00:15 / 05.05.2022
1 560

Россия постсовет давлатлари иқтисодиётини қандай ўзгартирмоқда?

Россия постсовет давлатлари иқтисодиётини қандай ўзгартирмоқда?
Мисли кўрилмаган халқаро санкцияларга дуч келган Россия иқтисодиётни доллар ва евродан тезкорлик билан тозаламоқда. Москва ўзининг барча ҳамкорларини миллий валюталарда ҳисоб-китоб қилишга ўтишга мажбур қилмоқда.

Озарбайжон билан товар айирбошлашнинг учдан бир қисми аллақачон рублга ўтказилган ва бу кўрсаткич ўсишда давом этмоқда. Аммо собиқ Иттифоқ ҳудудида чинакам чуқур интеграция учун Евроосиё иттифоқига янгича ёндашув зарур.

Постсовет ҳудудида де-долларизация (доллардан халос қилиш) Ғарб санкцияларидан олдин бошланган эди. Озарбайжон компаниялари россиялик шериклар билан шартнома тузишда нархлар доллар ёки еврода кўрсатилган бўлса-да, ҳисоб-китобларда - рублдан фойдаланган. Дарҳақиқат, икки мустақил давлатнинг савдо алоқаларини учинчи давлат валютасида қуришнинг ўзи ғайриоддий.

Душанбе ҳам Москва билан ҳисоб-китобларда доллардан рублга ўтмоқчи. Тожикистон раҳбарияти Сангтўда “ГЭС-1” дан электр энергияси сотиб олиш бўйича тузилган шартномани қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқда. Станциянинг 25 фоизи Тожикистонга, 75 фоизи эса Россия компанияларига тегишли. У ерда ишлаб чиқарилган электр энергияси энди рублга сотиб олинади. 2021 йилда Тожикистоннинг “Барки тожик” энергетика холдинги ўз қарзининг атиги 37 фоизини тўлаган.

Ўзбекистон
Айни пайтда Москва Ўзбекистонни нафақат долларсизланиш, балки евродан ҳам воз кечишга ундамоқда. Бу чақириқ Тошкентда яқинда бўлиб ўтган ИННОПРОМ-2022 кўргазмасининг очилиш маросимида Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров томонидан билдирилди. Унинг сўзларига кўра, пандемия, сўнгра рўй бераётган халқаро воқеалар бутун дунё мамлакатларини мустақилликни ошириш ва бир-бири билан ҳамкорликни кучайтириш учун миллий валютага ўтишга ундамоқда.

Москванинг ушбу масалага қизиқиши тасодифий эмас. Биринчидан, Россия Ўзбекистонга 10 миллиард долларга тенг сармоя киритган. Иккинчидан, у ердаги корхоналарнинг 17,5 фоизи русларга тегишли. Учинчидан, 2021 йилда давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 7,5 миллиард доллардан ошди. Республика ташқи савдосида Россиянинг улуши энг катта (17,9%). Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи давлат бўлиб, унинг иқтисодиёти постсовет ҳудудидаги энг йирикларидан бири эканлиги ҳам муҳим.

Евроосиё рубли
Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИ) интеграция ва макроиқтисодиёт вазири Сергей Глазевнинг айтишича, ЕОИИ мамлакатлари савдосида рублнинг улуши аллақачон учдан икки қисмдан ошиб кетган. 2013 йилдан 2020 йилгача у 63 фоиздан 74 фоизга ошди. Россия Беларус билан 82%, Қозоғистон билан 63% ва Қирғизистон билан 58% савдо тўловларини рублда амалга оширади.

Шуниси эътиборга лойиқки, Беларуснинг бошқа ЕОИИ мамлакатлари билан айланмаси рублда деярли учдан бир қисмини ташкил қилади. Қолган иттифоқ республикалари бундай кўрсатгичлар билан мақтана олмайди.

EИК 2022 йил охирига келиб ўзаро савдода миллий валюталарда ҳисоб-китоблар улуши 85 фоиздан ошишини кутмоқда. Арманистон аллақачон газ учун рублда тўлаяпти, Беларус ҳам Россия валютасига энергия сотиб олмоқчи. Шу билан бирга, нархлар ҳали ҳам долларда шаклланмоқда.
Беларус Молия вазири Юрий Селиверстов ЕОИИ доирасидаги ҳисоб-китобларда имкон қадар тезроқ миллий валюталар ёки рублга ўтишга чақирмоқда. Бунда Минск ва Москванинг мотивацияси кучли бўлса ҳам - қолганлари унчалик иштиёқ кўрсатмади.

