23:10 / 17.03.2018
10 078

Мунажжимлар башорати: 18 март куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қилмоқда?

Мунажжимлар башорати: 18 март куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қилмоқда?
ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)
Барча ишларингиз бароридан келади. Лекин майда-чуйда юмушларга ҳам эътибор қаратиб қўйишингиз шарт. Тақдир кутилмаганда сизга ғойибдан етказадиган совғаларни қўлдан чиқармасликка ҳаракат қилинг. Бўлар-бўлмас суҳбатларга аралашиб қолишдан сақланинг. Бу шахсий ҳаётингизда кўнгилсизлик келтириб чиқариши мумкин. Агар жуфтингиз билан боғлиқ суҳбатга аралашсангиз, бир кун келиб орадаги муносабатларингизга путур етиши ҳам ҳеч гап эмас.

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)
18 март куни пул масаласида хасислик қилманг. Яқинларингиз ёрдам сўраса, беринг, ҳарқалай улар жигарингиз. Мабодо яқин инсонингизга кутилмаган совға ҳозирламоқчи бўлсангиз, иш орасида вақт топиб ўша харидни амалга оширинг. Молиявий муаммолар бугун сизга чўт бўлмайди. Бироқ саломатликка алоҳида эътибор зарур. Агар бўғимлар қақшаб оғриса, бел қисмингиз азоб бера бошласа, албатта врач кўригидан ўтишингиз лозим бўлади. Бугун саунада чўмилиш ва спортнинг енгил турлари билан шуғулланиш омадли кечади.

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)
18 мартда бажаражак ишингиз доирасида шубҳага йўл берманг. Қандай иш бўлишидан қатъи назар астойдил енг шимарган ҳолда ҳаракатни бошланг. Агар миянгизда ишингиз билан боғлиқ ажойиб ғоялар пайдо бўлса, уларни ўзингиз мустақил равишда ҳақиқатга айлантиринг. Муҳаббатда қасам ва ваъдаларга ишониб қолманг. Ҳамкасблар қаршисидаги ҳурматингизни янада ошириш пайида бўлинг.

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)
Молиявий масалада баъзи тўсиқлар, тушунмовчиликларга дуч келсангиз, дарров асабийлашишга тушиб кетманг. Улар ўз маромида ижобий ҳал бўлади. Сиз, яхшиси, глобал ишларга асосий эътиборни қаратинг. Ўшалар сизга ўзингиз кутган даромадни ҳадя эта олади. Оила аъзоларингиз, жуфтингиз билан муносабатларда кескинликка эрк бериб қўйманг. Интернет орқали баъзиларга қўшимча даромадли иш таклиф этишлари мумкин. Рози бўлаверинг.

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)
18 март куни эрталаб кимдир сизга қўнғироқ қилади-да, иш юзасидан жиддий гаплашиб олишни таклиф этади. Шу нарса сизни сергак торттиради. Шахсий бизнеси бор дўстларимиз бировларнинг ишига аралашмай қўя қолганлари маъқул. Меҳнат таътилига чиқиш, саёҳат ва табиат қўйнида дам олиб қайтиш бугун муваффақиятли кечади. Кимдир анчадан бери спорт билан шуғуллана бошлашни ва зарарли одатлардан воз кечишни истаган бўлса, ўша фурсат етди. Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)
Атрофдагилар билан мулоқотда жуда эҳтиёт бўлинг. Уларга ишониб қолманг. Эски қадрдонлар билан ҳам ҳушёрликда муносабат юритишингизга тўғри келади. Чунки уларнинг қайсидир бири сизга қарши иш тутишни мўлжаллаб юрган бўлиши мумкин. Майли, агар ёмонлик қилса ҳам сиз қасд олиш фикридан йироқ бўлинг. Худога солинг, худонинг ўзи ҳисоб-китобини қилади. Муҳаббатда жуфтингиз ё танлаганингиз сизни танқид остига олиши мумкин. Танқид эшитмаслик учун зарарли одатлардан воз кечишингиз зарур бўлади.

