18:49 / 05.09.2022
1 220

Импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларини маҳаллий ишлаб чиқариш бўйича топшириқ берилди

Импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларини маҳаллий ишлаб чиқариш бўйича топшириқ берилди
Шавкат Мирзиёев ички бозор 25 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импортига боғланиб қолаётганини танқид қилди.

Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш ва захирасини яратиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишда Андижон, Бухоро, Хоразм вилоятлари бу ерлардан самарали фойдаланиб, 3 мартагача ҳосил олиб, ички бозорни таъминлаш билан бирга экспортини 1,5 бараварга оширгани таъкидланди.

Ислоҳотлар натижасида республикада парранда гўшти, тухум, балиқ, гуруч маҳсулотлари билан таъминлаш даражаси анча яхшиланди.

Мисол учун, сўнгги 3 йилда:
  • балиқ етиштиришни Андижон 4 минг тоннадан 25 минг тоннага, Бухоро 3,5 минг тоннадан 23 минг тоннага оширган;
  • парранда гўштини Самарқанд 22 минг тоннадан 100 минг тоннага, Тошкент вилояти 31 минг тоннадан 90 минг тоннага етказган;
  • тухум ишлаб чиқаришни Сирдарё 127 миллион донадан 200 миллион донага, Наманган 480 миллион донадан 700 миллион донага, Фарғона 350 миллион донадан 600 миллион донага кўпайтириб, тўлиқ ўзини-ўзи таъминлаяпти.

Лекин, айрим вилоят ҳокимлари бу ишларни тўғри ташкил қила олмагани қайд этилди.

«Нима, бу вилоят ҳокимлари ҳудудига қанча озиқ-овқат етишмаслиги, қанча импорт кираётганини билмайди-ми?» дея савол қўйди президент.

Ички бозор 25 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импортига боғлиқ бўлиб қолаётгани қайд этилди.

Президент бу ҳолатни қаттиқ танқид қилиб, мутасаддиларга вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга бир ой муддатда ушбу 25 турдаги импорт маҳсулотларини ўзимизда ишлаб чиқариб, кўпайтириш бўйича лойиҳа пакетларини тақдимот қилиб, ҳукумат қарорини чиқариш топширилди.

Келгуси йил олти ой якуни билан бу борада ўзгариш қилмаган вилоят ҳокимлари ишдан олиниши кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг мавсумий ўзгариши юқорилиги кўрсатиб ўтилди. Сабаби - қишлоқ хўжалигига ихтисослашган 50 та туманда музлаткич, қуритиш, саралаш ва сақлаш қувватлари етишмайди.

Шу муносабат билан вилоят ҳокимларига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда 50 та туманда сақлаш қувватларини кескин ошириш бўйича алоҳида дастур қабул қилиш топширилди.

«Бунинг маблағлари бор. Лекин, бирорта ҳоким ўзида қанча маҳсулот сақлаш қуввати борлигини ҳам, бор маблағларни ишлатишни ҳам билмайди», деди президент.

Жорий йилда мева-сабзавотга ажратилган 1,5 триллион сўм кредит ресурсларининг 670 миллиард сўми ўзлаштирилгани ҳам қайд этилди.

Ҳокимлар ўзларининг таклифларида фақат амалга ошириладиган янги лойиҳалар, улар ҳисобига олинадиган маҳсулот ҳажмини кўрсатаётгани, бу аҳолининг таъминотига қандай таъсир қилади, йил якунигача нарх-наво нима бўлади, деган саволларга жавоб йўқлиги танқид қилинди.

Вилоят ҳокимларига ўн кун муддатда импорт бўлаётган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзимизда кўпайтириш бўйича аниқ тадбиркор ва аниқ лойиҳаларни кўрсатиб, ҳар бир маҳсулот кесимида ҳозир қанча ва бир йил ичида қанчага кўпайтириши бўйича аниқ режа ва ҳисоб-китобларни тақдим этиш топширилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларини маҳаллий ишлаб чиқариш бўйича топшириқ берилди