Рисоладаги эрнинг 19 қоидаси

Рисоладаги эрнинг 19 қоидаси
Қуйидаги қоидаларга риоя этган эркак жуфти ҳалолини бахтиёр қилади, оиласига тотувлик, бахт-саодат олиб келади:

1. Аёлингизга меҳрибон бўлинг. Зеро, меҳр-муҳаббатнинг аҳамияти беқиёс.

2. Муносабатлар софлигига эътибор беринг. Ҳар куни муҳаббатга тўла сўзларни айтишни канда қилманг. Бу изҳор аёллар учун жуда муҳим.

3. Аёлингизга пашшага қилинадиган муносабатда бўлманг. Пашша бизни “чақиб олмагунича” у ҳақида ўйламаймиз... Аёл кун бўйи тинмайди. У эрини “чақиб оладиган” бир иш қилмагунича эр ҳам унга эътибор бермайди. Унга бундай муносабатда бўлманг. Аёлингиз қилган ҳар бир яхшиликнинг фарқига боринг, эътибор бериб туринг.

4. Бахтли никоҳ асоси садоқат, дўстлик, бир-бирини тушунишдир.

5. Аёлингизни кўрганда доим табассум қилинг, уни қучоғингизга олинг. Табассум садақадир. Аёлингиз бунга муносиб.

6. Эркак кишига “талоқ” сўзини айтиш ҳуқуқи берилган. Аммо буни эсдан чиқарган яхши. Вазият ажрашишгача бориб етганда, иложсиз қолгандагина, талоқ қилиш мумкин.

7. Аёлингиз учун кийининг, ҳар доим тоза ҳолда бўлинг, ўзингизга хушбўй нарсалардан сепинг. Эр аёлини доим чиройли кўринишини хоҳлаганидек, аёл ҳам эрининг кийинишини истайди.

8. Оилангиз учун вақт ажратиш биринчи галдаги вазифангиз бўлсин. Чунки завжангиз, болаларингиз сиз билан кўпроқ бирга бўлишни исташади.

9. Муаммоларни имкон қадар босиқлик билан ҳал қилинг. Айб аёлингизда бўлган тақдирдаям, “Ҳаммасига сен айбдорсан”, деб айтманг, кечиримли бўлинг.

10. Рафиқангизни заифа эканига кўпам урғу берманг. Барча муносабатларда унга ишонч билан қаранг.

11. Доим эътиборли бўлинг. Янги кўйлаги, пиширган таомларини мақташни унутманг. Аёлингиз таом тайёрлайди, уй тозалайди, бошқа юмушларни бажаради. Баъзан унинг қилган ҳамма ишлари учун эшитадиган раҳмати: “Овқатнинг тузи паст!” деган сўз бўлади...

12. Уй юмушларига кўмаклашинг. Аёлингиз таъби хира бўлиб турганда уй ишларига кўмилиб қолишига йўл қўйманг.

13. Бирон сабаб бўлмасаям совға-саломлар улашиб туринг. Совғанинг баҳосидан кўра эътибор аёл учун муҳим.

14. Унинг хоҳишларини кичик санаманг, аёлингизни таъминлаб қўйинг. Гоҳида эркаклар аёллари талабларига паст назар билан қарайдилар. Бундай қилиш нотўғри.

15. Баъзида хотинингиз қариндошларининг айрим ишлари сизга ёқмайди. Шундай пайтда бунинг учун хотинингизни айбламанг. Акс ҳолда муносабатлар дарз кетади.

16. Дўстларингиз, ҳамкасбларингиз билан алоқаларга чуқур киришиб, оилангизни унутиб қўйманг. Сиз оилада шундай муҳит яратингки, уйга қайтишингизни аёлингиз ҳам, фарзандларингиз ҳам интиқиб кутишсин.

17. Уйда гапириш оҳангига эътибор беринг. Буйруқ бериш, ҳақорат қилиш, сўкиниш умумий иқлимни бузади, фарзандларингизга салбий таъсир кўрсатади.

18. Ота-онангиз олдидаги мажбуриятларингиз жуда кўп. Уларни бажаринг, бироқ рафиқангиз ҳуқуқларини ҳам унутиб қўйманг.

19. Уйда суннат амалларни бажаринг. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мерос суннат амаллар эркак кишининг касб-корига барака, хонадонига бахт-саодат олиб келади.
Нигинабону АҲМЕДОВА

Манба: Azon.uz

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар