00:23 / 19.11.2019
3 593

Латвиядаги ўзбек талабаси: «Бу ерда истеъмол кредити бир кунда берилади»

Латвиядаги ўзбек талабаси: «Бу ерда истеъмол кредити бир кунда берилади»
Фото: «Xabar.uz»
Латвия Республикаси – Европанинг шимоли-ғарби, Болтиқ денгизи бўйида жойлашган ўзига хос табиатга эга давлат. Маълумотларга кўра, мамлакатдан топилган археология ёдгорликлари Латвияда одамлар мезолит давридан яшаганлигини кўрсатади.

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳасининг навбатдаги иштирокчиси Тоҳир Ўрозов 1998 йили Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида туғилган. Ҳозирги кунда Латвиянинг Рига шаҳридаги EKA университети менежмент факультетида таҳсил олади.

— Тоҳир, нима учун айнан Латвия?
— 8 ёшимдан дунёга калит ҳисобланувчи инглиз тилини мукаммал ўрганишга ҳаракат қилдим. Аммо айнан Латвияда ўқиш вариантим бўлмаган. Коллежнинг охирги босқичида ўқиётган пайтларимдан Европа давлатларининг таълим имкониятларини ўргана бошладим. Улар орасидан оилам ва яқинларим қўллаб-қувватлови билан Латвия давлатини танладим. Бунга асосий сабаблардан бири мазкур мамлакатнинг талабалар учун Европа қитъасида энг ҳамёнбоп давлатлардан эканлиги ва таълим тизими дунё стандартларига бемалол жавоб бера олиши бўлди.

— Наҳотки?
— Латвияда 60га яқин университет ва коллежлар бор. Таълими Балонья жараёни — кредит-модул тизимига асосланган. Бакалавриат учун 4 йилда умумий 240 кредит йиғиш лозим. Магистратурада эса 2 йилда 120 кредит тўплаш керак. Тиббиёт билим юртларида бу муддат одатдагидан фарқ қилиши мумкин.

Шунингдек, мамлакатнинг иккита олийгоҳи QS World University Rankings рейтингида дастлабки 1000таликка кирган. Эътиборлиси, Латвияда олинган олий таълим дипломи Европа Иттифоқи давлатларида ҳам ишлаш имконини беради.

Қолаверса, бу ерда талабаларда эркинлик юқори даражада. Мисол учун дарсларда қатъий иштирок этиш талаб этилмайди. Лекин энг қийини имтиҳонлар. Имтиҳонлардан ўта олмаслик ўқишдан четлаштирилишни англатади. Очиғи, ушбу тизим туфайли ҳам талабалар имкон қадар дарс қолдирмасликка интиладилар.

Фото: «Xabar.uz»
— Латвиядаги қандай хизматларни ўзимизда жорий этиш мумкин, деб ўйлайсиз?
— Кўпгина ривожланган мамлакатларда бўлгани каби, бу ерда ҳам соатбай иш ҳақи тўлаш жорий қилинган. Шу билан бирга, ортиқча қоғозбозликлар йўқ. Ахборот технологиялари яхши ривожланмоқда. Буни банк тизимидаги қулайликлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Дейлик, банкдан истеъмол кредитини олмоқчи бўлсангиз, интернет орқали махсус анкетани тўлдиришингиз кифоя. Улар сўралган маблағ миқдорини кўп ҳолларда бир иш кунидаёқ тушириб беришади.

Латвияга келганимда байрамларнинг, айниқса, баҳор ва ёз ойларида жуда кўплиги ҳайратлантирган. Бундай ҳолларда ҳар икки ҳафтада байрам ҳамда деярли барча иш жойларида таътил эълон қилинади.

Яна бир қулайликлардан бири мамлакатда интернет нархининг арзонлиги ва кўчаларда текин Wi-Fi мавжудлигидир. Ўйлашимча, мана шундай хизматларни Ўзбекистонда ҳам жорий қилиш ҳар томонлама фойдали бўлади.

— Латвияликларнинг ўзига хосликлари нимада? Ўзбекистон тўғрисида улар қандай таассаввурга эга?
— Латвияликлар табиатан кам гапирадиган халқ. Мулоқотга биринчи ўзингиз киришмасангиз, улардан ташаббус чиқиши қийин. Тўғрисини айтганда, катталарга ҳурмат кичикларга иззат кўрсатиш камдан кам учрайди. Яна бир ўзим учун салбий ҳисоблаган жиҳатлардан аксарият балоғатга етган латвияликлар оиласидан алоҳида яшашлиги бўлди. Афсуски, бу ерда никоҳсиз биргаликда яшаш ва фарзандли бўлиш одатий ҳолга айланган.

Бироқ латвияликлар дангалчиликни ёқтиради. Бировнинг ортидан ғийбат қилиш, камчилигинизни муҳокама қилиб ўтирмасдан юзингизга айтишини ижобий баҳолаган бўлардим.

Ўзбекистон ҳақида эса жуда яхши таассуротга эга. Мен мулоқотда бўлган латвияликларнинг кўпчилиги юртимизга ташриф буюришган. Айниқса, халқимизнинг меҳмондўстлиги, миллий таомларимиз, ширин суҳанлигимиз уларни ҳайратда қолдирган экан.

— Келгусидаги мақсадларингиз қандай?
— Келажакда жаҳон даражасидаги бренд компаниям бўлишини мақсад қилганман. Шу боисдан ҳам ҳозир менежмент, яъни бошқарувчилик мутахассислиги бўйича таҳсил оляпман. Кейин, бакалавр дипломи билангина чекланиб қолмайман, албатта. Ушбу йўналиш бўйича магистрлик даражасини Германияда олиш режам ҳам бор. Сўнг, бир муддат Европанинг илғор компанияларида тажриба орттириб, ватанга қайтаман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Латвиядаги ўзбек талабаси: «Бу ерда истеъмол кредити бир кунда берилади»