Янги йил — бу болалик! Янги йил бу — яна бир ёшга улғайиш! Янги йил бу — орзулар ва мўъжизаларга лиммо-лим дунё!
Ҳар гал Янги йил арафасида болалигим билан сирлашаман. Бугунги куним билан ҳисоблашаман. Атрофимдаги мўъжизаларга ҳайрат ила боқиб, ортга эмас, олдинга интиламан. Чунки менга Янги йил яна бир сирли ва бахтга тўла йилни ҳозирлаётганига ишонаман. Ҳа, ана шу ишонч мени ҳаёт деб аталмиш узун йўлнинг синовларида тоблайди, чархлайди, кези келганда жазолайди. Аммо шуни билсам-да, Янги йилнинг навбатдаги мўъжизаларига кулиб ва бошимни тик тутиб боравераман. Негаки мен ишонаман, Янги йил ҳеч кимга орзулар эшигини ёпмайди. Бахт кошонасини вайрон қилмайди, соғлиқ ва хотиржамлик деразаларини қора булутлар билан тўсмайди…
Қишнинг таровати, оппоқ қорнинг беғуборлигини ўзида жо қилган Янги йил эски йилни кузатар экан, қалбларни ана шу покликка буркашдан чарчамайди. Мезбон йилни ҳам эзгуликлар, яхши хотиралар ила кузатиш истагида эшик қоқади. Меҳмонман-ку деб ўз иззатини сўрамайди, мезбоннинг кўнгли ўксимаслиги учун ўзи билан олиб келган бахт, қувонч, хотиржамлик ва соғлиқ каби совғаларини улашаверади, улашаверади. Аммо асло мўъжизаларга ишонган дилларни, орзулари учун курашаётган юракларни умидсиз қолдирмайди.
Янги йил — у бир қўлида тинчликни, бир қўлида бахтни ушлаб турар экан, соғлиқни боши узра кўтаради. Чунки ана шу нарсаларгина бизга Янги йилда ҳам, эски йилда ҳам ҳамроҳлик қилишини яхши билади.
Мана, яна бир Янги йилни кутиб олдик. Бу йилдан ҳар биримизнинг кутаётганимиз бор, сўраётганимиз бор. Сўраётганимизки, юртимизга тинчлик, хонадонимизга хотиржамлик, дастурхонимизга қут-барака, фарзандларимизга порлоқ келажак.
Ҳеч кимга сир эмаски, ҳар бир инсон Янги йил остонасида ўзлигини, ўз ҳаётини бир қур тафтиш қилади. Яхши ишларидан қувонади, хатоларидан хулоса чиқаради. Худди шу аснода кейинги ишларига режа тузади, ўз олдига мақсадлар қўяди.
Ўзбекистон аталмиш жаннатмакон диёрнинг меҳмондўст, танти, олижаноб ва ҳар ишда аждодларига муносиб халқи ҳам Янги йил арафасида ўз олдига улкан мақсадларни, эзгу ишларни, хайрли амалларни қўйганки, буларнинг барчаси кириб келган 2019 йилда ушалишига ишонамиз. Чунки биз Ватан равнақи йўлида бирлашган, бир ёқадан бош чиқарган ва қайтадан дунё эътирофига сазовор бўлаётган миллатмиз.
Азизлар, бугун қўлга киритган ютуқларимизни санаш, баъзи камчиликларимизни овоза қилиш ниятида эмасмиз. Балки, 2019 йилнинг ҳар лаҳзасидаги бахтни ҳис қилишингиз, шу юрт учун чин фарзанд бўлишингиз, Ўзбекистон деган номнинг жаҳон майдонларида юқорилаб боравериши йўлида курашишингизнинг тилакдошимиз.
Дарҳақиқат, тинч ва обод юртга мана шундай мўъжизаларга бой байрамлар ярашар экан, ана шу қувонч ва бахтни бизга муносиб кўрган Яратганга беҳисоб ҳамдлар айтамиз. Янги 2019 йилда ҳеч бир орзунгиз армонга айланмасин, кўзингиз фақат меҳрдан порласин. “Ҳордиқ плюс” газетаси ва “Hordiq.uz” сайтининг азиз мухлислари, биз сизлар учун ижод қилар эканмиз, сиз мухлисларнинг меҳрингизни доим ҳис этиб турамиз. Кириб келган Янги йилда ҳам сиздек қадрли ва жонкуяр мухлисларнинг меҳрини ҳис этиб туриш насиб этсин! 2019 ЙИЛИНГИЗ ҚУТЛУҒ КЕЛСИН!
Дунёга ўз кулгиси, самимий қалби ила бахт улашаётган жажжи болажон — ЯНГИ ЙИЛИНГ МУБОРАК!
Қўллари дуода, дилида-ю тилида шукроналик ила бугунги дориломон кунларга миннатдорлик изҳор этаётган нурли ва фаришта мисол отахонлару онахонлар — БАЙРАМИНГИЗ ҚУТЛУҒ БЎЛСИН!
Мунис оналар, садоқатли аёллар, гўзал қизлар, дилбар опалар, ЎЗБЕКнинг мард ва ҳаёда тенгсиз вакилалари — ЯНГИ ЙИЛИНГИЗ БИЛАН!
Биз учун ҳар ишда суянч, ҳар балодан асровчи қалқонимиз — оталар, акалар, укалар — ЯНГИ КУНИНГИЗ МУБОРАК!
Юлдуз ИСОҚОВА
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди