14:15 / 22.06.2020
4 522

Хайр севги, салом тақдир!

Хайр севги, салом тақдир!
“Бугун жуда ажойиб кун бўлди, Аллоҳ, ўзингга шукур!” дея хаёлидан ўтказди Зебо автобус ўриндиғига ўтираркан. Бўлажак турмуш ўртоғи унга узук совға қилди, яна турли бежирим туҳфалар. Энг ҳайратланарлиси, Зебо учун алоҳида сотиб олинган оқ либос. Қаллиғи “бошқалар кийган кийимни кийишингизни истамайман” деб изоҳлади. Ҳаммаси у орзу қилганидек. Шуларни хаёлидан ўтказаркан рўпарасидаги ўриндиққа келиб ўтирган инсонга беихтиёр кўзи тушди. Кўзи тушди-ю, бугун у учун чиққан қуёш ёмғирли булутлар орасида қолиб кетди.

Неча йиллар давомида шу автобусга ҳар гал ўтирганида атрофга аланглаб айнан шу инсонни излайдиган, кутадиган Зебо бугун уни кўришни истамасди. Чунки у энди бошқа бир инсон билан ҳаёт йўлларини боғламоқда. Биринчи муҳаббат ҳақида ўйлаш энди у учун гуноҳ! Нега айнан бугун у билан тўқнаш келди. Мактаб даврида болаларча кўнгил бергани - илк севгиси шунча йиллар ўтиб қаршисида бемаврид пайтда ўтирибди.

Зебо уни жуда ҳурмат қилар, бу ҳурмат кейинчалик муҳаббатга айланган, бу шунчаки ҳеч кимга ошкор қилинмаган соф севги эди. Ҳар сафар ўқишдан уйига қайтаркан, шу автобусда у ҳам уйига кетишини билиб уни кутарди, изларди, лекин тўрт йил давомида бирор марта у билан бир автобусда кетмаган. Бугун эса у Зебонинг ҳаёт альбомидаги севги бўлимининг расмларини қайта томоша қилишга ундаб қаршисида ўтирибди.

Қизиғи, гарчи Зебо уни яхши кўрган бўлса-да, ҳеч қачон у билан турмуш қуриш ҳақида ўйламаган. Бу шунчаки тоза булоқ каби соф туйғу эди, холос. Лекин энди унинг қалбига бошқа бир инсон кириши керак. Афсуски, кўнгил бир уй эмаски, ҳей сен, чиқ бу ердан, энди менга керагинг йўқ, бу макон бошқа бир инсонга тегишли дея олсак.

Қизалоқнинг бу муҳаббат қиссаси кимга ҳам қизиқ. Майли, ҳаётда бахт дегани бир армон билан эгиз юради. Шу илк муҳаббати унинг армони бўлақолсин. Шу фикрлар хаёлидан ўтаркан, “Зебо, бекатга етиб келдингиз, тушмайсизми?” деган овоз унинг ўйларига якун ясади. Зебо рўпарасидаги ҳамроҳи саволига жавоб бермай автобусни тарк этди. Ташқарида ёмғир ёғарди.

Муаллиф Дилором Бегматова

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Хайр севги, салом тақдир!