22:26 / 15.12.2017
8 964

Ҳақиқий муҳаббат...

Ҳақиқий муҳаббат...
Эрим муҳандис. Унинг хотиржам, мулойим табиатини севганим учун у билан турмуш қургандим. Бу хушфеъл эркакнинг кўксига бош қўйиб қалбим оташда ёнарди. Неажабки, икки йиллик ошиқ-маъшуқлик ва беш йиллик турмушдан кейин эримнинг мулойим феъли менга ёқмай қолса денг!

Эримнинг – бир пайтлари мен қаттиқ яхши кўрган- бу хусусияти энди ғашимга тегаётганди. Жуда эҳтиросли, ҳиссиётга берилувчан, романтикага ўч аёлман. Шу сабабли ҳам эримнинг “ичимдагини топ” феъли, севгисини изҳор қилмаслиги ва турмушимизда романтиканинг йўқлиги мени муҳаббатдан узоқлаштириб, эримдан кўнглим совуб кетди. Охири унга қароримни очиқладим: мен узил-кесил ажрашишга аҳд қилгандим. Эримнинг ҳайратдан кўзлари хонасидан чиқиб кетди:

-Нега?!- деб сўради.
-Бундоқ олганда аниқ бир сабаб йўқ,- дедим ўзимни бепарво тутиб.- Шунчаки бу ишқсиз турмушдан чарчадим.
Тун бўйи бир сўз демади. Ўйлаётганди. Бу ҳоли ҳам тушкунлигимни ортиради. Ҳис-туйғусини, ғам-ташвишларини билинтиришни ожизлик деб тушунадиган одам билан яшардим. Шу пайтгача бирор марта ҳис-туйғусини очиқ ифодаламаган одамдан нима ҳам кутардим-ки!?
Ниҳоят тилга кирди:

-Фикрингдан қайтишинг учун нима қилишим керак?
Ҳа, инсоннинг феъли ҳеч қачон ўзгармайди, деганлари рост экан. Сўнги илинж-истакларим ҳам сўниб бораётганди.
Саволингизнинг жавобини ўзингиз топиб, кўнглимни ишонтиролсангиз қароримдан воз кечаман. Биласизми, севгингизни исботлаш учун нима қилишингизни истайман? Тоғдаги жарлик тубида бир гўзал гул ўсади. Ҳаётингизни хавфга қўйиб бўлса-да ўша гулни мен учун узиб олиб кела оласизми?

Юзимга диққат билан тикилди ва:
-Бунинг жавобини сенга эртага айтаман,- деди.
Охирги жумлалари сўнги йилтиллаб турган умидларимни-да ўлдирди. Эртаси куни тонгда уйғонганимда, эрим уйда йўқ экан. Сутдан бўшаган шиша идишни ошхонадаги овқатланиш столига қўйиб, олдига бир хат қолдирибди.

“ Севгилим- дея бошланарди нома,-
Сен хоҳлаган гулни сен учун узиб келардим, аммо юрагим бунга йўл қўймади. Чунки ҳар доимгидек компьютерни остин-устун қилиб, бузиб қўйганингдан кейин монитор олдида йиғлаб ўтирганингда уни тузатиб бериш учун қўлларим керак бўлади. Калитларни уйда унутиб қолдирганингни билиб, кўчада кутиб қолишингдан хавотир олиб сендан аввал уйга келиш учун оёқларим керак бўлади. Машина ҳайдашни яхши кўрасан, аммо нуқул шаҳарда йўлдан адашиб юрасан. Сенга йўлларни кўрсатишим учун кўзларимга эҳтиёжим бор. Уйда ўтиришни яхши кўрасан. Зерикмаслигинг, бекорчи нарсаларга ўралашиб қолмаслигинг учун ҳикоялар айтиб беришим керак. Бунинг учун эса оғзим керак бўлади. Эртадан кечгача компьютерга қарайверганингдан кўзларинг чарчаса, нури хиралашса кексайганимизда тирноқларингни олишим, сочларингдаги кўринишини истамаганим оқ толаларни бўяшим, тепадан пастган тушаётганингда қўлларингда тута олишим, гулларнинг рангини ёшлигингда сенинг юзинг рангидек эканини айта олишим учун кўзларимга эҳтиёжим бор. Аммо сени мендан ортиқ севадиган одам бўлса, ўша сен айтган жарликдаги гулни сен учун узиб келаман, ягонам...

- Мактубни ўқир эканман кўз ёшларимни тўхтатолмасдим. Ўқишда давом этдим.
- Буларни ўқиганингдан сўнг, кўнглинг менга ишонса, илтимос, эшикни оч, жоним. Сен яхши кўрадиган кунжутли нон ва янги соғилган сут билан эшик ортида кутяпман...”

Ҳаяжон билан эшикни очдим. Эрим хавотир ва хижолатли алпозда кунжутли нон ва сут солинган халтани маҳкам тутганча эшик ортида турганди.
Энди ишончим комил эди: мени эримдан бошқа ҳеч ким бу қадар кучли муҳаббат ва ҳаяжон билан севмасди. Жарлик тубидаги танҳо гулни ўз жойида қолдиришга қарор қилдим. У севгисини исботлашга уринган бошқа ошиқларга керак бўлар. Мен эса чин муҳаббат шаробидан масту масъудман...

Манба: Erk.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ҳақиқий муҳаббат...