10:00 / 29.01.2023
338

Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифидан эришилган энг муҳим ютуқлар санаб ўтилди

Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифидан эришилган энг муҳим ютуқлар санаб ўтилди
Фото: Президент матбуот хизмати
Сиёсатшунос Фарҳод Толипов сўзларига кўра, икки давлат фуқароларининг кириб-чиқиши билан боғлиқ жараённинг енгиллаштирилиши, вилоятлараро ҳамкорлик, савдо муносабатларининг ривожлантирилиши, чегара масалаларининг ҳал қилиниши, «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўли лойиҳасининг «жойидан силжиши» давлат раҳбари ташрифи давомида эришилган муҳим ютуқлар бўлган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26-27 январ кунлари расмий давлат ташрифи билан Қирғизистон Республикасида бўлди.

Ўзбекистонлик сиёсатчи Фарҳод Толипов давлат раҳбари ташрифини юқори баҳолаб, эришилган бир қанча муҳим ютуқларни санаб ўтди. Унинг сўларини Azon TV келтирди.

«Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлди. Стратегик шериклик тўғрисида декларация қабул қилинди, лекин буни стратегик шерикликни кенгайтириш ҳақидаги декларация деб ҳисоблаш керак. Чунки бундай битим анча олдин, Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида имзоланган эди. Ўша пайтдан бери Ўзбекистон ва Қирғизистон стратегик шерик деб ҳисобланади», деди Толипов.

Сиёсатчи сўзларига кўра, икки давлат фуқароларининг ўзаро кириб-чиқишида енгиллик берилиши мисли кўрилмаган ютуқ ҳисобланади.

«Ташриф давомида мисли кўрилмаган ютуқларга эришилди. Жуда кўп ҳужжатлар, келишувлар имзоланди. Лекин назаримда энг муҳими – икки давлат фуқароларининг ўзаро кириб-чиқишида паспорт назоратининг енгиллаштирилгани. Бундай қарор, ечим ҳали Марказий Осиё давлатлари орасида бўлмаган. Масалан, Ўзбекистон ва Қозоғистон иттифоқдошлик тўғрисидаги битимни имзолаган, яъни бу стратегик шерикликдан ҳам юқори турадиган муносабатлар ҳисобланади. Лекин икки давлат орасида фуқароларнинг кириб-чиқиши билан боғлиқ бундай енгиллик ҳали йўқ. Қирғизистон билан янги ечим топилди, рўйхатдан ўтиш электрон тарзда бўлади, яъни паспортга ҳеч қандай муҳр босилмайди. Ҳатто ID карта билан ҳам ўтиш мумкин. Бу жуда катта ютуқ», деди Толипов.

Унинг сўзларига кўра, нафақат катта шаҳарлараро, балки вилоятлараро ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар қабул қилингани ҳам эътиборга лойиқ ҳодиса.

«Хусусан, Наманган билан Жалолобод вилоятлари, Фарғона билан Боткент вилоятлари, Андижон билан Ўш вилоятлари ўртасида ҳамкорлик қилинади. Вилоятлараро ҳокимлар кенгаши тузилади, доимий учрашиб турилади», деди сиёсатчи.

Бундан ташқари, савдо-иқтисодий муносабатларда ҳам стратегик шерикларга мос марраларга эришилган.

«Яна бир катта ютуқ, ўзаро савдо муносабатлари билан боғлиқ. Ўзаро товар алмашинуви 1,3 миллиард долларга етказилди, бу ҳам Марказий Осиё миқёсида катта ютуқ. Инвестицион ва иқтисодий ҳамкорлик доирасида имзоланган келишувлар, ҳужжатлар пакети қиймати 1,6 миллиард долларга етди. Ҳақиқатдан ҳам стратегик шерикларга мос муносабатлар бўлди», деди Толипов.

Шунингдек, сиёсатчи чегара масалаларининг ҳал қилинишини ҳам муҳим ютуқ сифатида таъкидлади.

«Яна бир муҳим ютуқ икки давлат ўртасидаги чегара масалаларини ҳал қилиниши. Энди бу муаммолар кун тартибидан олиб ташланади деб умид қиламиз. Бу ҳам бошқа Марказий Осиё давлатлари учун намуна бўлиши керак», деди у.

«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўли қурилиши лойиҳасининг «жойидан силжигани» ҳам манфаатли бўлгани таъкидланди.

«Ниҳоят, «мега лойиҳа» деб аталмиш «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўли қурилиши лойиҳасига туртки берилди. Бу лойиҳа 1998 йилдан бери чўзилиб келаётган эди. Энди бу лойиҳанинг амалга оширилишига шубҳа қилмасак ҳам бўлади. Бу нафақат уч давлат ўртасидаги, балки ундан ҳам каттароқ лойиҳанинг бир қисми ҳисобланади. Яъни Хитойни Ғарбий Европа билан боғловчи артерия бўлади», деб сўзини якунлади Толипов.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифидан эришилган энг муҳим ютуқлар санаб ўтилди