00:23 / 21.08.2021
3 920

«Келиб, мени ўлдиришларини кутиб ўтирибман» - Афғонистондаги саноқли аёл сиёсатчилардан бири Зарифа Ғаффорий

«Келиб, мени ўлдиришларини кутиб ўтирибман» - Афғонистондаги саноқли аёл сиёсатчилардан бири Зарифа Ғаффорий
Зарифа Ғаффорий.
Фото: АҚШ Давлат департаменти

15 август куни, «Толибон» Кобулга кирган вақтда, афғонистонлик 29 ёшли ҳуқуқ ҳимоячиси ва сиёсатчи Зарифа Ғаффорий Британиянинг iNews нашрига Афғонистон пойтахтида қолиб кетгани ва толибларнинг қасос олишидан қўрқаётгани ҳақида сўзлаб берарди, деб ёзади Meduza.

«Бу ерда ўтириб, уларнинг қачон келишини кутяпман. Менга ёки оиламга ёрдам бера оладиган бирор кимса йўқ. Эрим ва оиламнинг бошқа аъзолари билан бирга уларни шунчаки кутиб ўтирибман. Толиблар менга ўхшаганларни топиб ўлдиради. Мен оиламни ташлаб кета олмайман. Ташлаб кетганимда ҳам қаёққа борардим?», — дейди у.

Зарифа Ғаффорий Кобулда туғилган ва Афғонистондаги фуқаролар уруши авжига чиққан вақтда ўсиб, улғайган. Унинг болалиги мамлакатни толиблар бошқарган 1990 йилларнинг охирларига тўғри келади. Ўша даврнинг қонун-қоидаларига кўра, аёллар кўчага бурқа кийиб ва фақат эркак қариндоши ҳамроҳлигида чиқиши мумкин эди. Аёллар ташқаридан кўринмаслиги учун биноларнинг биринчи ва иккинчи қаватдаги деразалари бўяб ташланар ёки ёпиб қўйилар, бу эса биқиқликни янада кучайтириб, руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммоларни — тушкунлик (депрессия) ва ўз жонига қасд қилиш ҳолларини кўпайтирарди.

Афғон аёлларига ўқиш, ишлаш ва сиёсат билан шуғулланиш тақиқланган эди. Улар муносиб тиббий ёрдамдан ҳам фойдалана олмасди — аксар шифохоналарда эркак шифокорлар аёлларни тўлиқ кийим-бошда бўлган ҳолида кўрикдан ўтказарди. Аёлларнинг бўйсунмаслиги қаттиқ жазоланарди: улар ё ўлгунича саваланиши, ё тошбўрон қилиниши мумкин эди.

2001 йили «Толибон» қулаб, АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари Афғонистонга кириб келиб, аёллар яна ўқиш ва ишлаш имкониятига эга бўлган вақтда Ғаффорий 7 ёшда эди. У 16 ёшида Ҳиндистондаги Панжоб университети стипендиясини қўлга киритиб, у ерда иқтисодиётни ўрганди. У 2014—2015 йилларда инсон ҳуқуқлари ташкилотига ва Peghla FM радиостанциясига асос солди — уларнинг ҳар иккиси ҳам аёллар ҳуқуқи билан шуғулланарди.

Ғаффорий 27 ёшида Афғонистондаги энг ёш мэрга айланди. У 2018 йили Вардак вилояти маъмурий маркази ҳисобланган Майдоншаҳр шаҳрига бош бўлди — у ерда кўпчилик толибларни қўлларди. Ҳокимнинг ёши ва жинси, табиийки, маҳаллий аҳолининг танқиди ва норозиликларига сабаб бўлган. Ҳокимлик биносига таёқ ва тош кўтарган эркаклар бостириб киргани боис у биринчи иш куниёқ ўз хонасидан эвакуация қилинган эди. Ғаффорий орадан тўққиз ой ўтибгина мэр ваколатларини бажаришга қайта олди, коррупцияга қарши кураш доирасида бир қатор амалдорларни ишдан ҳайдади, шаҳарсозлик ва экология бўйича лойиҳаларни бошлади ҳамда аёллар ўзлари тайёрлаган маҳсулотларни сотиши мумкин бўлган савдо майдонлари режасини ишлаб чиқди.

