17:17 / 31.05.2022
913

«Ўзбекнефтгаз» ўз заправкаларида бензин нархи ошмаслигини маълум қилди

«Ўзбекнефтгаз» ўз заправкаларида бензин нархи ошмаслигини маълум қилди
Ўзбекистонда 1 июндан нефть маҳсулотларига нисбатан акциз солиғи ставкаларининг миқдори ошиши ортидан бензин нархи ошиши мумкинлиги тўғрисида хабар берилганди. «Ўзбекнефтгаз»нинг маълум қилишича, Аи-80 маркали автобензиннинг чакана нархи ошмайди.

Таъкидланишича, «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2021 йил 29 декабрдаги қонунга мувофиқ қуйидаги нефть маҳсулотлари ва якуний истеъмолчига сотиладиган товарларга солинадиган акциз солиқ ставкаларига 2022 йил 1 июндан ўзгартиришлар киритилмоқда:

нефть маҳсулотларига солинадиган акциз солиқ ставкалари
  • 1 тонна Аи-80 маркали автобензин: амалда – 240 минг сўм, 1 июндан – 275 минг сўм (ўзгариш 35 минг сўм ёки 15 фоиз),
  • 1 тонна Аи-90 ва ундан юқори маркали автобензин: амалда – 275 минг сўм, 1 июндан – 275 минг сўм (ўзгаришсиз),
  • 1 тонна дизель ёқилғиси: амалда – 240 минг сўм, 1 июндан – 264 минг сўм (ўзгариш 24 минг сўм ёки 10 фоиз),
  • 1 тонна ЭКО дизель ёқилғиси: амалда – 216 минг сўм, 1 июндан – 237,6 минг сўм (ўзгариш 21,6 минг сўм ёки 10 фоиз).

якуний истеъмолчига сотиладиган товарларга солинадиган акциз солиқ ставкалари
  • бензин амалда – 465 530 сўм/тонна ёки 350 сўм/литр, 1 июндан – 512 минг сўм ёки 385 сўм/литр (ўзгариш 46 470 сўм ёки 35 сўм/литр ёки 10 фоиз),
  • дизель ёқилғиси: амалда – 425 918 сўм/тонна ёки 350 сўм/литр, 1 июндан – 468 минг сўм/тонна ёки 385 сўм/литр (ўзгариш 42 082 сўм ёки 35 сўм / литр ёки 10 фоиз).

«Юқоридаги ўзгаришлар Аи-80 бензини мисолида кўрилганида, АЁҚШларда ўртача нарх таркибидаги мавжуд солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ўртача 71 сўмгача (ҚҚС билан) бўлган миқдорда чакана нархига таъсир қилиши мумкин. Шу билан бирга, ‘Ўзбекнефтгаз’ тасарруфидаги UNG Petro АЁҚШларида 1 июндан акциз солиқлари бўйича киритилаётган ўзгаришлар ҳисобига бугунги кунда 1 литри 6 800 сўмни ташкил қилаётган Аи-80 маркали автобензиннинг чакана нархи ошмайди», — дейилади муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, 26 майдан Тошкент шаҳридаги «Ўзбекнефтгаз»га тегишли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида Аи-80 маркали бензин нархи кўтарилган ва ҳозирда у 6800 сўмни ташкил қилмоқда. Эртаси куни «Ўзбекнефтгаз» бензин нархининг ошгани бўйича расмий баёнот берган. Таъкидланишича, жаҳон бозорида Brent маркали нефть нархининг ўзгариши бутун дунёдаги бензин ва бошқа нефть маҳсулотлари нархларининг ўсиши ёки тушишига таъсир кўрсатмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » «Ўзбекнефтгаз» ўз заправкаларида бензин нархи ошмаслигини маълум қилди