
"Эй имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўранглар! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир". ("Бақара" сураси, 214-оят).
Агар сизга тўсатдан хавф-хатар келиб қолса, бошингиз хафаликдан чиқмай қолса ёки ғам ёқангиздан олса, шу заҳоти намоз ўқинг. Шунда руҳингиз ором олиб, нафсингиз хотиржам бўлади. Аллоҳ изни ила ғам-андуҳ ва тушкунлик асоратларини бартараф этишга намознинг ўзи етарлидир. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор иш ташвишга солса: "Эй Билол! Бизни намоз билан роҳатлантир", дер эдилар. Албатта, намоз у зотнинг кўз қувончлари, саодатлари ҳамда шодликлари эди.
Солиҳ салафлар ҳаётлари билан танишиш мақсадида тарих китобларини ўқисангиз, бир нарсани кузатасиз: агар улар устига қийинчиликлар бостириб келса ёки бирон кулфат юз берса, итоаткорлик ила намозга шошардилар. Шунда иқтидор, ирода ва ҳимматлари асл ҳолига қайтар эди.
Хавф-хатар чоғида ва ўлим хавфи келганида, хавф намозини ўқиш лозим. Чунки энг катта хотиржамлик ва энг яхши осудаликни қалб ҳузури ила ўқилган намоз беради.
Руҳий ва нафсий касалликларга чалинган авлод ўзини бу оғир азобдан сақлаш учун энг биринчи галда масжиднинг тупроғини ялаб, пешоналарини Раббилари розилиги учун чанг қилмоқлари лозим. Акс ҳолда, кўзёшлари қовоқларини ачиштириб, хафалик асабларни парчалайверади. Ҳеч бир нарса уларга намозчалик тинчлик-хотиржамлик олиб келмайди.
Агар фикр юритсак, гуноҳлар учун каффорат ҳам, Раббимиз ҳузуридаги даражамиз юксалиши сабабчиси ҳам ҳар кунлик беш вақт намозимиздир. Шу маънода у энг буюк неъматдир. У яна ғамларимизнинг улкан муолажаси, дардларимизнинг давосидир. У қалбларимизни соф ишонч ҳис-туйғуси ва барча нарсадан розилик ҳислари билан тўлдиради.
"Ўкинма" китобидан
Манба: Azon.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар