12:14 / 09.04.2018
6 505

Руҳий тушкунликдан сақланинг

Руҳий тушкунликдан сақланинг
Чарчоқ, паришонлик, ғазабланиш, мақсадсизлик — буларнинг ҳаммаси руҳий тушкунликнинг белгилари ҳисобланади. Агар дарҳол чора кўрмасангиз, нафақат ишга бўлган қизиқишни, балки ишингизни ҳам йўқотишингиз мумкин.

Руҳий тушкунлик синдромидан кўпинча доимо одамлар билан ишлайдиганлар азият чекади, деб ҳисоблашади. Аммо бу бошқа касб эгалари бу муаммога дуч келишмайди, дегани эмас.

Дам олиш кунлари дам олиш учун берилади!

Йилда бир марта тўлақонли таътил олиш керак, деган ўзгармас қоидага аниқ амал қилинг. Таътил пайтида ишдан қўнғироқ қилиб, безовта қилмасликлари учун масъулиятли ҳамкасбингизга ишингизни тушунтириб, у таътилга чиққанида сиз ҳам унга ёрдам беришингизни айтинг.

Дам олиш кунлари дам олиш учун берилишини унутманг. Уй йиғиштириш, кир ювиш, дазмол қилиш ва овқат тайёрлаш каби уй ишларида оила аъзоларингиз сизга озгина кўмаклашиб юборишса, маданий ҳордиққа ҳам вақт топилади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Иш жойингизда ҳам кичик танаффуслар қилишингиз мумкин. 1 соат берилиб ишлагандан кейин 10 дақиқа дам олинг. Бу вақтда чой ичиш, очиқ ҳавога чиқиш, ҳамкасблар билан бир оз ҳазил-ҳузул гаплар айтиб, кайфиятни кўтариш, яқинларингизга қўнғироқ қилишингиз мумкин.

Мақсад ва сабаб бўлсин!

Инсоннинг бирор ишни қилишдан мақсади, уни ишга боришга қизиқтирадиган сабаб бўлиши лозим.

Агар касбингиз ижтимоий аҳамиятга эга бўлиб, одамларга ёрдам беришингиз, уларнинг ҳаётини бир оз бўлса-да яхшилашга ҳисса қўша олишингизни кўрсангиз, ўзингизни керакли ва муҳим инсон деб ҳис қиласиз. Айримлар ҳамкасблардан яхшироқ ва муваффақиятлироқ бўлишга ҳаракат қилиб, ўзларини тез ишлашга мажбурлай олишади. Агар ўз муваффақиятингиз ҳам сизни қониқтирмаса, ишингиздан кўнглингиз тўлмаса, эрталаб ишга боришингизга арзийдиган яхши сабаб топишга ҳаракат қилинг. Жуда бўлмаганида, коммунал тўловларни тўлаш кераклигини ўзингизга эслатиб туринг.

Муваффақият учун соғлиғингизни гаровга қўйманг

Хизмат поғонасидан кўтарилиш ва шуҳратга эришиш — бу яхши, албатта. Аммо баъзида муваффақият кетидан қувиб, инсон ўзини ҳолдан тойгунча ишлашга мажбур қилади. Дам олиш кунлари ҳам ишлайди, тушлик қилмайди, ҳамма вақт иш ҳақида ўйлайди. Доимий зиқлик ва асабийлашишлар соғлиғингизга зарар етказади. Хизматда кўтарилишга интилишдан олдин бу мақсадингиз эгилмас роботга айланиб ишлашингизга арзийдими, йўқми, ўйлаб кўринг.

Муҳитни ўзгартириб туринг

Ҳар доим бир хил ва ўзгармайдиган иш одамни тезда зериктириб юборади. Шунинг учун вақти-вақти билан ниманидир ўзгартириб туриш керак. Янги кўникмаларни ўрганиб, зиммангизга янги вазифаларни олишингиз мумкин. Муҳитни ўзгартириш учун бошқа бўлимга ёки компаниянинг бошқа филиалига ўтишингиз, ўзингизга шогирд олишингиз ҳам мумкин. Асосийси — битта жойда туриб қолмаслик, янгиликка интилиш.

Руҳий тушкунлик синдромини даволашдан кўра, олдини олиш осон. Шунинг учун ўзингизни асранг, шуғулланаётган ишингизни яхши кўриб бажаринг, шунда ишдан завқ оласиз.

Манба: tasvir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Руҳий тушкунликдан сақланинг