08:13 / 03.01.2021
2 092

Уйда мароқли таътил: Бола зерикмаслигига ёрдам берадиган 5 тавсия

Уйда мароқли таътил: Бола зерикмаслигига ёрдам берадиган 5 тавсия
Фото: Freepik
Таътилда болалар ўйин ва дам олиш майдончаларига ташриф буюришни, кинозалда бирга фильм томоша қилиш ёки музей ва театрга боришни исташи мумкин. Аммо пандемия вақтида ҳаммаси бошқачароқ. Имкониятлар чеклангани ва хавф ҳали ҳамон камаймагани сабаб иложи борича уйда бўлиш ва шунинг ўзида вақтнинг қизиқ ўтишини ташкиллаштириш керак.

Биргаликда таом тайёрланг
Ўзингизни ёки яқинларингизни мазали таомлар билан сийлашдан яхшироқ нарса бўлмайди, фарзандингиз билан бирга тайёрлаш эса ўзгача мароқ беради. Масалан, занжабил қўшиб, Янги йил печеньесини тайёрланг. Болалар хамирга турли қолиплар билан шакл бериши, тайёр бўлганидан кейин глазурь ёки шоколад билан безашга ёрдамлашиши мумкин. Ушбу машғулотни нафақат байрам баҳонасида, балки дам олиш кунларида ҳам биргаликда амалга ошириш ва буни одат тарзига киритиш мумкин. Шунингдек, турли мамлакат ошхонасига хос бўлган кечки овқат ташкил қилсангиз ҳам бўлади. Харитадан бирон давлатни танланг ва интернетдан миллий таомини ўрганиб, уни пишириб кўришга ҳаракат қилинг, ўша давлатнинг машҳур мусиқа ёки қўшиғини қўйишингиз ҳам мумкин.

Қўл меҳнати ёрдамида машғулот бажаринг
Ижод вақтни унумли сарфлашга, катталар асабийлашишининг олдини олиш, болалар ўзига хос энергияга тўлишига ёрдам беради. Масалан, интернетдан қандай қилинишини ўрганиб, қуш учун уйча ясашингиз мумкин. Бунинг учун уйда бор буюмлардан ҳам фойдаланса бўлади. Шунингдек, болаларга ўз қўли билан арча ўйинчоқ ясашни тавсия қилинг. Турли рангли қоғозлар ёки бошқа материаллардан ясалган ўйинчоқни турли тош, дур ва бисер билан безаш мумкин. Бундай қўл иши арчани безабгина қолмай, кичкинтойдан катталарга ажойиб совға бўлади.

Эски буюмларни ташлаб юборинг
Италияда Янги йил кириб келиши арафасида эски-туски буюмларни ташлаб юбориш анъанаси бор. Сиз ҳамма нарсани ташлаб юбормаган тақдирингизда ҳам ортиқча нарсалардан воз кечишга ҳаракат қилинг. Болалар хонаси ҳамда шкафларда йиғилиб қолган кераксиз кийим ва ўйинчоқларни яроқли ва яроқсизга ажратинг. Ўйин тарзида бўладиган бўлса, бола кераксиз ўйинчоқларидан кечиши осон бўлади. Кераксиз, аммо бутун кийим ва ўйинчоқларни бошқа эҳтиёжи борларга бериб юборинг, қолганини болангиз билан бирга жойланг. Ҳар бир буюмнинг қандай қилиб келиб қолгани, у билан боғлиқ воқеаларни сўзлаб беришингиз болангиз учун қизиқ бўлиши аниқ.

Интернет ва гаджетлардан дам олинг
Болангиз ва ўзингиз ҳам таътил баҳонасида интернет, телефон ҳатто телевизордан дам олишга ҳаракат қилинг. Кўпроқ яқинларингиз билан суҳбатлашишга, китоб ўқиш ва оддий юмушлар билан шуғулланишга ҳаракат қилинг. Тоза ҳавода бирга сайр қилсангиз яна яхши. Бир кун давомида ҳеч нарса қилмаслик билан миянгиз тозаланиши, чексиз ахборотлардан дам олиб, ҳордиқ чиқаришингиз аниқ. Кечки овқатни оилангиз билан биргаликда тановул қилинг. Таомни чиройли идишларга солиб, паст ва сокин мусиқа оҳанги ҳамроҳлигида столни чиройли шамлар билан безанг. Янги йил ва байрам кайфиятини бахш этадиган бошқа безаклардан ҳам фойдаланишингиз мумкин.

Хонадонингизда шоу ташкил қилинг
Оилавий йиғилиб, турли ўйин ва шоулар уюштиринг. Масалан, ҳар бир оила аъзоси маълум бир мавзуга тайёрланиб, уни тушунтириб берсин. «Менинг энг севмаган 10 ширинлигим», «Мушукларни яхши кўришимнинг 5 сабаби» ёки шунга ўхшаш бошқа исталган мавзу бўлиши мумкин. Тақдимотни кулгили суратлар ва бошқа қизиқарли қўшимчалар билан бойитиш мумкин. Ё бўлмаса, квест ўйнашингиз ёки тунги эртак ташкил қилишингиз мумкин. Бунинг учун қорбола ёки шунга ўхшаш қаҳрамонларни бурчакларга қўйинг ва совғаларни яшириб, яширган ерингизни харита қилиб чизинг ҳамда топишмоқ тарзида қаерда эканини топиш вазифасини юкланг. Қолаверса, исталган эртак қаҳрамонларини саҳналаштириш, уни фонар ва Янги йил чироқлари билан саҳнага ўхшатиб безалган уй бурчагида ижро қилишингиз мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Уйда мароқли таътил: Бола зерикмаслигига ёрдам берадиган 5 тавсия