Мэрга мунтазам таҳдид қилинган, уни ҳатто бир неча бор ўлдирмоқчи ҳам бўлишган. 2021 йилнинг май ойида Time журнали Ғаффорийнинг учта суиқасддан омон қолгани ҳақида ёзганди — аёлнинг ўзи ушбу ҳужумлар ортида «Толибон» турибди, деб ҳисоблайди. Бошқа манбаларга кўра, суиқасдлар сони камида икки баробар кўп. 2020 йил октябрида АҚШ Давлат департаменти сиёсатчи ва ҳуқуқ ҳимоячисига қарши уюштирилган олтинчи суиқасдни қораловчи баёнот билан чиққан эди.

2020 йил ноябрида юқори мартабали афғон ҳарбийларидан бири ҳисобланган унинг отасини Кобулдаги уйи олдида отиб кетишган. Ғаффорийнинг фикрича, отаси айнан унинг фаолияти сабабли толиблар ўлжасига айланган. «Бу ‘Толибон’нинг иши. Мен Майдоншаҳрда уларга керак эмасман. Шу боис улар отамни ўлдирди», — дейди у.

17 август куни Sydney Morning Herald мухбирлари билан суҳбатда Ғаффорий бутун оиласи қўрқув ичида қолганини тан олди. «‘Толибон’ шаҳарни қуршаб олди. Улар одамларни ўлдириб, ҳаммаёқни вайрон қиляпти. Ҳаммамиз қўрқувдамиз. Онам қўрқяпти. Агар ўлиб қолсам, оилам ва эримнинг аҳволи нима кечади? Укам йиғлаб: ‘Опажон, кета олсанг, илтимос, кет!’, деб ёлворди», — дея ҳикоя қилади у. Зарифанинг айтишича, одамлар Кобулнинг бирдан босиб олинишига тайёр эмас эди, чунки улар «халқаро ҳамжамият афғонларни шундай ташлаб кетишини кутмаганди».

Ғаффорий «Толибон» етакчиларининг аёлларнинг ишлаш ва таълим олиш ҳуқуқларини сақлаб қолиш, хорижий ҳарбийлар ва Афғонистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилган шахсларни таъқиб қилмаслик ҳақидаги баёнотларига ишончсизлик билан қарайди. Унинг айтишича, толиблар «инсон ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари, қонунлар ва сиёсат ҳақида ҳеч нарса билмайди».

«Толибон» босиб олган ҳудудларда 20 йил аввал амалда бўлганига ўхшаш чекловлар кучга киргани ҳақида бошқа ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва ОАВлар ҳам хабар берган. Қандаҳор ва Ҳиротда толиблар банкда ишлайдиган икки аёлни кўчага қувиб солиб, ишга қайтишни тақиқлаган ва ўрниларига эркак қариндошларини юборишни таклиф қилган. Таҳор вилоятида эса уйига моторикшада қайтаётган қизлар тўхтатилиб, «очиқ шиппак» кийгани учун саваланган. The Wall Street Journal хотин-қизлар толиблар билан никоҳланишга мажбурланаётгани ҳақидаги афғонистонликларнинг гувоҳликларини эълон қилди. Ҳаракат вакиллари бу ахборотни рад этиб чиқди.

«BBC 2019 йили Зарифа Ғаффорийни дунёнинг энг таъсири кучли ва руҳлантирувчи 100 аёли рўйхатига киритган эди, орадан бир йил ўтиб у АҚШ Давлат департаментининг «Жасоратли аёл» халқаро мукофотига лойиқ кўрилди. У ҳозир ўзини яқиндагина уни табриклаб юрганлар томонидан ташлаб кетилгандай ҳис қиляпти.

«Мен ростдан ҳам дунёдан ортиқ ҳеч нарса хоҳламайман. Улар шунчаки ҳамма нарсани расво қилишади. Шундан ортиқ нарсани кутмаяпман. Қани энди, улар бизни ҳуқуқларимиз йўқолишидан, сўнгги 20 йилда эришганларимиз ҳавога учишидан қутқара олса, аммо улар ҳеч нарса қила олмайди», — дейди у.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Келиб, мени ўлдиришларини кутиб ўтирибман» - Афғонистондаги саноқли аёл сиёсатчилардан бири Зарифа Ғаффорий