11:13 / 27.09.2018
6 669

Мўъжиза қаерда сотилади? (Таъсирли ҳикоя)

Мўъжиза қаерда сотилади? (Таъсирли ҳикоя)
Бемор акасининг хонаси олдида турган қизча, ота-онасининг суҳбатини эшитиб қолди.

Ота:
– Энди нима қиламиз, онаси? Ўғлимиз ўлим ёқасида. Мия жарроҳлик амалиёти тез ўтказилиши лозим! Лекин, бизда етарли маблағ йўқ! Унинг ҳаёти хавф остида. Нажот қаерда экан-а? – деди.

Она аламли йиғи билан:
– Бунга мўъжиза керак! Қўлимиздан келганини қилдик! – деди.

Қизча ортиқ тура олмади. Югуриб бориб хонасига кирди. Пул тўплайдиган қутичасини очди. Ундан 1 доллар 4 цент маблағ чиқди. Унинг миқдорига ишонч ҳосил қилиш учун уч марта қайта санади.

Ота-онасидан изн сўрамай, чақмоқ тезлигида чиқиб, уйларига яқин дорихонага борди. Кириб қараса, дорихоначи бир киши билан гаплашаётганди. Уларнинг суҳбатлари қизиганидан, дорихона пештахтасига бармоқларини қўйиб олган қизчага сотувчи аҳамият бермади.

Бироздан сўнг:
– Сенга нима керак, қизалоғим? – деди.

Қизча:
– “Мўъжиза” – деди. Сотувчи ҳайрон қолиб:

– Нима? – деди.

– Акамнинг тузалиб кетиши учун “Мўъжиза”ни сотиб олмоқчиман! – деди.

Дорихоначи оҳисталик билан:
– Қизалоғим, бизда мўъжизалар сотилмайди! – деди.

– Унда, уни қаердан сотиб олсам бўлади? – деб сўради қизча.

Сотувчи жавоб беришидан олдин бояги киши:
– Қанча пулинг бор? –деди.

Қизча:
– Бир 1 доллар 4 цент пулим бор. Бу пулимнинг бори, бори шунча, амакижон! – деди.

У киши:
– Қизалоғим, мўъжизани сотиб олсанг, нима қиласан? – деб сўради.

– Акамнинг унга эҳтиёжи бор. Усиз тузалмас экан! – деди. Киши гап орасида ота-онасидан эшитганларини, акаси ўлиши мумкинлигини, уйининг қаердалигини билиб олди.

У киши унга қўлини узатиб, “пулингни бергин!”деди.

У жажжи қўлчаларини чўзиб амакининг кафтига “Мўъжиза”нинг пулини қўйди.

Амаки унинг қўлидан тутиб:
– Мен билан юр! – деди.

Қизча “Мўъжиза сотиладиган бошқа дорихонага борсак керак” деб ўйлади. Лекин улар тўғри қизчанинг уйига келишди. У киши унинг ота - онаси билан танишди. Амаки етук мия жарроҳи экан. Ҳолатни ўрганиб, болакайни ўз клиникасига олиб бориб амалиёт ўтказди. Амалиёт муваффақиятли ўтди. Орадан вақт ўтиб болакай уйига қайтди. Она эрига қараб:

– Аллоҳимга шукр! Бу докторни бизга айни керакли дамда Ўзи юборди. Бу – мўъжиза! – деди. Буни эшитган қизча:

– Ойижон, мен ўзимдаги бор пулимни бердим. У кишидан мўъжизани сотиб олдим! – деди.

Она қизалоқни қучоқлаб, мўъжиза тушунчасини, шифони Аллоҳ беришини, бандалар унга олиб борадиган сабабларни бажариши кераклигини англатди. Ва:

– Қизим, мўъжизанинг нархи, сен акангни яхши кўрганинг, унга шифо сўраб дуолар қилганинг, ва ўзингда бор бўлган “Бойлигинг” – тўплаган маблағингни берганингдир! – деди.

Қизчани ёнига олиб икковлари шукр намозини ўқидилар. Аллоҳнинг фазли, неъмати ва тугамас мўъжизалари учун ҳамд айтдилар.

Манба: www.minbar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Мўъжиза қаерда сотилади? (Таъсирли ҳикоя)