12:46 / 29.03.2018
23 048

Шайтоннинг васвасасидан сақлайдиган калима

Шайтоннинг васвасасидан сақлайдиган калима
Қачон Қуръон ўқисанг, Аллоҳдан қувилган шайтондан паноҳ сўрагин.

Яъни «Аввал «Аъуузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм»ни айтиб туриб, кейин Қуръон қироатини бошлагин». «Аъуузу биллаҳи»ни айтиш Қуръони Карим тиловати учун тилни поклайди. Кишини Аллоҳнинг Китоби бўлмиш Қуръони Каримни ўқишга тайёрлайди. Шайтоннинг васвасасидан сақлайди. Бутун вужуди ва шуурини Аллоҳ томон буради. Ушбу ояти каримадан уламоларимиз Қуръон ўқишни бошламоқчи бўлган ҳар бир инсонга «Аъуузу биллаҳи»ни айтиш вожиблиги ҳукмини чиқарганлар. Чунки Аллоҳ шунга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амри ҳар бир мўминга вожиб. Уни қилмаган одам гуноҳкор бўлади.

«Наҳл» Албатта, иймон келтирганларга ва Роббларига таваккул қилганларга у(шайтон)нинг ҳукмронлиги йўқ.

Шайтон қанча уринмасин, қанча васваса қилмасин, Аллоҳга иймони бор одамни йўлдан ура олмайди. Чунки мўмин одамнинг қалби Аллоҳга боғлиқ бўлади. Аллоҳга боғлиқ қалбга эса на васваса таъсир қилади ва на ғулғула тушади. Аллоҳгагина таваккул қиладиган, фақат Унгагина суянадиган мўминлар бошқа томонга умуман қиё боқмайдилар. Шунинг учун ҳам шайтон мўминга ва Аллоҳга таваккул қилувчи шахсга султонини – ҳукмини ўтказа олмайди.

«Наҳл» Унинг ҳукмронлиги фақат уни дўст тутадиганларга ва у сабабли мушрик бўлганларга, холос.

Шайтонни ўзига валий ва дўст этиб олганлар бўлса, албатта, шайтон уларга эга бўлиб, ҳукмронлигини ўтказади. Шунингдек, шайтон сабабли мушрик бўлганлар бўлса, унга ибодат қилиб, Аллоҳга ширк келтирган ёки шайтон васвасасига учраб, бошқа нарсаларни Аллоҳга шерик қилганлар бўлса, уларга ҳам шайтон ўз ҳукмронлигини ўтказади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.
"Тафсири Ҳилол" китобидан.

Манба: Islom.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Шайтоннинг васвасасидан сақлайдиган калима