21:52 / 24.03.2020
4 146

«Ўқишга кириш осон, ўқиш қийин» – Кавказда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба ҳикояси

«Ўқишга кириш осон, ўқиш қийин» – Кавказда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба ҳикояси
Россия – ўзбекистонлик талабалар ўқишга энг кўп борадиган мамлакатлардан бири. У ердаги университетларга киришнинг қандай ўзи хос жиҳатлари бор? Мамлакатга илк бор келган талабани қандай ҳаёт кутмоқда? Талаба ҳам ўқиб, ҳам ишлай оладими?

Россиянинг Ставрополь ўлкасида таҳсил олаётган ўзбекистонлик Шодия Турсунқулова Kun.uz’га ана шулар ҳақида гапириб берди.
Шодия Турсунқулова 1996 йил Қашқадарё вилоятида туғилган. Ҳозирда Россиянинг Ставрополь ўлкасида Шимолий Кавказ федерал университети (ШКФУ)нинг 1-босқич магистранти.

Россияга келишим ҳақида
Психологияга мактаб вақтимдан қизиққанман. Лекин асосий йўналишим инглиз тили ёки журналистика эди. Коллежга ўқишга киргач, барибир асосий йўналиш қилиб психологияни танладим ва тайёрланишни бошладим.

2015 йил ҳужжатларимни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига топширдим ва ўқишга қабул қилиндим. ТДПУда 1 йил ўқишга улгурдим холос. Ўша бир йил ичида таниқли психологлар дарсларини олдим. 2016 йил пойтахтдан кўпчилик табалар қатори мен ҳам ўқишимни кўчиришга мажбур бўлдим. Самарқанд давлат университетини танладим ва қолган йилларни Самарқандда ўтказдим.

Ўқишимни давом эттириш ҳақида кўп ўйлардим. Билардимки, психология учун биргина бакалавр даражаси етарли эмас. Шунинг учун магистратурада ҳам ўқишга қарор қилдим.

Ўқиш учун аниқ бирор давлат танламагандим, шунинг учун параллель равишда инглиз ва турк тилларини ўргана бошладим. Лекин тоғли, қалин ўрмонли, тинч ва бошқа давлатларга ҳам чиқиш имкони яхши яратилган бирор давлат хоҳлагандим. Россия эса хаёлимга ҳам келган эмас.

Охирги курсда университет халқаро бўлими ҳар хил давлатлар университетларига грантлар ажратилгани ва хоҳловчилар имтиҳон топшириб кўришни таклиф қилишди. Грант асосида ўқиш яхши имконият эди. Ўйлаб-ўйлаб, охири Шимолий Кавказ федерал университетини танладим.

Кавказнинг иқлими, кўп миллатли экани, анъаналари, денгизга чиқиш имконияти ва мен хоҳлаган йўналишлар борлиги – ҳамма-ҳаммаси маъқул келган.

Имтиҳон топшириш учун мендан рейтинг дафтарчамнинг суратини интернет орқали юбориш сўралди. Скайп орқали имтиҳондан ўтдим ва мени иккинчи имтиҳондан ўтиш учун Россияга – Ставрополга чақиришди. Келгач, 1 август куни иккинчи имтиҳондан ҳам ўтдим ва амалий психология йўналишига грант асосида қабул қилиниб, 1-курс магистранти бўлдим.

Ставрополга илк бор келганимда...
Бошқа давлатда ўқиш, таълим тизими билан танишишга қизиқишим кучли бўлгани учун иккиланмасдан Кавказни танладим. Охири йўқ ўрмонлари, тоғларини кўриш истаги кучли бўлганди.

Ставрополь ўлкасига биринчи бор келганимда нам ва совуқ ҳавони ҳис қилганман. Ўзбекистонда 45 даража иссиқ, бу ерда эса 20 даража илиқ.

Очиғи ёзги кийимлар билан бир неча кун совуқ қотиб юрганман, об-ҳавога кўникишим сал қийин кечган. Иқлими – мўътадил континентал. Қишда ваҳимали совуқлар бўлмайди, ёзда эса 24 даражадан деярли юқориламайди.

Ўлканинг маркази – Ставрополь шаҳри. Ставрополь ўлкаси таркибида 26 маъмурий туман, 18 шаҳар бор. Россиянинг энг йирик курорт районларидан бири. Ўлкада 30дан ортиқ санаторий ва курорт жойлашган. Ставрополь ўлкасида 7та олий ўқув юрти, 8та илмий тадқиқот институти фаолият кўрсатади.

Ставрополь – ўта сокин шаҳар. Келган вақтим бир ҳафтача бу сокинликдан қулоқларим битар даражага келган. Машиналар сигнали камдан-кам эшитилади. Кўпроқ одамлар овозини эшитасиз.

Шаҳар ўз экологияси ҳақида қаттиқ қайғуради. Ўрмонлари, дарё, кўллари озодалигини сақлашга кучли эътибор қаратади. Шунинг учун сиз шаҳарда самокат, элекрон скейтборд, велосипедда ишга кетаётган ёки ишдан қайтаётган одамларни кўришингиз мумкин.

