07:30 / 06.02.2018
5 825

Бировларга қилган яхшилигингиз, албатта ўзингизга қайтиши ҳақидаги оддий ҳақиқат

Бировларга қилган яхшилигингиз, албатта ўзингизга қайтиши ҳақидаги оддий ҳақиқат
Кўп ҳолларда менга кундалик ҳаётимизда оддийгина хушмуомила бўлиш учун ҳам вақтимиз етмаётгандек туйилади. Менинг назаримда, ёнимиздан ўтаётган нотаниш инсонлар учун қилинган кичкик-кичик хайрли ишларимиздан йиғилиб дунёни ўзгартиришга, уни яхшироқ, янада гўзалроқ қилишга қодир бўлган улкан эзгуликлар юзага келади.

Агар таъбир жоиз бўлса, мен сизга кундалик ҳаётимиздаги озгина илиқлик, самимият ва меҳрнинг ҳар биримиз учун нақадар муҳим эканлигини эслатмоқчиман.

Кунлардан бир куни ёш бир аёлнинг уйида кактус гуллади. Ҳолбуки, у худди бадқовоқ ва дағал ҳовли қоровули каби 4 йилдан бери дераза токчасида серрайиб турар эди, кутилмаганда ёқимли воқеа содир бўлди. Негадир мени ёвуз, бағри тош ва ярамас деб ҳисоблашади, — деб ўйлади аёл. Бунинг ҳаммаси бекор гап, бағритош ва разил одамларнинг кактуслари ҳеч қачон гулламайди.

У гуллаган кактус ҳақидаги ширин хаёллар билан кетаётиб, метрода эзма бир эркакнинг оёғини босиб олди. Эркакнинг танбеҳига жавобан у одатдагидек: ”Агар сиз шунчалик нозик тўра бўлсангиз, у ҳолда таксида юринг!” деб бақирмасдан, — ёқимли жилмайди: — Илтимос мендан аччиқланманг, ушлаб туриш учун тутқич йўқ экан, агар ҳоҳласангиз – марҳамат сиз ҳам менинг оёғимни боса қолинг шунда орамиз очиқ бўлади.

Аёлнинг қилиғини боплаб жазоламоқчи бўлган эркак унинг гапларидан шошиб қолди ва ҳечқиси йўқ дегандай кулиб қўйди. У ўзининг бекатида тушиб қолди ва газета сотиб олиш баробарида, қайтимни санаб адашган сотувчи аёлни эси паст сигир деб сўкиш ўрнига, унга қараб: — Ҳечқиси йўқ, яна бир марта санаб кўринг, мен ҳам эрталабдан ҳисоб-китобда адашаман – деди.

Бундай жавобни кутмаган сотувчи аёлнинг кўнгли эриб кетди ва доимий харидор, унинг устига вақтли матбуот ўқишни яхши кўрадиган, бироқ ҳар куни биттагина арзон газета харид қилувчи – нафақахурга иккита эски журнални ҳамда бутун бошли бир тахлам эски газеталарни бериб юборди.

Мамнун бўлган эркак бир қучоқ газета ва журналлар билан уйига қайтди. Юқори қаватда яшовчи қўшни аёлни учратиб, у билан ҳар кунги мавзуда жанжал кўтармади: “сизнинг болангиз хонада филга ўхшаб юради ва дам олишимга халақт беради, яхшироқ тарбия бериш керак”, дейиш ўрнига унга қараб: — Қизингиз катта бўлиб қолибди. Ҳайронман, у кимга кўпроқ ўхшайди сизгами ёки отасигами, лекин аниқ биламан соҳибжамол бўлади, менинг кўзларим алдамайди, мана кўрасиз.

Қўшни аёл боласини боғчага топшириб, ўзининг иш жойига рўйхатга олиш бўлимига келди ва кечаги кунга ёш доктор қабулига ёзилган, аммо бугун келган паришонхотир қари хотинга ўдағайлаб қичқириш ўрнига, мулойимлик билан шундай деди: — майли, ҳечқиси йўқ хафа бўлманг, мен ҳам баъзан ишларимни унутиб қўяман. Сиз бир дақиқа ўтириб туринг, мен докторга кириб аниқлайман, балки у сизни бугун қабул қила олар.

Доктор қабулига кирган кампир: касаллигидан тезда фориғ қиладиган, тез кор қиладиган аммо қиммат бўлмаган дорини ёзиб беришларини, агар бундай бўлмаса энг юқорига, ҳаттоки инсон ҳуқуқлари бўйича Страсбург маҳкамасигача арз қилишини талаб қилиш ўрнига, чуқур тин олди ва деди: — «Албатта менинг эсим кирди-чиқди бўлиб қолган, тушунаман, қариликни даволаб бўлмайди, лекин доктор ўғлим ишга келгандек доим қабулингизга келиб безор қилганим учун сиз мени кечиринг» деди.

Сўққабош доктор эса кечқурун уйига кетаётиб, тўсатдан қари кампирни эслади ва унга раҳми келди. Дафъатан у ҳаётнинг ўткинчи эканлиги, умрининг одатий елиб югуришлар билан ўтиб кетаётганлигини ўйлаб қолди ва ногаҳон юз берган ички ҳаяжон ва жўшқинлик таъсирида, энг яқин супермаркет олдида тўхтади, бир даста гул, атиргул кремли торт сотиб олди ва бутунлай бошқа томонга қараб кетди. Уй олдида тўхтаб, учинчи қаватга кўтарилди ва эшикни қоқди.

Саломлашди ва деди, қаранг мен бир нарсани ўйлаб қолдим, нега энди биз худди қумли майдончада ўйнаётган болалар сингари талашиб тортишишимиз керак. Мана мен сизга торт харид қилдим, бироқ мен билмасдан унинг устига сумкамни қўйибман ва у бир оз эзилди. Аммо ҳечқиси йўқ деб ўйлайман чунки бу унинг таъмига таъсир қилмайди. Мен сизга яна гуллар харид қилдим, фақатгина улар ҳам шу сумка билан озгина эзилган. Балки гуллар яна ўз ҳолига келар, нима дейсиз?

Албатта ўз ҳолига келади, — жавоб берди аёл, биз уларни жонлантирамиз. Менда сиз учун янгилик бор. Сиз тасаввур қилинг, мен бугун эрталаб ўйғондим, деразага қарадим, не кўз билан кўрайки кактусим гуллабди. Кўраяпсизми?


Манба: usm.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бировларга қилган яхшилигингиз, албатта ўзингизга қайтиши ҳақидаги оддий ҳақиқат