Юз минг киши иштирок этган видолашув ҳажида Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига қуйидагича васият қилдилар: “Эй инсонлар, хотинларнинг хақларига риоя этингиз. Улар билан шафқат, меҳр ила муомалада бўлингиз. Уларнинг ҳақлари хусусида Аллоҳдан қўрқингиз! Хотинлар сизга Аллоҳнинг омонатидир”.
Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал ахлоқи бутун башариятга намунадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни узоқдан кўрган киши ҳайбат, яқиндан кўрганлар муҳаббат туйғусини ҳис этарди. У зотнинг чиройли хулқлари турмуш тарзида яққол кўзга ташланарди.
Ул зот фақирона ҳаёт кечирганлар, оилаларида камтароналик ва самимият ҳукм сурган. Бутун бошли бир давлатни бошқарган бўлсалар ҳам кийимларини ўз қуллари билан ямар, арпа нон ер эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари шундай шароитда яшаб, ҳеч қачон нолимаганлар. Мўмина оналаримиз бошига тож кийиб, ер юзида хукмронлик қилган қанчадан-қанча подшоҳ, қирол, императорларнинг аёллари кўрмаган, бутун умр хаёлларида орзу қилиб, етиша олмаган оила бахтига бир бўйра, лойдан ясалган бир кўза каби оддий ашёларидан бошқа мулкни ўзига раво кўрмаган зотдан улкан бир муҳаббат, чексиз фидокорликни кўрдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам завжаларига ўта нозик муносабатда бўлганлар. Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримиз билан сафарга чиқдилар. Улар ўз уловларига миниб олишгач, туякаш туяларни қистаб ҳайдай бошлади. Шунда у зот ўз хонимларининг нозикликларига ишорат қилиб: “Биллурга диққатли бўл, эҳтиёт қил!”, дея таъкидладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи аёллари – Хадича бинти Ҳувайлид розияллоҳу анҳо онамизни бир лаҳза ҳам эсларидан чиқармай: “Албатта менга Хадичанинг муҳаббати берилган” дер ва зикр қилинганларида, унинг ҳаққига истиғфор айтишни канда қилмасдилар.
Пайғамбар алайҳиссалом аёлларига ёрдам бериб, уй супурар, қўй соғар ва бошқа ишларида кўмаклашардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳони дин йўлида кўрган машаққатларини тақдирлаб, ўз никоҳларига олганлар. Савда бинти Замъа онамиз аҳёнда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб туришни яхши кўрар эканлар. Савда бинти Замъа онамиз саййида, жамила ва шарифа бўлиши билан бирга йирик жуссаликлари сабабидан уй ишларига уринганидаги ўнғайсизлигини кўриб ул зот табассум қилиб қўяр эдилар.
Ҳафса бинти Умар розияллоҳу анҳо нубувват хонадонида гўзал ҳаёт ичра яшай бошладилар. Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳо Қуръони каримни тўлиқ ёд олган ва унинг тафсирини яхши билганлар. У кишининг бу даражага етишларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олган сабоқлари сабаб бўлган.
Зайнаб бинти Хузайма розияллоҳу анҳо ҳам мўминаларнинг онаси бўлишдек шарафга ноил бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб онамизнинг сабри, жасорати, Ислом дини йўлидаги фидокорликларини муносиб тақдирлаб “Уммул масокин” (мискинлар онаси) дер эдилар.
Умму Салама розияллоҳу анҳо онамиз ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаси бўлишдек шарафга ноил бўлди. Жаброил алайҳиссалом уларнинг уйларига ваҳий олиб келганлар. Умму Салама розияллоҳу анҳо онамиз ўта зеҳнли, оқила ва илмга чанқоқ бўлганликлари туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан турли масалаларни сўрашдан зерикмас эдилар ва ўз навбатида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу саволларга алоҳида эътибор билан жавоб берар эдилар.
Жувайрия бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо онамиз нубувват хонадони аёлларининг дуру жавҳарлари силсиласига қўшилдилар. Жувайрия розияллоҳу анҳо онамиз қабила бошлиғининг қизи сифатида нозу неъматга кўмиллиб, ҳою ҳавасга берилиб яшашдан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёли сифатида борига шукур қилиб, камтарона яшашни маъқул кўрдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизнинг ёшликларини эътиборга олиб, ул кишининг даражаларига тушар, ўзларига яраша шароит яратиб беришга ҳаракат қилар эдилар.
София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳо онамиз туяга миниб олишлари учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқларини уларга тўғрилаб турганлар. Шунда София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳо онамиз ул зотнинг сонларига оёқларини қўйишдан бош тортиб, тиззасини қўйиб туриб чиққан.
Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо онамиз узоқ муддат кўришмай юрган отаси мушрик бўлгани учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрпачаларини уларнинг тагларидан тортиб олишлари ул зотга бўлган юксак эҳтиромларидан эди. Албатта, Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга завжа бўлишдан ортиқ бахт йўқ.
Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо онамиз ҳам нубувват хонадони аёллари қаторига сўнгги дурдона бўлиб қўшилишларининг ҳам ўзига яраша ҳикмати бор эди. У зот ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оилавий шароитда содир бўлган шаръий аҳкомларни ислом умматига етказишда яна бир ёрдамчи бўлдилар. Маймуна розияллоҳу анҳо онамизнинг ниҳоятда тақводор ва силаи раҳмга мойил эканларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари гувоҳлик берганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўмина оналаримиз билан кечирган турмушини кузатар эканмиз, улар орасидаги самимият, меҳр-мурувват, муҳаббат, назокатдан завқланиб, тобора уларга ҳавасимиз ортиб, уларга ўхшашга ошиқамиз! Зеро, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари пок аёллар, дунёдаги энг бахтиёр аёллар, “Мўминларнинг оналари” деган юксак унвонга муносиб бўлган оналаримиздир!
Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус ислом билим юрти етакчи мударрисаси
Гулобод ҚУРБОНОВА
Гулобод ҚУРБОНОВА
Манба: muslim.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади