18:37 / 18.11.2022
1 685

Ўзбекистонда иккита крипто-дўкон очилади

Ўзбекистонда иккита крипто-дўкон очилади
Фото: cointribune.com
Ўзбекистонда бирданига иккита крипто-дўкон очилади. Crypto Trade NET ва Crypto Market компаниялари ўз фаолияти учун лицензия олди.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги “Crypto Trade NET” МЧЖ ва “Crypto Market” МЧЖга крипто-активларни сотиш фаолиятини амалга ошириши учун лицензия берди.

«Ўзбекистон крипто-активлар муомаласини тартибга солиш бўйича яхши шаклланган қонунчилик базасига эга дунёдаги саноқли давлатлардан бири ҳисобланади. Ушбу икки компания МДҲ ва Марказий Осиёдаги биринчи крипто-дўконга айланди», — дейилади агентлик матбуот хизмати хабарида.

2022 йилнинг 31 октябридан кучга кирган қоидаларга кўра, крипто-дўкон мижозларга электрон платформа ёки савдо объектига (офлайн) киришни таъминлаш орқали крипто-активларни сотиб олиш/сотиш бўйича операцияларни амалга оширади.

Электрон платформада Ўзбекистон фуқаролари крипто-активларни сўмга, чет элликлар эса хорижий валютага сотиб олиши ёки сотиши мумкин. Тўловлар банк ўтказмалари орқали амалга оширилади.

Офлайн форматда нақд тўловлар ҳам мумкин. Бунда крипто-активларни миллий ва хорижий валютада сотиб олиш, аммо уларни фақат сўмга сотиш мумкин.

Крипто-дўкон операторлари барча мижозларни идентификация қилиши шарт.

Криптодўконларга мажбурий идентификациядан ўтмаган мижозлар, вояга етмаганлар, террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этган ёки иштирок этишда гумон қилинганлар, Ўзбекистон фуқаролари томонидан чиқарилган крипто-активлар, аноним крипто-активлар, шунингдек, ўзгармас токенлар билан ишлаш тақиқланган.

2021 йилда Ўзбекистонда крипто-активларни биржада сотиб олишга рухсат берилган. Kun.uz Лойиҳалар бошқаруви миллий агентлиги мутахассисидан крипто-активлар борасида муҳим саволларга жавоб олганди.

Аввалроқ Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистон махсус хизматлари учун криптовалюта ва даркнет бўйича ўқув курсларини бошлаган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда аноним криптовалюта майнинг қилиш, шу жумладан, жисмоний шахсларнинг криптовалюта майнинг қилиши қонун билан тақиқланган.

Майнинг билан шуғулланувчи юридик шахслар ягона энергетика тизимидан фойдаланса, электр энергияси учун тўловни икки баравар ошириб тўлаши шарт.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистонда иккита крипто-дўкон очилади