00:13 / 12.01.2023
501

Россия—Украина уруши Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилди?

Россия—Украина уруши Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилди?
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари томонидан Россия—Украина можаросининг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири ўрганилди.

Россия—Украина қарама-қаршилиги оқибатлари Ўзбекистон иқтисодиётига асосан инфляция, ташқи савдо, уй хўжаликларининг бирламчи ва иккиламчи даромадлари, кўчмас мулк ва фоиз каналлари орқали таъсири таҳлил қилинди.

Мазкур таҳлилда 2022 йилнинг 10 ойи учун статистик маълумотлардан фойдаланилди. Шоклар 2022 йил март ойидан бошлаб кейинги 18 ой учун 3 хил сценарийда (хом ашё нархи ошиши, пул ўтказмаларининг камайиши, меҳнат бозори қисқариши) симуляция қилинди.

Дунёда инфляцияга энг катта босим асосан озиқ-овқат ва энергия нархларининг кескин кўтарилиши ҳисобига содир бўлаётган бўлса, Ўзбекистонда аксарият энергия нархлари давлат назоратида бўлганлиги сабабли инфляциянинг тезлашишига асосан озиқ-овқат ва хизматлар нархларининг ўсиши сабаб бўлмоқда.

2022 йил февраль ойида йиллик озиқ-овқат нархлари ўсиши 13,1 фоизгача секинлашган бўлса, октябрь ойига келиб 16,3 фоизгача кўтарилди. Мазкур даврда меҳмонхона ва ресторан хизматлари нархлари йиллик ўсиши 14,7 фоиздан 23,3 фоизгача тезлашди.

2022 йил март—октябрь ойларида Ўзбекистоннинг Россияга экспорти ҳажми 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 47 фоизга ошди.

Шундай бўлса-да, глобал бозорларда товар ва хом ашё нархларининг сезиларли кўтарилиши номинал экспорт ҳажмининг кўтарилишига сабаб бўлмоқда. Мисол учун, март—октябрь ойларида Россияга пахта ип-калаваси экспорти 41 фоизга ортган.

Лекин, ушбу даврда пахта толаси нархлари ўзгаришини ҳисобга олинганда, реал ўсиш 8 фоизни ташкил қилади. Таъкидлаш керакки, 2022 йилда сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курснинг барқарорлашуви маълум даражада ташқи шокларнинг салбий таъсирини юмшатди.

Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 9 ойи мобайнида Ўзбекистонга россиялик 318 минг нафардан ортиқ фуқаро келган.

ПМТИ
ПМТИ экспертлари томонидан 750 та релокантлар резюмесини ўрганиш натижаларига кўра келаётган мутахассисларнинг ўртача ёши 32 ёшни ташкил этади.

Иш қидираётганларнинг 93 фоиздан ортиғи олий маълумотли ва ўртача 8 йиллик иш стажига эга. Ўзбекистонга асосан муҳандислар (барча резюмеларнинг 18 фоизи), IT мутахассислари (15 фоиз), менежерлар, маркетологлар, бошқарув мутахассислари ва маъмурий ходимлар (30 фоиз), ўқитувчилар (7 фоиз), шифокорлар ва фармацевтлар (6 фоиз), шунингдек, молиячилар (4 фоиз) ташриф буюрмоқда.

Пул ўтказмалари таркибида Россиянинг улуши ошиб кетиши кузатилди; 2022 йил март ойида Россиядан пул ўтказмаларининг Ўзбекистонга жами пул ўтказмаларидаги улуши 50 фоизгача тушиб кетган бўлса, май ойига келиб ушбу кўрсаткич 85 фоизга етди (2021 йилда 70 фоиз, 2020 йилда 72 фоизни ташкил этган эди).

Ноябрь ойида Тошкент шаҳрида 1 квадрат метр учун хонадон нархлари ўтган йилга нисбатан ўртача 27 фоизга ошган, яъни ушбу кўрсаткич 2021 йил ноябрда 849 доллар бўлган бўлса, 2022 йил ноябрда 1078 долларга етди.

Уй-жой нархларининг жиддий ошиши бошқа давлатларда ҳам кузатилди. Global House Price Index маълумотларига кўра, юқори инфляция ва ипотека фоиз ставкаларининг кўтарилиши аҳолининг уй-жой сотиб олиш имкониятларини чеклаган бўлишига қарамай, 2022 йил биринчи чорагида дунёнинг 56 мамлакатида уй-жой нархлари ўртача 10,2 фоизга ошган.

Нархларнинг ўсиши глобал ўзгаришлар натижасида пул оқимларининг кўчмас мулк бозорига йўналтирилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Инфляция даражасининг тезлашиши аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини яшаш харажатлари ошишидан ҳимоялаш учун давлат харажатларининг ошишига сабаб бўлди.

Масалан 2022 йилнинг 9 ойида ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари 14,5 триллион сўмга етиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 1,9 баробарга ошди.

Жаҳон бозорида хом ашё нархининг 1 фоизга кўтарилиши Ўзбекистонга қандай таъсир қилади?

Хом ашё нархининг юқорилаши оқибатида Ўзбекистон иқтисодиёти реал ўсиши 2023 йилда потенциалидан кўра 2 фоиз бандга секинлашиши мумкин.

Юқори нархлар инфляция даражасининг қўшимча 0,4 фоиз бандга ошишига, шу жумладан импорт инфляцияси -0,3 фоиз бандга ўсишига сабаб бўлади. Зарба таъсири кейинги тўрт чорак давомида сезилади.

Оралиқ истеъмол товарлари нархларининг ошиши натижасида маҳаллий ишлаб чиқаришнинг қисқариши сабабли экспорт 1 фоиз банд ва импорт 0,4 фоиз бандга камаяди. Бу эса бандлик даражасининг 1 фоизгача қисқаришига олиб келиши мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Россия—Украина уруши Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилди?