06:35 / 16.10.2019
4 727

Доллар, ёстиқ тагида ётган сўм ва пинҳона жамғармалар

Доллар, ёстиқ тагида ётган сўм ва пинҳона жамғармалар
Инфляцияни енгиш учун бир депутат айтганидек доллардан воз кечиш керакми ёки ёстиқ тагида ётган сўм, пинҳона жамғармаларни юзага чиқариш муҳимроқми?

Пул муомаласи борасида (бошқа масалаларда ҳам), албатта ҳар қандай фикрни бир бора эшитиб кўриш керак. Пул муомаласи соҳасида Марказий банк масъул давлат органи сифатида ижтимоий фикрни ўрганиши ва унинг реал мантиқий асосга эга бўлганларини амалиётга жорий этишини давр талаб этади.

Шу билан бирга, пул муомаласи борасида ўта юзаки тасаввурлар, қарашлар, гаплар, керагидан ҳам жуда ортиқлигини эътироф этиб ўтишимиз лозим.

Яқингина ўтмишимизда нақд пул эмиссияси жараёни билан инфляцияни узвий боғлиқ, деган дунёқараш ҳукмрон эди ва энг ачинарлиси, бу шу ишларни амалга ошираётган масъулларнинг бутун фикрлаш доирасини ўраб-чирмаб олганди. Натижада пластикдаги пул 30 фоизгача устамада нақдлашар эди.

Охирги амалга оширилган пул муомаласи соҳасидаги ислоҳотлар натижасида пул тизими соғломлашди. Одамлар ҳозир пластикдаги пулини нақдлаштиришда, ҳаттоки банкнинг хизмати учун лозим бўлган 1 фоизини ҳам оғриниб тўлаяптилар. Аммо, шу билан бирга, инфляция жараёни ҳам тўхтамаяпти. Нархлар осмонда! Айниқса, хориж билан боғлиқ соҳаларнинг маҳсулотлари, хизматлари ўта беқарор. Халқаро муносабатлардаги ҳисоб-китоб валютаси, яъни доллар курси жуда ўзгарувчан. Нега?

«Адолат» социал демократик партиясидан сайланган Олий Мажлис депутати Ёрмамат Холияров «бу балони даф этиш учун» ҳар бир давлат халқаро муносабатларда ўз миллий валютаси билан ҳисоб-китоб қилишга ўтиши лозимлигини билдирган.

Бу ҳам фикр!

Айтайлик, тожикистонлик ҳамкор биздан маҳсулот сотиб олишда шартномани тожик сомонийсида белгилади ва бизга пулни ўтказиб берди. Ўзбек таъминотчиси ҳисоб рақамида тожик сомонийсида пул пайдо бўлди. У Тожикистондан нарса олмайди. Унинг асосий таъминотчилари Малайзия ёки Вьетнам. Улар рози бўлармикинлар ўзбек истеъмолчисидан тожик сомонийсини олишга?!

Бу худди пул бўлмаган даврда терини тузга, тузни болтага, болтани ўтинга, ўтинни эса гўштга алмаштириш каби умумий эквивалент мавжуд эмас ҳолатга олиб келмайдими?

Халқаро иқтисодий муносабатларда ягона ҳисоб-китоб бирлиги мавжуд эмаслиги халқаро муносабатларни умуман тўхтаб қолишига олиб келмасмикин?

Бреттор Вудсдаги келишувда, албатта, АҚШ ўз манфаатларини рўёбга чиқарган. Кейинчалик, Ямай валюта тизимида ҳам (АҚШ доллари, фунт стерлинг, швейцар франки, япон иенаси ва евро) АҚШ ўз миллий валютасини халқаро иқтисодий муносабатларда эталон бўлишига эришган. Аммо бу билан у гегемон давлатга айлангани йўқ. Унинг гегемон давлатга айланишига, авваламбор, инсон омили – мутахассислар ва ноу-хау технологиялар хизмат қилган ва албатта сиёсий соҳадаги нисбий бўлса-да, демократик тамойилларнинг мавжудлиги ва уларга риоя қилинишининг ҳам ўрни бор.

Биз ўз миллий иқтисодиётимиз учун бу халқаро миқёсдаги гегемонликка қарши тура олишимиз, курс ўзгаришларининг салбий таъсирини камайтиришимиз ва албатта уларга қарамликни йўқотишимиз учун нимадир қилишимиз керак.

