18:57 / 14.06.2018
5 899

Рамазон эслатмаси: Ҳайит байрамида эркакларимиз нималар қиладилар?

Рамазон эслатмаси: Ҳайит байрамида эркакларимиз нималар қиладилар?
Ҳайит байрамларида ёшу қари, бойу камбағал барчалари шоду хуррам бўлиб, бир-бирларига хурсандчилик изҳор қилишади. Бу улуғ байрам Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари нишонланади. Мусулмонлар ҳамиша орзиқиб кутадиган ушбу икки ҳайит байрамларига тааллуқли бир қанча одоблар бўлиб, у сабабли банда кўплаб ажру савобларга эга бўлади. Жумладан:

Эзгу ният.
Ҳайит намозига чиқилар экан, зиммасидаги вожиб амални адо этишни ният қилади. Пайғамбаримиз Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўрсатмаларини бажариш нияти билан яхши кийимларини кийиб чиқади. Силаи раҳм, яъни қавму қариндошларини зиёрат қилишга ҳаракат қилади.

Ғусл қилиш ва хушбўйланиш.
Ювиниб тоза-озода бўлганидан сўнг ширин мушк ва атирлар билан хушбўйланиб чиқиш ҳам бу куннинг одобларидан саналади.

Яхши кийимлар кийиш.
Ҳайит кунида имкони бор киши янги кийим кийиши мустаҳаб бўлади. Чунки бу иш Аллоҳ таолонинг бандасига берган неъматларини изҳор этиш, шоду хуррамлигини намоён қилиш ҳамдир.

Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишдан олдин ҳеч нарса емаслик.
Қурбон ҳайитида Рамазон ҳайитининг акси ўлароқ то ҳайит намози адо этилгунича таомланмаслик, балки сўйган қурбонлигининг гўштидан ейиши суннатдир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қурбонлик кунида намоз ўқигунларича таомланмасдилар (Термизий ривояти).

Ҳайит намозига эрта бориш.

Барро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хутба қилаётиб бундай деганларини эшитганман: “Ушбу кунда биринчи қилинадиган иш байрам намозини ўқишдир, сўнгра қурбонлик қилишдир. Кимки шундай қилган бўлса, албатта бизнинг суннатимизга эргашибди” (Имом Бухорий ривояти).

Масжидга пиёда юриб бориш.
Агар йўл узоқлик қилмаса, қору-ёмғир ёғмаётган бўлса ёки касал бўлмаса ҳайит куни намозгоҳга пиёда юриб бориш суннат ҳисобланади.

Масжидга боргунича овозини чиқариб таҳлил ва такбир айтиб бориш.

Ҳайит намозини ўқиш учун уйдан чиқилган пайтдан то намозгоҳга етиб боргунча “Ла илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар” ларни айтиб бориш ҳам суннат ҳисобланади. Ушбу суннатни адо этиш Ислом шиорини изҳор қилиш ва ҳайит байрами келганидан шодланиш ифодаси, ҳамда ушбу куннинг олдинги ва кейинги кунлардан фарқли кун эканини барча инсонларга билдириш ҳисобланади.

Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик.
Ҳайит намозига етиб борганидан сўнг таҳийятул масжид ёки бошқа бирор нафл намоз ўқимасдан таҳлил ва такбирлар айтиб зикр қилиб ўтириш суннатдир.

Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Иъйддан олдин ҳеч нарса ўқимас эдилар, қачон манзилларига қайтсалар икки ракаат намоз ўқирдилар” (Ибн Можа ривояти).

Бир-бирлари билан кўришиб, ҳайит билан муборакбод этиш.
Инсонларнинг бир-бирлари билан кўришишлари ва ҳайит байрами билан қутлашлари ҳам барчанинг кўнглига хурсандчилик улашадиган бу куннинг одобларидан ҳисобланади. Яъни “Аллоҳ биздан ҳам сизлардан ҳам қабул қилсин” маъносидаги тилаклар билдириш яхши саналади.

Масжиддан уйига қайтишда бошқа йўлдан қайтиш.
Ҳайит куни намоздан уйига қайтишда борган йўлидан бошқа йўлдан қайтиш ҳам суннатдир.

Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қачон Иъйд куни бўлса, йўлни фарқли қилардилар” (Имом Бухорий ривояти). Ҳайит куни ўзига яқин бўлган масжидга пиёда юриб борилса, намозга бориб келишдаги босган қадамлари ададича савоблари ҳам кўпаяди. Шунингдек, йўлдаги тирбандликларнинг олди олинади.

Қавму қариндошларни зиёрат қилиш.
Қавму қариндошларнинг ҳолидан хабар олиш барча вақтда ҳам мусулмон кишининг зиммасидаги вазифа, ҳайит кунларида бу вазифа янада таъкидланган.

Қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш.

Ҳайит муносабати билан қўни-қўшниларга таом улашиб, уларни зиёрат қилинса, хурсандчиликлар янада зиёда бўлади.

Турли исрофгарчиликлардан тийилиш.

Ҳайит байрамида хурсандчилик қилаётган мусулмон шариатда ман қилинган ишлардан тийилиш лозим. Чунки бу кунда қилинган хайрли ишларнинг савоби улуғ бўлганидек, ношаръий ишларнинг ҳам гуноҳи каттадир. Гўё “ҳайитда рухсат” дегандек турли ношаръий ўйин-кулгуларга машғул бўлиш ёки аксинча шариат байрам қилиб белгилаган кунни азага айлантириш ярамайди. Зеро ҳайит куни ҳам мусулмон кишининг бошқа кунлари сингари яхшилик ва хайр-барака куни бўлиши, гуноҳ ва маъсиятлар содир этадиган кун бўлмаслиги керак.

Ёш болаларни хурсанд қилиш.

Ҳайит байрамида ёш болаларни хурсанд қилишга, бу куннинг бошқа кунлардан фарқли мусулмонларнинг байрами эканини англатишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда уларга ҳайитлик совғалар улашиш, ҳайвонот боғларига ёки ўйингоҳларга олиб бориб ўйнатиб келиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, ҳайит байрамининг шодликларидан эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини ҳам баҳраманд қилишга уриниш комил мусулмонлик белгиларидан биридир. Зеро ҳар бир воқеа ёш боланинг онгида тошга ўйилган нақш каби сақланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Рамазон эслатмаси: Ҳайит байрамида эркакларимиз нималар қиладилар?