22:43 / 29.07.2018
7 526

«Агар уялмасанг, билганингни қил»

«Агар уялмасанг, билганингни қил»
Абдуллоҳ ибн Маслама Қоънабий роҳимаҳуллоҳнинг тавбаси

Қоънабий Имом Моликнинг машҳур шогирдларидан ҳисобланиб, у кишидан жуда кўп ҳадислар ривоят қилганлар. Ўзлари буюк муҳаддислардан, имом Бухорий ва имом Муслимнинг устозлари ҳисобланадилар. Имом Бухорий ва имом Муслим ўз китобларида устозлари Қоънабийдан кўп ҳадислар ривоят қилишган.

Ривоят қилинишича Қоънабий ёшликларида ароқхўр, кўчада дайдиб юрадиган бир безори бола бўлган экан.

Бир куни ўзлари каби безори оғайниларини кутиб турсалар бир киши эшакда келяпти ва у кишининг атрофини жуда кўпчилик ўраб олган экан. Улар истарали, юзларидан нур сочилиб турган одамлар бўлганлиги сабабли бу манзара Қоънабийни ўзига жалб қилибди.

Қоънабий ароқхўр, безори бўлгани сабабли унда уят ҳам йўқ эди. Уларнинг олдига бориб «бу ким», деб сўради. Ёнларидаги инсонлар «Бу Шўъба ибн Ҳажжож бўладилар», деб жавоб беришди.

У замонда Басрада Шўъба роҳимаҳуллоҳни танимаган одам йўқ, ҳатто халифадан ҳам машҳур эди.

Бироқ Қоънабий безори, кўча боласи бўлгани сабабли танимасди (худди ҳозирги замонамиз ўспиринларига ўхшаб, ҳамма милиардер, санъат юлдузлари, футбол юлдузларини номма-ном билишади, аммо ислом олимларидан, тобеъинлардан, саҳобалардан деярли ҳеч кимни танишмайди).

Қоънабий:

– Ким у Шўъба, - деб сўради.

– Муҳаддис, - деб жавоб беришди.

– Муҳаддис нима иш қилади?

– Ҳадис айтади.

Қоънабий эшакнинг тасмасидан ушлаб, Шўъба роҳимаҳуллоҳга қараб «менга бир ҳадис айтчи» деди.

Шунда Шўъба роҳимаҳуллоҳ унинг ҳолатига назар солиб, ҳикмат билан:

Ибн Масъуд Уқба ибн Амр ансорийдан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Инсонларга пайғамбарлардан етиб келган сўз шуки – агар уялмасанг, билганингни қил!», деган ҳадисни айтиб бердилар.

Бу ҳадис Қоънабийнинг ҳолатларига мос эди, бу ҳадисдан Қоънабий қаттиқ тасирланди. Уйига қайтиб онасига: «Она уйдаги шаробларни тўкиб юборинг, оғайниларим келса уларни кетказиб юборинг», деб айтиб, ўзлари қаттиқ тавба қилдилар. Сўнгра Мадинаи мунавварага қараб йўл олдилар. Тўғри Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларига бориб имом Моликка шогирд бўлиб, натижада буюк муҳаддис бўлдилар.

У ерда илм таҳсил қилиб бўлганларидан кейин Басрага, она юртларига қайтдилар. Ҳидоятларига сабаб бўлган Шўъба ибн Ҳажжож роҳимаҳуллоҳни зиёрат қилиш мақсадида борсалар, улар вафот этиб бўлган эканлар.

Шу сабабли Қоънабий Имом Моликдан кўплаб ҳадис ривоят қилганлару, бироқ Шўъба роҳимаҳуллоҳдан фақат биргина «Агар уялмасанг билганингни қил!» ҳадисини ривоят қилган эканлар.
Абдуллоҳ КАМОЛ таржимаси

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Агар уялмасанг, билганингни қил»