Ёрмамат Холиёровнинг фикрига қўшилсак, «бургага аччиқ қилиб кўрпани куйдирамиз» ва тайинки, кўрпасиз қоламиз. Ваҳоланки, биз «кўрпамизни бурга учун ноқулай яшаш масканига айлантиришимиз лозим» токи у ўзини бу ерда хўжайин сеза олмасин.

Бунинг учун кучли (рақобатбардош) иқтисодиёт, кучли (рақобатбардош) пул тизими, кучли (рақобатбардош) мутахассисларга эга бўлишимиз керак.

Ҳозирча фикр беришимиз билан ҳаммани чарчатмаслик учун биргина кучли пул тизими тушунчасига озгина изоҳ берсак.
Пул тизими сезиларли соғломлашди. Унинг нақд, нақдсиз унсурлари ўртасидаги фарқлар анча йўқолди.

Аммо, инфляция тўхтамаяпти. Бунга сабаб Марказий банк ғарб иқтисодчиларининг назариясига асосланиб «қиммат пул» сиёсатини юритаяпти. Молиялаштириш ставкаларини кўтариб, кредитлар учун фоизларни ўстириб юборди. Инфляциянинг эса негизида айнан асоссиз пулни пулга чақиштириш ва фоиз олиш ётади. Нархни кўтарсак, кредитга эҳтиёж камаяди, деган хомхаёл рўёбга чиқмаяпти. Аксинча кредит олувчилар кўпайиб банкнинг юқори фоизларини нархни кўтариш ҳисобига қоплашга ҳаракат қилишяпти. Мана сизга натижа.

Бизга шунақа назарияни сингдира олган ғарб иқтисодчилари ўзларида фоизлар олишга асосланган банклар билан биргаликда фойдага шерик сифатида ишловчи инвестицион фондлар фаолиятини ҳам кенг ривожлантирганлар. Нега?

Сабаби эркинлик ва рақобат керак! Пул тизимида асоссиз нарх ўсишининг олдини олиш учун унга рақобат керак.

Бу биргина омил. Яна нарх ўсишига таъсир кўрсатаётган солиқ унсурларини ҳам кўриб чиқиш зарур. ҚҚС — бу инфляциянинг яна бир ўзаги. У нақд ва нақдсиз пул ўртасидаги фарқни йўқотишга хизмат қилади, аммо шу билан бирга нарх ўсишига ҳам асос бўлади. Пул тизимини барқарорлаштириш, унинг харид қувватини ошириш бўйича бошқа омилларни ҳам ўрганиш ва қадам-бақадам уларни амалиётга «тозалаб», фильтрлаб жорий этиб бориш зарур.

Миллий валютамиз – сўм, иқтисодиётдаги асосий қуролимиздир. Сўмнинг барқарорлиги учун унинг яхлитлиги, бирлиги муҳим. Овга чиқаётган ибтидоий жамоа давридаги овчилар гуруҳини эсланг. Улар қуролланиб, бирлашиб иш кўришсагина натижага эриша олганлар.

Хулоса қилиб шуни айтамизки, анави 3 та «куч»га эришишимиз учун кимнингдир ёстиғини тагида ётган сўм, пинҳона жамғармалар жойидан чиқиб, кимнингдир бизнеси учун шерикчилик асосида иш бера бошлаши керак.

Монополист банкларимиз бу пулларни ёстиқнинг тагидан чиқариб ололмайди. Уларнинг монопол ҳолати, диний қадриятлар ва охирги йилларда ўзлари шакллантирган «имидж»лари ва инфляция бунга йўл қўймайди.

Кучли мутахассислар кучли пул тизимини шакллантирадилар, бу эса кучли иқтисодиётга асос бўлади. Кейин бу яна мутахассисларни тайёрлайди ва шу тарзда такомиллашиш кетиши керак.

Ана шундай кучлар умумий эквивалент бўлган долларнинг миллий иқтисодиётимизга оқиб келишини таъминлайди.
Ҳамма муаммо шу кучларни шакллантириб олишда!
Самидулло Маҳмудов

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Доллар, ёстиқ тагида ётган сўм ва пинҳона жамғармалар