя этганига шукр қилинг. Мартабани ошириш учун елиб-югуришингиз, ўз вақтида мажлисларда қатнашишингиз, ўз устингизда тинимсиз ишлашингиз талаб этилади.
Йил давомида ўзингизнинг камчиликларингизни қидириш, ўзингизни танқид остига олиш билан банд бўлинг. Саломатлигингизга алоҳида эътибор қаратинг. Организмни ҳадеганда жисмонан зўриқтиришдан сақланинг. Зарарли одатлардан воз кечиб спорт билан шуғулланишни бошланг.

МУҲАББАТИ

Ит йили паризодларга чексиз ҳиссиёт ва романтикани ваъда қилмоқда. Оила қурмаганларнинг кўпчилиги йил давомида турмуш қуриб мустақил ҳаётни бошлашади. Оилалилар эса жуфтига бўлган муносабатларни ижобий тарафга ўзгартирмасалар бўлмайди. Шунда орангиздаги шунчаки бир-бирига ўрганиб қолганлик қайтадан муҳаббатга айланиши турган гап.
Оиласизлар тез-тез одамлар орасида бўлиб янги танишувларни бошдан кечиришга ҳаракат қилишлари зарур. Шунда танлов имкониятларингиз кенгаяди. Идеалингиздаги инсонни албатта учратасиз.
Асосийси, муҳаббат масаласида фақат қалб амрига қулоқ тутган ҳолда иш кўринг.
Паризод буржида туғилган қиз-жувонлар ташқи кўринишига эътиборни сусайтирмасликлари тавсия этилади. Ҳар бир қадамни ўйлаб босинг. Нафас машқлари билан кўпроқ шуғулланинг. Оила қуришга улгурмаганларнинг айримлари куз фаслида орзусини амалга оширади.

ОИЛАСИ

2018 йил оилангиз учун ўта ёрқин ва қизиқарли ҳаётни ваъда қилган. Жуфтингизга нисбатан муносабатларингиз рекорд даражагача кўтарилади. Ҳаёт зерикарли кечишини истамасангиз, йил давомида турли мавзуларда оилавий тадбирлар ташкил этинг, байрамлар ўйлаб топинг. Оиладагилар сизга маслаҳат беришса, албатта бу маслаҳатларга амал қилинг. Шунда аҳилликка аҳиллик қўшилиб бораверади.
Оилангизга зимдан ҳасад қиладиганлар ҳам йўқ эмас. Ундайлар билан иложи борича мулоқот қилманг. Ёки уйингизнинг ҳар ер-ҳар ерига туморлар осиб қўйинг. Шунда ҳасадгўй ўзи қазиган чуқурга ўзи йиқилади. Мушкул вазиятларда дўстлар маслаҳати ёки психолог қабулига ошиқманг. Ўзингиз ҳам яхшигина психологсиз.
Рашк деган балони 2018 йили яқинингизга келтира кўрманг. У ҳасадгўйлардан ҳам минг чандон хавфлироқ. Рашк иблиснинг етагида яшайди. Яқинлаштирдингизми, сизни тўғри йўлдан тойдиришга зўр бера бошлайди. Эркаклар жуфтига тез-тез гулдаста ҳадя этишни канда қилмасалар, бу оиладан бахтлиси бўлмайди.
Жуфтингизга буйруқ бераверишни камайтиринг. Танқидни эса маслаҳат оҳангида амалга оширинг.

САЛОМАТЛИГИ

2018 йили спортга, организмни тоблантиришга йўналтирилган машқларга алоҳида эътибор қаратинг. Шунда саломатлик масаласидаги муаммолар иккинчи планга ўтади.
Сурункали хасталикка йўлиққанлар ўз вақтида муолажа олишни канда қилмасликлари керак. Витаминга бой меваларни кўпроқ истеъмол қилинг.
Стресс, депрессия деган ярамас вирусларга қарши кескин кураш олиб боринг. Доимо кулиб, жуда бўлмаса, мажбуран жилмайиб юринг. Бу кайфият кўтарилишида алоҳида аҳамият касб этади. Халқона усулларда саломатликни мустаҳкамлаб боришга интилинг.
Овқатланиш режими ва рацион соғлиғингиз яхши сақланишида муҳим рол ўйнайди. Ҳар куни сабзавот ва мевалардан ташқари арпа бўтқаси, қаҳва, чой ўрнига компотлар ичишга одатланинг. Бел оғриғи, остехондроз безовта қилавермаслиги учун алоҳида машқларни мунтазам бажариб боринг.
Ёзда қишлоқ, тоғли ҳудудларда дам олиш пайида бўлинг. Ёмон хаёлларни миянгизга яқинлаштира кўрманг. Футбол, воллейбол, теннис ўйнашга одатланинг.

МАРТАБА ВА МОЛИЯВИЙ АҲВОЛИ

Мартабага эришиш, молиявий жиҳатдан ҳеч кимдан кам бўлмаслик учун йил давомида кўп тер тўкишингизга тўғри келади. Шунда йил ярмига бориб заҳирадаги пулларингиз кўпая бошлаганини сезасиз.
Сентябрда таваллуд топганларни молиявий инқироз ҳам кутиб қолади. Афсуслар бўлсинки, куз ойларида бажарган ишингиз раҳбарларга ёқмайди, танқидга учрайсиз. Орага хафагарчиликлар, аразлар қўшилади. Буларнинг натижасида молиявий аҳволингизга путур ета бошлайди. Лекин Худо ўз бандаларини узоқ вақт аросатда қолдирмайди. Декабрга бориб ишларни йўлга туширасиз, қўлингизга илгаригидан ҳам кўпроқ даромад келиб туша бошлайди.
Нима бўлмасин, 2018 йили бор бўйингиз билан ишга шўнғишингиз тавсия этилмайди. Дам олиш, дўстлар билан мароқли суҳбатлар қуриш, тез-тез ҳаво алмаштиришга ҳам йўл беринг.
Бир сўз билан айтганда, 2018 йил сизга ҳам бошқалар қаторида хурсандчиликлар, хуш кайфият бахш этади.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Мунажжимлар башорати: 2018 йилда Паризод буржи вакилларини нималар кутмоқда?