21:05 / 06.03.2018
6 289

Чойхўр ўзбеклар. Кўк чой — қора чой: қай бири афзал?

Чойхўр ўзбеклар. Кўк чой — қора чой: қай бири афзал?
Чойни яхши кўрамиз. Довруғи дунёга кетган паловхонтўрасиз ҳафта-ой чидармиз, аммо чойсиз... Вилоятларда кўк чойга ўрганишган, пойтахтликларга эса қора чой маъқулроқ. «Рангли» тафовут аста-секин йўқолиб боряпти, аммо «эски баҳс»лар тўхтаган эмас: Кўк чойми ё қора чой?

Дунёнинг «чой харитаси»
Дунёда қаҳвани севувчи мамлакатлар бор, дунёда чойхўр мамлакатлар бор. Ана шу «девор» юз йиллар олдин тикланган. Таниқли тадқиқотчи В.Похлёбхин «Чой» китобида ёзишича, Ғарбий Европага чойни даставвал XVI асрда Хитойдан олиб келишган. Аммо орадан юз йил ўтиб, 1664 йили Ост-Индия компанияси инглиз қиролига ўта нодир топилма сифатида икки фунт (900 грамм) чойни совға қилганидан кейин у урфга кирди. Аста-секин Англиядан Европанинг бошқа мамлакатларига тарқай бошлади. Аммо уни сотиб олишга фақат бой ва зодагонларнинг қурби етарди.

Европада чой қаҳва ва какаонинг қаттиқ қаршилигига дуч келди, натижада Франция, Испания, Италия, Австрия ва Германия «қаҳва мамлакатлари»га айланди. Қаҳва ва какао бу мамлакатлар босиб олган ерлардан келтирилгани учун арзон эди, Хитой эса чойни арзонга сотишни истамаган. Британия империяси давридан бепул ҳинд чойини ичишга ўрганган инглизлар, шунингдек, ирланд, шотланд, уэлсликлардан ташқари, қарийб бутун Европа кўпроқ қаҳва ичади.

Хитой билан азалдан карвон йўллари орқали савдо-сотиқ қилган Марказий Осиё халқлари эса қаҳва ва какао билан ҳали инсоният яхшироқ танишиб улгурмай туриб чойхўрликка берилганди. Минг йил олдин Абу Али ибн Сино шундай ёзганди:

Чой танани тозалаб, руҳни мустаҳкамлайди, юракни юмшатиб, фикрларни уйғотади, танбалликни ҳайдайди.


Ҳа, биз нафақат «чой мамлакати», балки дунёдаги энг чойхўр халқмиз. Euromonitor International ташкилотининг 2016 йилги «Чой ёки қаҳва?» номли ҳисоботида келтирилишича, ўзбекларнинг 99,6 фоизи чойни маъқул кўради. Кейинги ўринларда Кения (99,2), Озарбайжон (99,1), Покистон (99) ва чойнинг ватани — Хитой (98,9 фоиз).

Шу ташкилотнинг «Энг катта чой бозорлари» рейтингида 2016 йили Ўзбекистон ТОП-15га кирди: унда мамлакатимизда йилига 5,3 миллион литр чой ичилиши қайд этилган.

Қизил ва қора
Ферментация қилинган чойни қора чой деймиз. Дарвоқе, Хитойда уни қизил чой (қизғиш-тўқ сариқ ранги учун) дейишади. Ферментация чоғи айрим хусусиятларини йўқотгани учун бу чойнинг кўк чойга нисбатан фойдали жиҳатлари оз дейишади.

Фойдаси. Кунига ичилган уч-тўрт пиёла қора чой юрак-қон томир касалликлари ривожланишини камайтиради, дейишади. У B гуруҳи, P ҳамда PP дармондориларига бой, таркибидаги ошловчи моддалар ошқозон ишини енгиллаштиради. Қора чой кўнгил айнишини қолдиради, иммунитетни кучайтиради, тетиклаштиради ва кайфиятни кўтаради. Қон босими паст одамларга қора чой кўпроқ тўғри келади.

Зарари. Глаукомаси бор инсонлар ичмаслиги керак — қора чой кўз босимини оширади. Ҳомиладорлар, қон босими юқорилар, аритмияси, варикоз ва атеросклерози бор кишилар уни чекланган миқдорда ичишлари шарт.

Кўк — ёшлик рамзи
Фойдаси. Ферментация қилинмагани учун кўк чойнинг фойдали хусусиятлари кўпроқ: A, B, B1, B2, B15, C, P дармондорилари, фтор, калий, мис, рух, цинк каби моддаларга бой (уларнинг тури 300дан ошади).

Таркибидаги антиоксидантлар эрта қаришдан асрайди. Танадаги заҳарли моддаларни чиқариб юборади, онкологик хасталиклар хавфини пасайтиради, қалқонсимон без фаолиятини барқарорлаштиради. Таркибидаги кофеин моддаси тетиклаштиради. Кўк чой тишлар учун ҳам фойдали, вирусларга қарши курашувчи. Моддалар алмашинувини яхшилагани учун озаётганларга тавсия қилинади.

Зарари. Қон босими, ошқозон касалликлари бор кишилар кўк чойдан эҳтиёт бўлишлари шарт. Соғлом одамга ҳам кунига кўк чойни 3-5 пиёладан кўп ичиш тавсия қилинмайди. Меъёрнинг бузилиши қон босимининг ўйнашига, гиперфаоллк ва уйқунинг бузилишига олиб келиши мумкин.

Хуллас, кўк чойми — қора чойми, ҳар ким ўз таъбию соғлиғига қараб танлаб олаверади. Муҳими, чой сизни тетиклаштириб, кайфиятингизни кўтарса бас.

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Чойхўр ўзбеклар. Кўк чой — қора чой: қай бири афзал?