
Светофорнинг қизил чироғида янги бой «Мерседес»да келиб тўхтаган экан, орқадан «Запорожец» келиб урилибди. Янги бой жаҳл билан пастга тушибди. «Запорожец» ҳайдовчиси 80 ёшли отахон экан.
— Э, ота, кўзга қараб юрсангиз бўлмайдими? — дебди янги бой. — Қизилда тўхташ керак эди! Нега тўхтамадингиз? Тормозингиз ишлайдими ўзи?
— Йўқ, — дебди қария бўш келмай. — Тормоз 20 йилдан бери ишламайди.
— Хўш, энди нима қиламиз? Қандай тузатиб берасиз машинамни? Кўринг, дабдала қип ташладингиз! Мелиса чақираверайми?
— Мелисани нима қиласан уринтириб? Буёққа юр, ҳозир тўлаб қўяман ўша пулни! Юр, чиқ машинамга!
— Э, ота, бўладиган гапни гапирсангиз-чи! Ўзингиз шалоғи чиққан «Запорожец»да юрибсиз-у, катта гапиришингиз нимаси?
— Тўлайман дедимми, демак тўлайман! Чиқ дедим машинага!
Янги бой энсаси қотиб қариянинг машинасига ўтирибди.
— Сен 80 га кирган одамни камситдинг-а? — дебди қария. — Отангданам катта одамни ранжитдинг-а? Ҳозир кўрасан, тўлайман! Хўш, қанча бўлади?
— Қўйсангиз-чи ота, — дебди кулгиси қистаб янги бой. — Бўладиган гапдан гапиринг!
Қария унга алам аралаш қараб олибди-да, дебди:
— Ҳозир кўрасан! Машинанг-у, уйингминан қўшиб сотволаман ҳозир!
Шундай деб қария қўлига ўриндиқ остидан хум олибди ва оғиз қисмини бир-икки ишқалаб нарига қўйибди. Бир пайт шовқин кўтарилиб, шундоқ тепаларида ҳақиқий жин пайдо бўлибди.
— Ассалому алайкум, хўжайин! — дебди жин икки қўлини кўксига қўйиб. — Хизматингга мунтазирман!
Янги бой бу манзарани кўргандаёқ тамом бўлаёзган экан. Бир қарияга, бир жинга қараб нимадир демоқчи бўлибди-ю, қўрқув устун келибми, гапира олмабди. Қария эса хотиржамлик билан жинга буюрибди.
— Бошланишига бир чойнак аччиқ кўк чой дамла!
— Бош устига, хўжайин!
Жин чой олиб келиш учун кўздан ғойиб бўлиши билан янги бой жонланиб қолибди.
— О-ота, б-бу жин-а? Ҳ-ҳақиқий жинми?
— Ҳа, — дебди қария янги бойга менсимайгина боқиб. — Ростакам жин бу! Кўрдингми? Мени ёмон ранжитдинг локигин, болам!
Янги бойнинг мияси аллақачон бошқа хаёллар билан чирмалиб бўлганди. Нималарнидир ҳисоб-китоб қилиб, ҳовлиққанча қарияга юзланибди.
— Ота, анави ремонтниям, машинамниям қўяверинг! — дебди у. — Ҳа, энди бу яроқсиз бўлса, бошқасини сотиб олавераман. Сиз… Мана шу жинни менга сотмайсизми?
— Жинни-я? Ҳайронман…
— Ҳамма буйруқни бажаради-а?
— Кўрдинг-ку!
— Бўпти, гапнинг дангалини айтинг! Қанча берай? Ҳозир қўнғироқ қиламан, йигитларим мана шу ерга опкелишади пулни!
— Ҳайронман, — дебди қария. — Шу жинга жа ўрганиб қолувдим-да! Қўймадинг-қўймадинг-да! Менданам қайсар болайкансан! Бўпти, 50 милён кўкида берақол!
— Шу холосми?
— Ҳа, шу холос.
Янги бой униси-бунисига қўнғироқ қилиб қария айтган пулларни опкелтирибди. Қария эса хумни янги бойнинг қўлига тутқазибди-ю, пулларни олиб «Запарожец»ида уйига жўнабди.
Янги бой азбаройи хурсандлигидан уйига қандай келганиниям сезмай қолибди. Ичкарига кирибди-ю, хотинини кўздан панароқ хонага етаклаб кирибди ва эшикни ичкаридан тамбалабди.
— Биз ҳозир дунёдаги энг бой одамларга айланамиз, хотин, — дебди ҳовлиқиб. — Мен ҳақиқий жин топиб олдим.
— Вой, алаҳсираяпсизми? Қанақа жин?
— Ҳозир кўрасан.
Янги бой хумнинг оғиз тарафини бир-икки ишқалаган экан, бирдан шовқин кўтарилиб, шундоқ тепасида улкан жин пайдо бўлибди.
— Ассалому алайкум, хўжайин, — дебди жин икки қўлини кўксига қўйиб. — Хизматингга мунтазирман!
Янги бой «Кўрдингми?», дегандек оғзининг таноби қочганча хотинига қараб қўйиб жинга юзланибди.
— Менга бошланишига бир миллиард кўкида ҳозир қил!
— Бунинг иложи йўқ, — дебди жин. — Мени қийнаманг!
— Майли, бир милён доллар пайдо қилиб турақол!
— Сираям иложи йўқ бунинг!
— Ие, нега иложи йўқ? — тутоқиб кетибди янги бой. — Ҳеч бўлмаса мана шу уйимнинг ёнида бунданам ҳашаматлироқ уй пайдо қила оларсан?
— Сираям иложи йў-ўқ! — оғир хўрсинибди жин.
Янги бой бўларича бўлибди. Жинни қайсарга йўйиб… Нима дейишни билмай… Охири сўрабди:
— Вей, тасқара, қариянинг олдида жа уддабурон эдинг-ку!?. Нима келади ўзи қўлингдан?
— Қўлимдан кўк чой дамлаш келади холос, хўжайин!..
Янги бой бу гапни эшитибди-ю, мияси ғувиллаб, боши гир-гир айланиб, юрагида санчиқ туриб кутилмаганда полга юзтубан қулабди.
Манба: Hordiq.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар