00:07 / 19.04.2018
5 215

Бахт осмондан тушмайди

Бахт осмондан тушмайди
«Биз ҳеч қачон яхши оила бўлолмаймиз. Бугун аҳвол шу бўлса, эртадан нима умид? Йў-ўқ, бунга ҳозироқ нуқта қўйиш керак!»

Давримиз ёшларининг аксарияти оила ҳаётида кичиккина муаммога дуч келгани замон ана шундай тўхтамга келишади ва ўзларини ҳақ деб билишади. Аслида ҳам шундайми?

Тўғри, баъзан охири кўринмаган изтироблар ичра, ажралишдан бошқа имконияти қолмаган тақдирлар мавжудлиги ҳам бор гап. Лекин бизнинг тўхталмоқчи бўлганимиз бошқа – турмушнинг кичик синовлари қаршисида ожиз қолган, келажак кунлар келмасидан «ундай бўлса-чи, бундай бўлса-чи?» сингари ўйлар билан умидсизликка тушган жуфтликлар мавзуси. Келажак кунлар эса ҳали келмаган, балки унинг кундузу кечалари ўзлари билан бирга бахт келтирар… Шундай бўлгач, кичик кўнгилсизликларни бўрттириб, ёмон таъбир қилишдан нима маъно? Чунки ҳаёт гўзал тасодифларга тўла. Оила ҳаётида тушунмовчиликлар бўлади, бу шубҳасиз, аммо вақт ўтгани сари улар бартараф бўлиши ҳам тайин. Худди бўронли кеча ортидан қора булутлар ўз ўрнини қуёшли, чароғон тонгга бўшатгани каби…

Агар кузнинг шиддатли ёмғирлари, изғиринли еллари эсиб, қишнинг совуқ қорлари ёғиб, қаҳратонлари жонимизни ачитмаса, кўкламнинг тароватини қаердан билардик? Агар шундай бўлмаса, баҳор бизга хушбўй гулларини, дарахтлар яшил қўллари ила болдан-да ширин меваларини тутармиди?..

Зотан, эрта баҳорнинг ҳали қиш ҳавосини ўзида сақлаган шамоллари, ёмғирлари тупроқ остига яширинган гўзал гуллар, нозик ниҳолларнинг юз очмоғига заминдир. Оила ҳаётида ҳам шундай, қишнинг қаттиқ қаҳратонлари ортида, албат, баҳорлар бор. Бахту саодат манзилига тиканли сўқмоқлардан ўтиб борилади. Ҳаммамиз ҳам бу йўловчилик заҳматини она қорнидан бошламаганмизми? Кенг, ёруғ дунёга келгунча яшаганимиз муддатда ўша тор, қоронғу оламда эмасмидик?..

Ҳар бир она турфа қийинчиликлар, машаққатлар ичра тўққиз ой ҳомила кўтаради. Вақт-соати етиб, минг азоблар ичра туғилган чақалоғини қучоғига оларкан, чеккан жами оғриқларини унутади. Ҳеч бир онага чақалоғи кўкдан лайлак билан тушмаганидек, бахт ҳам осмондан ёғмайди. Шунга кўра, оила саодатини қучмоқ ҳам турмушнинг синовларига, вақти келса, аччиқ азобларига сабр қилиш билан. Зеро, ҳар қандай қийинчилик ортида енгиллик, ҳар зулмат тундан кейин мунаввар тонг бор.

Унутманг: энг гўзал гуллар қаҳратон қиш сўнгидаги баҳорда юз очади!
Манзура Шамс тайёрлади

Манба: mulohaza.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бахт осмондан тушмайди