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)
18 мартда тадбиркорлар янги ҳамкорлар билан учрашувга отланишлари кутилади. Эҳтиёт бўлинг. «Синалмаган отнинг сиртидан ўтма» деб бекорга айтишмаган. Муҳаббат бобида жиддий хатоларга йўл қўйишни хоҳламасангиз, фақат қалбингиз амрига бўйсунган ҳолда иш тутинг. Атрофдагиларнинг маслаҳатларини инобатга олманг. Бу суюклигингиз билан ўзаро муносабатларга путур етказади. Саломатликни эҳтиётланг. Кечқурун тоза ҳавода сайр қилинг.

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)
Хаёлпарастлик, бўлиши мумкин бўлмаган нарсаларни орзулаб ётишни тўхтатинг-да, ҳаётга реал назар билан боқинг. Мавқени ошириш пайида бўлинг. Ўтмишдаги хатоларни унутинг. Бугунги кун билан яшанг. Бунинг учун сизда тафаккур ҳам, матонат-у бардош ҳам етиб ортади. Кечқурун дўстлардан бири ҳақида ёқимсиз хабар эшитишингиз мумкин. Айримлар эса яқин манзилга сафарга чиқиши кутилмоқда. Саломатликни асранг.

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)
18 март куни ишингиз билан боғлиқ энг зарур ахборотларни тўпланг. Ана шундан кейин ишга киришинг. Бу амал сизга фақат фойда келтиради. Башарти янги иш топмаган бўлсангиз, эскисидан асло воз кеча кўрманг. Кимлардир истасангиз-истамасангиз, маслаҳат беришни бошласа, тинглаш билан чекланинг. Асабийлашманг. Серқатнов йўлларда, айниқса, кечқурун эҳтиёткорликни қўлдан бой берманг. Куннинг иккинчи ярмида баъзилар меҳмондорчиликка йўл олишлари ҳам эҳтимолдан холи эмас.

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 20. 01)
Эрталабдан то кечга қадар ҳаётингизда бир олам ёрқин ва қувончли ҳодисалар юз бериши кутилмоқда. Улар орасида қариндошлардан бирининг никоҳ тўйи ҳам бўлиши мумкин. Кутилмаганда қўлингизга келиб тушадиган даста-даста пуллар қалбингизда росмана байрам бошланишига сабаб бўлади. Тежамкор бўлаверинг. Пул қўлнинг кири. Пулларни энг зарур нарсаларга ишлатсангиз фойдадан холи бўлмайди. Кун давомида ҳазил-мутойибани ҳамроҳингизга айлантиринг.

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)
18 март куни қовға буржи остида таваллуд топганлардан айримлари яқин инсонидан ажойиб совғани қабул қилиб олиши кутилмоқда. Бу совға кўнглингизни тоғдек кўтариб, муносабатларингизни янада яхшилаш хусусида ўйлай бошласангиз ажаб эмас. Ижодкорлар кун давомида илҳом келмаслиги оқибатида яхшигина асабийлашиб олишлари мумкин. Моддий аҳволингиз аъло даражада бўлмаса-да, пулсиз қолмайсиз. Иншооллоҳ, қора қозон албатта қайнайди. Хотиржам бўлинг!

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)
Эрта уйғонинг, керакли одамларга қўнғироқ қилинг, шахсий ва молиявий муаммоларни таниш-билишлар кўмагида ҳал қилиш ҳаракатига тушинг. Бардошли ва матонатли бўла олсангиз, ишларингиз албатта унумдор кечади. Аёллар ва қизлар учун бугун гўзаллик салонига бориш, ёқимли харидларни амалга ошириш ва врач кўригидан ўтиш ёқимли кечади. Зинҳор оқимга қарши сузманг.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Мунажжимлар башорати: 18 март куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қилмоқда?