09:25 / 11.07.2018
13 420

Пашшага айланган чаён...

Пашшага айланган чаён...
Қамоқдалигимда бир опер бўларди. Ҳар доим асабни бузадиган ҳақорат, мазах аралаштириб гапирарди.

- Нега ундай қиласиз? - деб сўрадим бир куни.

- Билмайсизми, опер бу чаён дегани. Касбимиз шу. Ниш уриб турамиз, - деб жавоб берганди ўшанда у...

Аммо у бечора билмайдики, аллақачон чаёнлиги тугаб, фақат ғашга тегишдан бошқа ишга ярамайдиган пашшага айланиб бўлган. Пашшани эса ҳатто ҳақорат ҳам қилиб бўлмайди. Чунки унинг ўзи ҳақоратдан ҳам паст...

У-ку бир опер. Уни одам қаторига қўшмаса ҳам бўлса керак. Аммо биз-чи? Биз мусулмонларга нима бўляпти? Айрим ўринларда бир-биримизга нисбатан чаёнлик ва ҳатто пашшалик қилиб қўймаяпмизми? Боз устига мана шу чаёнлигу пашшалигимизни динга хизмат, дин учун қайғуриш дея талқин қилмаяпмизми? Бир гапдан қолиш шунчалар оғирми? Айниқса, анави ифлос миршабнинг ўзбек аёлига нисбатан қилган разиллиги касофатидан одам ҳатто яшагиси ҳам келмай қолиб турган бир онларда бундай ишларнинг содир бўлиши янада аянчли, оғриқли, аламли эмасми?

Бу борада ҳозирча мен етиб келган чўққи шу бўляптики, агар менга нисбатан биров шундай чаёнлик ёки пашшалик қилса, кўпроқ истиғфор айтиб, шу ишнинг гуноҳларимга каффорат бўлишини сўрасам, қалбим анча хотиржам бўляпти. Аммо, мени таҳқирлайдиган сенмисан, таҳқирлаш қанақалигини сенга кўрсатиб қўяман, деган маънодаги васвасаларга берилсам, бебаҳо умрим - вақтим қанчалар тубан ишларга сарф бўлиб кетиб қолишини англагандек бўляпман. Аллоҳ бундан-да юксакроқ чўққиларга эриштирсин.

Биродарлар, кўзимизни очайлик. Бир тийиқсизга ўчакишиб, ҳаммамиз тийиқсизга айланиб қолмайлик.

Бировнинг дастурхонига қўниб, ғашга тегишни касб қилиб олган пашша бўлиб қолишдан ҳам, пашша қувиш билан овора бўлиб, дастурхонга қарамайдиган бебаҳра бўлиб қолишдан ҳам Аллоҳ асрасин!
Муқим Маҳмуд

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Пашшага айланган чаён...