23:30 / 27.01.2019
5 310

Исломни қабул қилган даъватчи Юша Эвансдан ажойиб эслатма

Исломни қабул қилган даъватчи Юша Эвансдан ажойиб эслатма
“Яхши эслайман – Шайх Ҳайсам ҳам балки билар, Имом Сирож, сиз ҳам эҳтимол эсларсиз – шундай даврлар бўлдики, “Қанийди оммавий ахборот воситалари Исломни ёритса, мусулмонлар ҳақида гапирса”, деб орзу қилардик.

Мана энди уларнинг диққат марказига айландик, ҳаммасининг кўзи, қулоғи бизга қаратилган. Ҳозир дунёнинг диққати бизда. Нима қилаётганимиз, нима еяётганимиз, нима деяётганимизгача билишни истайдилар. Қаерда ухлашингизгача билгиси келади. Биз эса бу худди ёмон нарсадек муносабат билдирамиз.

Аллоҳга қасамки, уларнинг бундай қилиши ҳам бир неъмат. Майли, қўйиб беринг, кузатишсин. Анча олдин давлатнинг махсус хизмат идорасига айтган эдим: “Истасангиз, уйимга камера ўрнатинг, бу мени асло қизиқтирмайди, хавотирга ҳам солмайди! Телефонимни ҳам олиб текширинглар, менга айнан шу керак. Нима қилаётганимни билинглар, менда нима борлигини кўринглар. Менда бир мужда, хабар бор. Башарият яралгандан бери ер юзида яшаган инсониятнинг энг буюк фарзанди бутун коинот Яратувчисидан олиб келган ва тарих давомида тарқатилган бир хабар бор менда. Демак, мендаги ушбу муҳим хабарни тинглашингизни, кўришингизни ўтиниб сўрайман“.

Қўлимизда ҳозир мана шундай имконият турибди, азиз биродарлар. Дунё биздаги ўша буюк хабарни билишни истайди, уларга бу рисолани етказайлик. Қўйиб беринг, ўзлари кўрсин бемалол. Бошингизни қуйи солиб юришни бас қилинг. Пешонангизни тириштирманг. Ахир, сизда Ислом бор. Сизни ҳамма нарса қилувчи бир куч бор. Мана бу эслатма билан гапимни тамомлайман.

Ҳар доим сафарга чиқишимдан олдин болаларим сўрайди: “Нега бунчалик кўп йўлда бўласиз? Уйда биз билан кўпроқ бўлсангиз-чи. Кечқурун ухлашимдан олдин ёнимда бўлсангиз-чи”, дейди ўн яшар ўғлим. “Бизни мактабга олиб бормайсизми?” – дейди. Дадасининг эркатойи, энг кичкина қизим доим кетаётганимда йиғлайди. Бу мени жуда маҳзун қилади, хафа бўламан.

Уларга айтаман: “Мен бу ишни Муҳаммад алайҳиссаломга эргашганлар жорий қилиб кетган стандарт бўйича яшаш учун қиляпман. Ажаб эмас, у кишининг ҳаётига тақлид қилишим орқали зора ҳавзи Кавсардан у кишининг ўз қўлидан сув ичсам. Менга фақат шу керак, мен фақат шуни истайман. Шунинг учун бу йўлда юрибман. Доимий сафарда бўлиш осон, деб ўйлайсизми? Эй она, йўлларда умр ўтказиш осонми? Йўқ, жуда ҳам ноқулай, ғализ бир ҳаёт бу. Агар шу йўлда сарфлаётган вақтимга соатбай иш ҳақи тўлайдиган бўлса, арзимаган бўларди. Ундан кўра кўчадаги тиламчи яхшироқ топса керак.

Бу рисолат, бу дин ҳақида чуқур қайғурганимиздан, юрагимизда ёнаётган дин ғамидан келиб чиқиб бу йўлда юрибмиз, шу ишни қиляпмиз. Чунки ўша мен эргашаётган кишининг мезони бўйича яшашни истайман.

Болаларимга ҳам таъкидлаб айтаман, агар қалбингизда Ислом билан улғайсангиз, мени энг фахрли отага айлантирасизлар. Менга бундан ортиқ шараф керак эмас. Кўчада уйсиз қолишингиз, қашшоқлик балосига йўлиқишингиз мени хавотирга солмайди. Ислом билан яшасангиз ва иймон билан шаҳодат калимасини айтиб жон берсангиз, мана шу энг катта бахт, мен учун.

Лекин, динни йўқотиш эвазига дунёвий ютуқларга эришсангиз, бу мен учун энг катта мусибат бўлади. Эй болаларим, динсизлик эвазига миллиардер бўласизми, ёки президентми, бунинг менга заррача қизиғи йўқ. Буни энг катта йўқотиш деб биламан. Чунки ҳеч вақоингиз бўлмаса ҳам Исломингиз бўлса, у сиз учун ҳамма нарсадир. Бутун дунё оёғингизга тиз чўкса ҳам Исломсиз сиз ҳеч кимсиз!”.
Таржимон: Фаизиддин МЎМИН

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Исломни қабул қилган даъватчи Юша Эвансдан ажойиб эслатма