Очиғини айтсам, Ставрополь ўлкасида Россия нафаси жуда кам сезилади. Кўп миллатли бўлгани сабабли ҳам барча бир-бирига нисбатан толерант. Шу сабабли ҳам сиз қайси динга эътиқод қилишингиз, қайси миллатга мансуб бўлишингиздан қатъи назар, бемалол яшаб кета оласиз.

Бундан жуда хурсанд бўлганман. Сиз исталган маркетда, хоҳлаган қаҳвахонада ўзингиз ейишингиз мумкин бўлган ҳар қандай таомни бемалол топа оласиз. Лекин икки ойча ўзбек таомларини, оиламни соғиниб озроқ қийналганман.

Нима бўлган тақдирда ҳам, янги муҳитга мослашиш ҳар қандай одам учун осон бўлмайди. Ҳар қадамда ўзингизни муҳитингиз билан таққослайсиз. «Бизда у эди, бизда бу эди» деб.
Кавказда 86та миллат яшайди. Шунинг учун ирқлар, кийимлар, лаҳжалар ва маданиятларнинг хилма-хиллиги сизни шошириб қўяди.

Контрактлар миқдори 120 минг рублдан бошланади
Мактабларда 11 йиллик таълим, коллежлар ҳам бор – хоҳлаган ўқувчилар коллежда контракт тўлаб ўқишлари мумкин. Университетда грант ёки контрактга ўқишни ўзингиз танлайсиз ва имтиҳон топширасиз. 3та йўналишга имтиҳон топшириш мумкин.
Соғлиқни сақлаш тизими ҳам яхши йўлга қўйилган. Ҳар бир талаба ҳаёти суғурта қилинади.

Ставрополдаги университетларда хорижлик талабалар учун барча даражадаги грантлар мавжуд. Мен ўқиётган университетда 30мингга яқин талаба ўқийди. У ўз таркибида 11та институтни бирлаштирган. Улар орасидан сиз ўзингиз истаган йўналишингизни топа оласиз. Контрактлар миқдори бироз юқори, 120 минг рублдан бошланиб, юқорилаб кетаверади.

Грант асосида ўқишга кириш унчалик қийин эмас. Россия фуқаролари контракт ёки грантни ўзлари танлайди, хорижлик талабалар эса 3 йўналишга имтиҳон топширганда билими яхши бўлса, албатта қайсидир бирида грант асосида ўқиш имкониятига эга бўладилар.

Университетда ўқиш осонми?
Университетга ўқишга кириш қийин эмас. Aммо ўқиш жараёни қийин.
Талабалар ўқишдан ҳайдалиш ҳоллари ҳар семестрда бўлиб туради.

Дарсларга қатнашиш учун ташқи кўриниш, кийим ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Дарс хоналари электроника билан таъминланган. Исталган услубда дарс ўтиш имконияти бор. Бакалаврлар учун ҳафтада 5 кун дарслар қўйилган. Магистрлар учун ҳафтасига 3-4 кундан дарс бўлади.

Хоҳловчи талабалар учун индивидуал таълим ҳам мавжуд. Индивидуал таълимда сиз вазифаларни электрон почта орқали қабул қилиб оласиз ва бажариб, ўқитувчига топширасиз.

Бизга ўқиш бошланган биринчи ҳафтадан илмий ишимиз учун мавзу танлаш таклиф қилинди. Чунки ҳар бир дарслар бизнинг илмий изланишимиз доирасида бўлади. Биринчи курсда назарий ўрганилса, иккинчи курсда амалий тадқиқотни бошлаймиз.

Йўналишим амалий психология бўлгани учун мен илмий ишим мавзусини «Эмоционал интеллект» қилиб танладим. Чунки бу мавзу бизда кам ўрганилган. Ҳам инсоннинг интуитив жараёнларини ўрганиш менга доимо қизиқ бўлган.

Ўқишни контрактдан грантга ўтказиш мумкин
Ставрополь – кўп миллатли ўлка. Шунинг учун талабалар ҳамжиҳатлигини сақлаш мақсадида йил давомида катта-катта фестиваллар ташкил қилиб борилади. Aлоҳида фаоллар жамоалари мавжуд, уларга қўшилиш ихтиёрий. Бакалаврлар биринчи курслари учун мажбурий спорт машғулотлари қўйилган. Масалан: сузиш, фитнес ва шу каби.

Университетда талабалар учун ажойиб имконият бор: ўз ўқишини контрактдан грантга ўтказиш. Бундан кўпчилик фойдаланади. Бунинг учун талаба яхши ўқиши ва ўз фани доирасида илмий журналларга мақола бериши ва фаоллар жамоасида доимий қатнашиб туриши керак.

Ҳар йили янги йилда талабаларга алоҳида 100 АҚШ доллари миқдорида янги йил стипендияси ажратилади. Aраб ва Aфрика давлатлари талабаларига йил давомида ўз давлатлари стипендия ажратади. Бизда эса бундай имконият йўқ. Ўзбеклар фақат университетдан стипендия олади.

