Дилдора тадбирда ҳаммани оғзига қаратиб, йиғилганларга маъруза ўқиган аёл билан йўли бир эканини билиб бироз дили хира тортди. Табиатан одамови, одамлар билан тез чиқишиб кетолмайдиган Дилдора нотаниш аёл билан бўладиган савол-жавобни хаёлан тасаввур қилиб, юраги орқага тортиб кетди. Аммо иложсиз эди. Аёл орқасидан тез-тез юриб келиб, жилмайганча унинг қўлтиғидан тутди:
- Таксида кета қоламизми, гўзал қиз?
- Мен метрода кетмоқчи бўлиб тургандим. Ишхонам шундоқ метро бекатига яқин...
- Унда, юринг, мен ҳам сиз билан метрогача бораман.
Дилдора ичида “Ёши катта аёл, ҳартугул, шахсий саволлари билан бошимни қотирмаса керак...” дея ўйлади. Бу ўй хаёлидан кечиб улгурмай аёл уни саволга тутди:
- Ўқитувчимисиз?
- Ҳа...
- Филологияни битирганмисиз?
- Ҳа...
- Нечанчи йили?
- 2001 йил...
- Фарзандларингиз нечта?
Дилдоранинг юраги қаттиқ санчиб, бошига оғриқ кирди. Яна ўша савол. Яна ўша оғриқ. Охири йўқ изтироб. Оғзи қуруқшаб, тили сўзга келишмай туриб қолди бир муддат. Сўнг аранг тилини ҳаракатга келтириб:
- Фарзандим йўқ, - деди... - Жувоннинг кўзларида ёш айланарди бу пайтда. Қизиқувчан аёл эса жағи-жағига тегмай унга далда, тасикн сўзлар гапирар, унинг овози Дилдорага узоқдан эшитилаётгандек, гапларини зўрға узуқ-юлуқ фаҳмларди...
Қизиқувчанлик борасида ўзбек халқига тенг келадиган халқ бўлмаса керак дунёда. Элимизнинг боши соғ бўлсин – ўзига аҳамияти бўлмаган воқеа-ҳодисани ҳам ипидан игнасигача сўраб суриштирмаса кўнгли жойига тушмайди. Афсуски, баъзан ўзбекчиликка хос бу одатимиз билан инсонларнинг дилини оғритиб қўямиз.
Тап тортмай қавм-қариндош, таниш-нотанишнинг ҳаётига аралашамиз. Баъзан саволларимиз оҳангида сўров-истакдан кўра таъна-маломат оҳанги яққолроқ сезилади.
“... Фарзандларингиз нечта?” Нотаниш кишига шу савол билан мурожаат қилишдан олдин кўнглингиздан “Балки фарзанди бўлмаса-чи? Ёки оила қурмаган бўлса-чи? Балки фарзандига бирор кор ҳол бўлгандир? Саволим билан ярасини тирнаб қўйсам-чи?” деган ўйларни кечирганмисиз? Албатта, йўқ. Лекин саволингиз ярим кўнгилни синдириши, баттар чўктириши, ҳатто бу қизиқувчанлигингиз билан гуноҳга ботишингиз ҳам мумкин.
Айримларимиз гапираётганимизда оғзимиздан чиқаётган сўзларнинг тош-тарозусини чамаламаймиз. Баъзан ўйламай айтилган сўз таъна ўрнига ўтиб кетиши ҳеч гап эмас. Яқинда шундай ҳолатга гувоҳ бўлдик. Уч-тўрт кишилик даврада ажрашган аёллар ҳақида гап чиққанди, таниш эркак “Бола билан эрдан чиққан аёл тузук бўлардими? Демак, яхши аёл эмас экан-да” деб юборди. Даврадаги аёллардан бирига бу гап маломатдай таъсир қилди.
Ҳаётда ҳар қандай воқеа бўлади. Бола билан эридан ажрашган аёлларнинг ҳаммаси ҳам ёмон эмас. Сиз моҳиятини ўйламай гапириб юбордингиз. Аёл киши ҳар қандай вазиятда оиласини асраб қолишга ҳаракат қилади. Ҳеч қайси аёл учун ажрашиш энг яхши чора эмас!..
Гарчанд аёл ичидаги гапларини тўкиб-сочган бўлса-да, ўйламай айтилган гапнинг ханжари қаттиқ санчилгани аён эди. Мен эркакни зимдан кузатдим. Афтидан у бемаврид айтган гапидан хижолатда эди. Бироқ бу хижолатлик яраланган қалбнинг оғриғига малҳам бўлолмасди...
Кўпчилик бир оғиз савол ё бир жумла билан кемтик кўнгилни синдириб қўйганини сезмай ҳам қолади.
Баъзан серсавол инсонларнинг қизиқувчанлигидан шунчалик безиб кетаманки, жаҳлим чиққанида “Сенга нима?” деб юборгим келади,- дейди таниш қиз.- Сал чеҳрамни очиб гапирсам “Турмушга чиққанмисиз?” деб сўрашади. “Йўқ” десам, тап тортмай “Вой, нега турмушга чиқмагансиз?” деб, камига ҳамдард қиёфада қараб туришади. Бировнинг шахсий ҳаёти билан бошқаларнинг нима иши бор? Айримлар ўз ташвиши қолиб, бошқаларнинг дарду ҳасратини муҳокама қилиш билан умрини совуриб юборади...
Ҳа, жуда ажойиб халқмиз. Танишми-нотанишми, қариндошми-бегонами ким бўлишидан қатъий назар, ҳаёти билан боғлиқ ҳамма нарсани билгимиз келади. Турмушга чиққанми, фарзандлари борми, эри ёки хотини нима иш қилади, қайнона-қайнотаси қандай одамлар, маоши қанча, эгнидаги либоси неча пул туради, тақинчоғини қачон қайси дўкондан олган ва ҳоказолар... буни қарангки, шу қизиқишларимизни маънавий дунёимизни бойитадиган нарсаларга, дейлик китоб, газета ё журналларга сарф қилсак, бир -икки кунга етгулик эмас, икки дунёимизга етгулик маълумотларни олишимиз мумкин. Аммо бизга юқоридаги одат, яъни одамларнинг шахсий ҳаётига қизиқиш ва аралашиш қулайроқ. Ажабо, шунчалик пастлаб кетганмизми?..
Мулоҳазаларимизни аниқ бир хулоса билан якунламадик. Чунки бу борада ҳали айтаримиз кўп. Аммо истагимиз, сўз билан, сўров билан бир-биримизнинг кўнглимизни заҳарлашдан асрасин Ўзи...
Кавсар НУР
Манба: Azon.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?