07:30 / 09.03.2020
5 172

Фарзандингизга ўйинчоқ танлашни биласизми?

Фарзандингизга ўйинчоқ танлашни биласизми?
Нафақат байрамларда, балки оддий кунларда ҳам ўйинчоқ танлаш муаммоси ҳар бир ота-она қаршисида турган масала бўлади. Янги ўйинчоқ доимо боланинг қувончи ва ўйин-кулгисига сабаб бўлади. Aгар у болакайни ҳақиқатан ҳам қизиқтириб қўйса, ота-онада бироз вақтга унинг тинимсиз саволларидан дам олиш имконияти пайдо бўлади.

Ўйинчоқни эътибор билан танлаш керак, уни танлашда сифати, боланинг ёши каби мезонларни эътиборга олиш зарур.
Зарарли материаллардан тайёрланган ва махсус тадқиқотлардан ўтмаган ўйинчоқлар фарзандингиз учун хавфлидир. Бундай ўйинчоқдан фойдаланганида бола организмига аллергик реакция ва заҳарланишни келтириб чиқарувчи зарарли моддалар тушиб қолиши мумкин.

Бундай ҳолатга тушмаслик учун яхши ва сифатли ўйинчоқлар сотиладиган ишончли дўконга бориш зарур. Шу билан бирга, у ерда ҳам товар сифатини кўрсатувчи сертификатни текшириб кўришга эринманг. Ўйинчоқ ўрами ёки ёрлиғида унинг сифати, давлат стандарти, ундан фойдаланиш ёки уни тозалаш бўйича маълумотлар келтирилган бўлиши керак.

Одатда ўйинчоқнинг ўзида у қандай ёшдаги болалар учун тавсия этилиши кўрсатилади. Шу билан бирга, экспертлар ҳар бир ёш категорияси учун қандай ўйинчоқлар мос тушишини келтириб ўтади:

Янги туғилган чақалоқлар (6 ойликкача) учун каравот, бешик устига осиб қўйиладиган, айланма ўйинчоқлар тўғри келади. Шунингдек, уларга кичик юмшоқ ўйинчоқ, шиқилдоқ, тишлаш учун ҳалқача бериб кўриш мумкин.

6 ойликдан 1 ёшгача бўлган болалар аллақачон ўтиришга ўрганган бўлади, шунинг учун уларнинг ёнига турли хил ўйинчоқлар солинган қутини қўйиб қўйиш мумкин. Ўйинчоқ ошхона анжомлари, овоз чиқарадиган ўйинчоқлар, коптокчалар, кубиклар, машиначалар бериш мумкин. Шунингдек, ранг-баранг расмли катта китоб боланинг кўриб қабул қилиш қобилиятини ривожлантиради.

Фарзандингиз1-1,5 ёш оралиғида бўлса, катта машиналар, юмшоқ ўйинчоқлар, ўйинчоқ асбоблар, телефон, мусиқа чаладиган ва ҳаракатланадиган ўйинчоқларга қизиқиши тайин. Унга соддароқ конструкторни ҳам таклиф қилиб кўриш мумкин.

1,5-2 ёшли бола машина ёки ғилдиракли ўйинчоқларни юргизиш, турли катталикдаги копток ва юмшоқ ўйинчоқларни солиштириш, идишларга қум ёки сув солиб ўйнашга жуда қизиқади. Уларга радиобошқарувли машина ёки электр велосипед олиб бериш мумкин.

2-3 ёшда болалар қўғирчоқлар, турли жониворлар шакллари, айниқса, ўйинчоқ уй, кийим ва аксессуарларга қизиқади. Уларга болалар идиш-товоқлари, ёш шифокор тўплами, блокли конструктор, қўғирчоқлар учун уй сотиб олиш мумкин. Бу ёшда қоғоз ва асфальтга чизиш болаларнинг энг севимли машғулотларидан бири бўлади.

4-5 ёш — ижодкорлик ва фантазияни ривожлантиришнинг айни пайти. Улар қалам, бўёқ, фломастер билан чизишга, пластилиндан турли шакллар, қоғоздан нақшлар ясашга қизиқади. Ўйинчоқ конструктор, кегли, копток ҳам бу ёшдаги болалар учун энг оммабоп ўйинчоқлардир.

5 ёшдан катта болаларга уларни мактабга тайёрлай оладиган ривожлантирувчи ўйинларни олиб берган маъқул. Китоблар, ривожлантирувчи кубиклар, қизлар учун — турли кийимли қўғирчоқлар тўплами, ўғил болалар учун — радиобошқарувли машина ажойиб танлов бўлади.

Болаларга ўйинчоқ сотиб олаётиб, улар кўп бўлмаслиги кераклигини ёдда тутинг. Бир уюм ўйинчоқ боланинг қизиқишини сўндиради, шунингдек унинг фикрлаши фаоллик билан ривожланишига йўл қўймайди. Болада ўйинчоқлар танлови чекланган бўлса, у фантазиясини ишга солиб, “эски персонажлар” иштирокида янги ўйинлар ўйлаб топа бошлайди, саҳналар уюштиради, ўйинчоқларга турли кийимлар кийдиради.

Ўйинчоқ бола руҳиятига ижобий таъсир ўтказиши керак — қўрқинчли ўйинчоқларни, мултфильмларнинг ёвуз қаҳрамонларини сотиб олманг. Ўйинчоқ эстетик завқ келтириши, болани хурсанд қилиши ва унга илиқлик бағишлаши лозим.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Фарзандингизга ўйинчоқ танлашни биласизми?