22:02 / 16.03.2018
10 263

Мунажжимлар башорати: 17 март куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қилмоқда?

Мунажжимлар башорати: 17 март куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қилмоқда?
ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)
Эрталабдан сизга омад кулиши аниқлашади. Кайфиятингиз аъло кўринишда уйқудан уйғонасиз. Иш жойингизда ҳам сокинлик ҳукм суради. Ҳеч ким ўзининг бўлар-бўлмас маслаҳатлари, фикрлари билан ишлашингизга халал бермайди. Башарти халал берадиганлар топилиб қолса, унга бор истеъдодингизни намойиш эта бошланг. Яқин кишингиз кечки пайт сизга кутилмаган совға тайёрлаб қўйиши кутилади. Демак, кечқурун асосий вақтингизни жуфтингизга бағишлашингиз керак бўлади. Саломатликни асраш ҳам эсингиздан чиқмасин!

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)
17 мартда тадбиркорларга янги шартномалар имзолаш ҳаракатида бўлиш ва ҳамкорларни чуқурроқ ўрганиб чиқиш тавсия этилади. Бу ишни сиз тушга қадар уддалайсиз. Баъзиларнинг шахсий ҳаётида туб бурилиш юзага келиши мумкин. Лекин ушбу бурилиш сиз учун жуда ёқимли кечади. Куннинг иккинчи ярмида ўз айбингиз билан дўстлардан кимнидир ранжитиб қўйишингиз эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Кечқурун тоза ҳавода сайр қилиб, сут маҳсулотларидан тайёрланган таом истеъмол қилинг.

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)
17 март куни келгусидаги мартабангиз, мавқеингиз билан чамбарчас боғлиқ одамга рўбарў бўласиз. У билан янада яқин бўлиш учун ҳаракат қилинг. Бу ишда сўзлар ҳаракатга қараганда кўпроқ бўлиши мумкин. Лекин қўрқинчли жойи йўқ. Пул олиш масаласида ортга суришлар бўлиши мумкин. Бу ҳам вақтинча. Тадбиркорлардан кимдир ҳамкорлар билан келиша олмай қолиши ва оқибатда янги ҳамкор қидириш пайида бўлиши кутилмоқда. Кечқурун ёши улуғ қондошлар ҳолидан албатта хабар олишингизни юлдузлар маслаҳат беришади.

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)
Бугун олдингизда бир дона муаммо кўндаланг туриши мумкин. Бу яқин инсонингиз билан орангиздаги муносабатлар бузилишидир. Муносабатлар аллақачон боши берк кўчага кириб улгурган. Энди уни қайтариб ёруғ дунёга олиб чиқиш қолади. Бу осон кечмайди албатта. Агар дўстлар маслаҳатига қулоқ тутсангиз, бахтли онларингиз яна ўзингизга қайтган бўларди. Иш жойингизда муаммолар кўзга ташланмайди. Аксинча, айримлар мукофот пули олиб оғзи қулоғида уйга қайтиши мумкин. Кечки сайрни бошқа кунга қолдиринг.

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)
17 мартда ниҳоятда ўзингизни қўлга олган ҳолда, оғир-босиқликка амал қилиб атрофдагилар билан мулоқот қилинг. Ўзингиздан ёши улуғ, тажрибаси кўпроқ бўлган одамларга ҳурмат бажо айланг. Янги танишувларга дуч келиш керак бўлса, қалбингизга маслаҳат солинг. У сизга яхши-ёмонни дарров ажратиб беради. Оиласизлар кечқурун ўзига ёққан инсон билан танишиб, қалбида муҳаббат ҳиссини туя бошлашлари мумкин. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Оилада ён беришдан нарига ўтманг.

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)
Кунингиз енгил кечмаслиги тайин. Аммо иш масаласига бунинг боғлиқлик ери йўқ. Иш бир маромда бўлади. Фақат шахсий ҳаётда турли келишмовчиликларни бошдан кечиришингиз мумкин. Лекин қизишманг. Қариндошларга, яқин инсонингизга нисбатан дипломатларча муносабат юритишга ҳаракат қилинг. Сурункали хасталикка чалинган бўлсангиз, атмосферада давом этаётган магнит бўронларидан сақланинг. Дориларни ўз вақтида ичишни унутманг.