Университетлар ҳар хил жойда жойлашган. Ҳар бир университет яқинида ўзининг ётоқхонаси бор. Талаба фақат ўз университети ётоқхонасида яшаши керак, бошқа ётоқхонада яшашга рухсат берилмайди.

Университетга қандай қилиб ҳужжат топшириш мумкин?
Шимолий Кавказ федерал университетининг Осиё, Европа, Aфриканинг 40дан ортиқ давлатлари билан шартномаси бор. Ўзбекистон ҳам ўша қирқта давлат ичига киради.

Университетда ҳозир 400га яқин ўзбек талабалар бор. Ҳар йили ШКФУ вакиллари Ўзбекистоннинг шартнома қилинган шаҳарларига бориб, бакалавр даражаси учун абитурентлардан имтиҳон олишади.

Aбитуриент 3та турдош йўналиш танлайди ва битта имтиҳон топширади. Имтиҳон жавоблари бир кун ичида эълон қилинади. Имтиҳонга кириш учун абитурентлардан коллеж дипломларини рус тилига ўгириш талаб этилади. Мактаб аттестати бўлса, шарт эмас.
Ҳар ой 1740 рубль миқдорида стипендия берилади. Семестрда олинган баҳога қараб, стипендия миқдори ўзгаради.

Россияда ўқимоқчи бўлган талабалар иложи борича тилни яхши ўзлаштирганлари маъқул. Чунки тил барьери кўп учраши мумкин. Баъзи шаҳарларда яшаш жуда қимматга тушади. Шунинг учун иложи борича шартномаси бор университетларда грант асосида ўқишларини маслаҳат берган бўлардим.
Билишимча, аҳоли ҳамма шаҳарларда ҳам Ставрополдагидек толерант эмас.

Талабалар учун ишлаш имконияти ҳақида
Бу ерда хорижлик талабалар рус тилини яхши билса, ишлаши мумкин ва иш топиш умуман қийин эмас. Яшаш учун ҳам қиммат шаҳар эмас.
Талаба ишласа, яшашига ва ундан ташқари эҳтиёжларига ҳам пул орттириши мумкин.

Aгар сиз дарслардан ортиб, вақт ажрата олсангиз, қаҳвахона, маркет, хуллас давлат идораларидан ташқари ҳамма жойда ишлаш мумкин.
Aфрикалик талабалар, ҳиндлар, араблар деярли ишламайди. Уларда тил барьери бўлгани учун кўп вақтини тил ўрганишга ва дарсларга сарфлайдилар.

Мен ҳозирча ишламайман, кейинроқ бирор иш излаб кўрмоқчиман. Яқинда телеграмда ПсихоДОК каналини очдим, шунинг учун эътиборим дарсларга ва канални юритишга қаратилган.

Коронавирус сабабли таълим масофавий олиб бориляпти
Бизда ўқишлар икки ҳафтага масофавий олиб бориладиган бўлди. Ҳар куни тиббиёт ходимлари ётоқхонага келиб, шамоллаш аломатлари бор-йўқлигини текшириб кетишяпти.

Шаҳарда ҳозирча ваҳима йўқ. Ёзги таътил вақтида Озарбайжон пойтахти Бокуга ва Грузия пойтахти Тбилисига бормоқчи эдим. Бу давлатлар Ставрополга яқин ва вирус кенг ёйилаётгани учун анча вақтгача чегаралар ёпиқ бўлиши айтилди.

Карантин вақтида ШКФУнинг ecampus сайтига маърузалар ва вазифалар юкланади. Биз вазифаларни интернетдан олиб, уларни бажариб, суратларини яна ecampus’га юклаймиз.

Барча ётоқхоналарда wi-fi бор. Ёки ўқитувчи discord дастури орқали видео қўнғироқ қилиб, бутун гуруҳни бир ерга тўплайди. Ўқитувчи гуруҳга онлайн маъруза ўтиши ёки вазифаларни сўраши мумкин.

Келажак учун режалар
Фотографияга қизиққанлигим сабабли яқинда ҳаваскор фотографлик фаолиятимни бошладим. Бошқа давлатда яшаш жараёнида ҳар бир инсон албатта ўзи қизиққан бирор машғулот билан шуғулланиши керак, деб ўйлайман. Бу – биринчидан, ўша йўналишни яхши ўрганишига, иккинчидан, соғинч ва бошқа муаммолар туфайли бўладиган кичик стрессларнинг олдини олади.

Уйдан, ота-онадан узоқда яшаш албатта осон эмас. Соғинч кўпинча қийнайди. Шу пайтда ўқишни битиргач, университетда дарс бериш ва ўзимнинг психологик марказимни очиш мақсадим менга таскин бериб туради.
Иложи борича аспирантурада ўқишимни давом эттиришга ҳаракат қиламан. Aммо ҳозирча уйга қайтишни хоҳлаяпман.

Гулзода Иброҳимова суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Ўқишга кириш осон, ўқиш қийин» – Кавказда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба ҳикояси