07:00 / 19.01.2022
1 186

Муҳаббат – ўз тасаввурингга ошиқлик

Муҳаббат – ўз тасаввурингга ошиқлик
Аёл киши барибир ҳаётда кимгадир суянгиси келади. Ишонгиси келади. Лекин сиз ишонмоқчи ва суянмоқчи бўлган инсон ҳам биз каби оддий банда эканини ёдимиздан чиқариб қўямиз. Ўзимда ҳам шундай бўлган. Омон Мухторнинг асарларидан бирида муҳаббатга шундай таъриф берилган. «Муҳаббат – бу ўша инсонга бўлган шайдолигинг эмас, аксинча ўз туйғуларингга бўлган шайдолигингдир».

БИЗ ЎША ИНСОННИ СЕВМАЙМИЗ. Балки ўзимиз ўйлаб топган тасаввурларимизни севиб қоламиз. Оқибатда эса нима содир бўлади? Оқибатда ҳафсаламиз пир бўлади. «Мен ундан кутмагандим» деган оғриқ қалбимизни вайрон қилади. Томоғимизга нимадир тиқилади. Кўзимиздаги ёшимизни ушлай олмай қоламиз. Нимага? Нима учун? Айнан мана шундай саволлар миямизда айлана бошлайди.

Шу жойда ЎЗИНГИЗНИ ТАНИЯПСИЗМИ? Энди секин секин ўзимиз билан танишиб олиш вақти ҳам келгандира, нима дедингиз?

Яқинда бир сатрни ўқиб қолдим. Унда «Жуда ҳам қаттиқ севиб қолган аёл кучсиз бўлиб қолади» деб ёзилганди.

Ҳа, ҳақиқатанам шундай. Аммо муҳаббатсиз яшаб бўлмайдику. Демак, биз хафсаламиз пир бўлиб қолмаслиги ва муҳаббатсиз қолиб кетмаслигимиз учун ўзимизнинг нуқтамизни топиб олишимиз керак. Бу нуқтани мен топганга ўхшайман ва ўзимнинг усулимни сизга айтмоқчиман.

Биринчи навбатда, бутун диққатимни эримдан олиб, ўзим қизиққан нарсага йўналтиришга ҳаракат қилдим. Мен журналистман, аммо университетда олган 6 йиллик билимим доим камлик қилган. Айни пайтда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг қайта тайёрлов курсида ўқияпман. Мақсадим, ўзим билан яқинроқ танишиб, атрофимдаги инсонларга ҳам нафим тегса.

СИЗ НИМАГА ҚИЗИҚАСИЗ?

Ҳаммамиз ҳар хилмиз. Шундан келиб чиққан ҳолда ўзингиз севган хоббига диққатингизни қаратиб кўринг. Касб бошқа, қизиқиш бошқа. Бу, албатта, менинг фикрим.

Сизнинг ҳаётингизда шунга ўхшаш воқеалар бўлганми?

Яқинда психологик тадқиқот ҳақида ўқиб қолдим. Унда аёл кишининг бахтини 10 фоизи эркак билан боғлиқлиги айтилган. Демак, бахтли бўлишимизнинг 90 фоизи ўз қўлимизда.

ПОЗИТИВ БЎЛИНГ, ЎЗИНГИЗНИ СЕВИНГ, ҚИММАТ ЖОЙЛАРГА БОРИБ ОВҚАТЛАНИНГ ДЕМАЙМАН!

Чунки доим айтадиганимдек, мен ақл ўргатишни ёмон кўраману, аммо баъзида билмасдан бир нималар деб маслаҳат бериб қўяман. Беайб парвардигор.

Мен инсон психологиясини ўрганаётган сиз каби аёлман. Ҳар куни янги билимларни олишга шошилиб кетаман. Сиз ҳам бугун ҳаётингизнинг ўзгариши учун бир нима қилинг! Кўрасиз, ҳали мени айтди, дерсиз, ҳаммаси яхши бўлади.

Феруза Умрзоқова, @feruza_umrzoqova

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Муҳаббат – ўз тасаввурингга ошиқлик