11:43 / 26.04.2019
4 180

«Келин олганман, чўри эмас...»

«Келин олганман,  чўри эмас...»
Озода опа кўчадан кираверишга сув сепиб қўйиб, у селгигач, эшик олдининг у ер, бу ерини супуриб-сидира бошлади.

Икки дарвоза наридаги хонадондан бир аёл кўчага чиқиб, эшикнинг кесакисига суяниб, муштланган қўлининг икки бармоғини иягига тираб, иккинчи қўлини биринчисининг тагидан ўтказиб, қотиб турарди. У кўчанинг «кузатувчи»си номи билан машҳур. Кўчага ким келди, ким кетди, нимага келди, қайси эшикка кириб-чиқди, барчасидан хабардор. Истаган пайт сўрасангиз, қўшиб-чатиб, «тўлиқ» маълумот бериши мумкин.

Ҳозир ҳам бундай туришининг маъноси бор. У Озода опани кўчага соат нечада чиқиб, нечада кириб кетди, неча челак сув сепиб, қаерларни қандай супуриб-сидирди, ҳамма-ҳаммасини батафсил билиши керак. Чунки у бу ҳақда кимгадир етказадиган бўлса, ишонарли бўлиши зарур-да. У ўрнидан жилмай, гап бошлади.

— Ҳа, Озодахон келинлигингиз эсингизга тушиб кетдими, ҳамма ерни қириб-қиртишлаяпсиз, ё меҳмон келадиганми? Келинпошша қанилар? Шу ишларни у қилса бўлмайдими? Нафақага чиққан бўлсангиз, шу ёшга кириб, бундай ишларни эндиям сиз қиласизми?

— Эй, қўшни, нималар деяпсиз, оғзим бор деб вайсайверасизми? Ёшлар ўқишига, ишига борсинми, оиласига, боласига, ош-овқатга, кир-чирига қарасинми? Битта келинга бўлар шунча иш. Майли бироз дамини олсин! Нима, мен нафақага чиқдим деб, ўтириб олишим керакми? Одам катта бўлгани сари ҳаракатда бўлиши керак.

Кўча «кузатувчи»си бу гапларни кутмаган эди, чоғи.
— Ҳа, мен нима дебман? Сизга ачинганимдан айтаётган эдим-да, вой-бў, келинингиз бурун катагидан тушган бўлса ҳам. Бўпти, гапирмаганим бўлсин, менга нима-я!..

У гапини ҳали тугатмаган эди, шу пайт эшикдан яқинда тушган келин чиқиб, уйқусираб:
— Ойи, ичкарига кириб туринг, сув сепиб олай, — дедида, унга шалоп этиб сув сепиб юборди.

Озода опа буни кўриб: «Қўшни икки қулоғингиз билан эшитиб олинг. Мен келин олганман, чўри эмас», дея, ичкарига кириб кетди.

Қайнона-келин икковлон, аввал, бир-бирларига, сўнгра Озода опанинг орқасидан қараб қолишди.
Ёши улуғлар айтишган: «Қуруқ қошиқ оғиз, қуруқ сўз қулоқ йиртади» деб. Хўп топиб айтилган экан-да.
Баҳодир ҚОДИРОВ

Манба: "Оила даврасида"

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Келин олганман, чўри эмас...»