20:46 / 11.03.2021
2 324

Қуёш ваннаси ва суяклар мустаҳкамлиги учун муҳим яна 10 та тавсия

Қуёш ваннаси ва суяклар мустаҳкамлиги учун муҳим яна 10 та тавсия
Фото: Freepik
Ёш ўтиши билан суяклар мўртлашгани сабаб остеопороз ва остеоартрит касалликларининг пайдо бўлиш хавфи юқори бўлади. Туркиялик шифокор Аҳмет Инанир суяклар саломатлигини сақлаш ва узоқ йиллар давомида фаол бўлиш учун нималарга амал қилиш кераклиги ҳақида маълумот беради.

D витамини
D витамин суяклар мустаҳкамлиги учун организмнинг асосий ёрдамчиларидан бири саналади. Ушбу витамин маҳсулот таркибидаги кальцийни яхши сингишини таъминлайди, шунингдек, суяк тўқимасининг регенерациясига жавоб берадиган ҳужайраларни рағбатлантиради. Қуёшнинг ультрабинафша нурлар таъсирида мазкур витамин организмда кўпроқ ажралади. Қуёш ваннаси ҳам бу борада яхши ёрдам бериши мумкин. Сут ичиш, тухум, картошка, балиқ ва қўзиқорин истеъмол қилиш ҳам организмнинг ушбу витаминга бўлган эҳтиёжини қоплашга ёрдам беради.

Кальций
Кальций суяклар, умуман олганда организм учун жуда ҳам муҳим саналади. Аммо ўзи яхши сингмагани сабаб ҳам уни D витамини билан бирга қабул қилиш тавсия қилинади. Организмдаги кальций етишмаслиги ўрнини босиш учун балиқ, бодом, ёнғоқ ва кўкатларни канда қилмаслик керак.

Фосфор
Фосфор етишмаслиги нафақат суякларнинг мўртлашиши, балки тишлар билан боғлиқ муаммоларнинг кўплаб кузатилишига ҳам олиб келади. Таркибида оқсил бўлган маҳсулотларни таомномадан чиқариб ташлаганлар, ширин газланган ичимлик истеъмол қиладиганларда, айниқса бу каби ҳолатлар кўп бўлади. Фосфор балансда бўлиши учун балиқ, товуқ ва сут истеъмол қилинг.

C витамини
Коллаген ишлаб чиқарилиши учун жавоб берадиган мазкур витамин цитрус мевалар, шунингдек, қулупнай ва яшил булғори қалампирида бисёр бўлади. Коллагеннинг етарли миқдорда экани пай чўзилиши каби муаммоларнинг олдини олиб, фаол, эгилувчан бўлишга ёрдам беради.

К витамини
Оқсил синтезида иштирок этадиган мазкур витамин, шунингдек, суякларнинг минерал тўйиниш жараёнида иштирок этади. Қолаверса, кальцийни организмга яхши сингишига ҳисса қўшади. Зайтун ёғи, кўкатлар, лавлаги ва кўк чой ушбу витаминнинг кони саналади.

B12 витамини
Суякларнинг қайта тикланишида муҳим рол ўйнайдиган мазкур витамин етишмаганда, организмга коллаген сингиши қийинлашади. Бу пайларнинг бўшашиши ҳамда остеопорозга олиб келади. B12 витаминига бўлган эҳтиёжни қоплаш учун қизил гўшт, сут ва тухумни канда қилмаслик керак.

Калий, А витамини ва омега-3 ёғ кислотаси
Фойдали экани билан ўзига хос бўлган мазкур моддалар кальцийнинг яхши сингишида ҳам аҳамиятли саналади. Шу сабаб ҳам кундалик рационга банан, ёнғоқ, зиғир донлари, шунингдек, балиқ ва кўкатларни киритиш тавсия қилинади.

Тийилиш керак бўлган маҳсулотлар
Қора чой, қаҳва ва газланган ичимликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилмаслик, остеопорозни келтириб чиқариши мумкин бўлган туз ҳамда оқсилдан тийилиш керак.

Фаол турмуш тарзига амал қилинг
Тўғри ва фойдали маҳсулотларга асосланган парҳез тутиш саломатлик учун фойдали, аммо соғлом турмуш тарзига ҳам амал қилиш керак. Спиртли ичимлик, стресс ва кам ҳаракатлилик уринишларингиз бесамар кетишига сабаб бўлиши мумкин. Спорт билан шуғулланинг, камроқ асабийлашишга ҳаракат қилинг.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қуёш ваннаси ва суяклар мустаҳкамлиги учун муҳим яна 10 та тавсия