Иқтисодий ривожланиш вазирлиги раҳбари Максим Решетников аввалроқ ЕОИИ давлатлари божхона ҳисоб-китобларини миллий валюталарга босқичма-босқич ўтказиш бўйича келишиб олгани, асосий қисми эса рублда бўлиши кераклиги ҳақида хабар берган эди. Аммо Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати зудлик билан бунга изоҳ берди. Улар фақат Россия ва Беларус божхона тўловларини рублга ўтказишини айтишди. Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон доллардан фойдаланишда давом этади.

Бирлашиш вақти келди
"ЕОИИ мамлакатларининг барчаси учун тўловларни рублда амалга ошириш - қулай. Масалан, валюта билан доимо муаммоларга дуч келган Беларуськўпинча тўловларни рублга ўтказишни ўзи сўраган", - дейди сиёсатшунос Андрей Суздальцев.

Унинг фикрича, янги схемага ўтиш Россияда доллар курсининг барқарорлашиши ва қадрсизланишига олиб келади. Бу эса Европа Иттифоқи мамлакатлари учун унчалик фойдали эмас: биржада рубль нархи ошади, бу эса ўз навбатида Россия газининг нархига таъсир қилади. Аммо бу баъзи экспертлар томонидан башорат қилинган долларнинг қулашига олиб келмайди. Бундан ташқари, рублнинг ЕОИИ ягона валютасига айланиши шубҳали, чунки унинг курси барқарор эмас.

"Энергия ташувчилар – асосан долларга ва бироз еврога сотилади. Шунинг учун Қозоғистон, албатта, хорижга ва қўшниларга ўз ресурсларини Америка валютасига етказиб беради. Ундан ташқари уларда, қайта кўриб чиқишни истамайдиган бошқа келишувлар ҳам бор. Рубль курси ўзгарувчан эканини унутмаслик керак", - дейди Суздальцев.

Россия ва рубль
Россия валютасининг айланиш доирасини кенгайтириш керак, аммо ҳозиргача ЕОИИ заиф интеграцион бирлашма бўлиб қолмоқда. 2021 йилда блок доирасидаги ўзаро савдо улуши умумий ҳажмнинг атиги 15 фоизини ташкил этди. Шунга қарамай, иттифоқнинг энг йирик бозори - Россия санкциялар остида экани ҳисобга олинса, бу кўрсаткич ўсиши мумкин, деб ҳисоблайди Суздальцев.

Иттифоқни мустаҳкамлашда кўп нарса ҳукмрон элиталарнинг қизиқишига боғлиқ бўлади, деб таъкидлайди иқтисодчи Владимир Савченко. Улар Москва билан сиёсий жиҳатдан боғлиқ бўлишига қарамай, иқтисодий жиҳатдан ҳамма нарса унчалик аниқ эмас ва маданий жиҳатдан фарқ янада катта.

"Пул - бу фақат муомала воситаси. Афсуски, иттифоқчилик муносабатларида биз қўшма корхоналар яратишнинг дастлабки босқичида тўхтаб қолдик. Биз трансмиллий корпорациялар ташкил этишимиз ва шу орқали ўз технологияларимизни, фанимизни, саноатимизни ва ҳудудларимизни мустаҳкамлашимиз керак. Бу компаниялар ЕОИИ мамлакатларидаги бизнесни бирлаштиради, бизнинг иқтисодларимизни интеграциялаштиради", - деб тушунтиради Савченко.

Мутахассиснинг фикрича, Иттифоқда автоном ишлаб чиқариш занжирларини ташкил этишига унинг аъзоларининг учинчи давлатлар олдидаги ташқи мажбуриятлари тўсқинлик қилмоқда. Россия эса ҳозирча қўшни давлатларининг иқтисодиётида унчалик фаол иштирок этмаяпти.

Масалан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Туркиядан эмас, балки аллақачон Марказий Осиё мамлакатлари ва Арманистондан харид қилишни бошлаш керак. Бу билан бирга у ерда янги иш ўринлари ҳам яратилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Россия постсовет давлатлари иқтисодиётини қандай ўзгартирмоқда?