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)
17 март куни эмоцияни вақти-вақти билан жиловлай олмай қолишингиз кутилади. Бу натижада депрессияга олиб келиши ҳам ҳеч гап эмас. Бундан ташқари, атрофдагиларнинг қайсидир бири билан жанжаллашишингиз ҳам мана шу эмоция деган ярамас сабабли юзага келади. Шунинг учун камгапроқ бўлинг, ўзгаларни кўпроқ тингланг. Башарти саломатлигингиз ёмонлаша бошлаганини сезсангиз-у, олис сафарга отланиш арафасида бўлсангиз, бу сафарни ортга суринг ва врач кўригига боринг. Молиявий масалада тежамкорроқ бўлинг.

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)
Бугунингиз ҳам яхши, ҳам ёмон кечиши мумкин. Яхшилиги шундаки, ишларингиз бароридан келади. Киссангиз пулга тўлади. Ишхонадаги ҳамкасблар билан ширин суҳбатлар қурасиз, кайфиятингиз кўтарилади. Ёмони эса шахсий ҳаёт билан боғлиқ. Жуфтингиз билан жиқиллашиб қолишингиз эҳтимоли бор. Бугун тижорат билан шуғулланишни бошлаш, билим олиш ва саёҳатга отланиш омадли кечади. Муҳаббатда ҳис-туйғуларни занжирбанд ҳолатда ушланг. Ҳасадгўйларни кўриб қолсангиз, айланиб ўтинг. Сизни кўрмай қўя қолишгани дуруст.

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)
17 март куни ҳар галгидек сокин ва хотиржамликда иш бошлайсиз. Тажрибага бойлигингиз ва тўғри сўзлилигингиз сизга фақат фойда беради. Молиявий муаммоларни бартараф этишда фаолроқ бўлмасангиз, улоқни бошқалар илиб кетиши турган гап. Кечқурун тадбиркорлар муҳим ҳужжатларни имзолаш, расмийлаштириш билан банд бўлишлари кутилмоқда. Иложи бўлса, бугун эртароқ ухлашга ётинг. Тушларингиз тотли кечиш эҳтимоли бор. Мазлумларни кўриб қолсангиз, албатта қайсидир жиҳатдан ёрдам кўрсатинг, илтимос!

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 20. 01)
Молиявий муаммоларни ижобий ҳал этишга уринишларингизда муваффақиятсизликлар кўзга ташланиши мумкин. Аммо яқин дўстлардан бири сизга жуда қимматли маслаҳат беради. Агар шу маслаҳатга қулоқ тутсангиз, пул деганининг ўзи сизни қидириб келади. Яқин қондошлардан кимдир сизга нисбатан совуқ муомалада бўлиши мумкин. Босиқлик билан бу вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қилинг. Кечқурун ё оммавий тадбир, ё кичик байрам зиёфатида иштирок этишингиз кутилади.

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)
17 мартни севимли инсонингиз билан биргаликда ўтказгингиз келиб қолади. На иш, на мавқе, на пул сизни қизиқтиради. Ким бугун саёҳатга отланган бўлса, албатта бу саёҳати ёқимли кечади иншооллоҳ. Янги танишлар орттирасиз, дунёни кўргандек бўласиз. Кечқурун ҳам зерикишга вақтингиз бўлмайди. Ё олисда яшайдиган қариндошингиз меҳмонга келади, ё жуфтингизни олиб кинога боришингиз эҳтимолга яқин.

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)
Кунингиз жуда унумли кечади. Айниқса тижоратчилар, бозорчиларнинг куни туғади. Байрам арафаси бўлгани учунми, савдо деганининг охири бўлмайди. Фақат муомалада эҳтиёт бўлсангиз, мулойимроқ муносабат юритсангиз бас. Оила қурмаганлардан кимдир танлагани тарафидан алданиши кутилади. Сергак туринг. Молиявий масалада бадавлат танишлардан бири ёрдам қўлини чўзади.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Мунажжимлар башорати: 17 март куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қилмоқда?