299
«Қора бухгалтерия», ҳадсиз ҳисоботлар, лоббизм ва қоғоз пуллардан воз кечиш ҳақида суҳбат
Ҳар қандай идора ва ташкилотнинг иқтисодий томири бухгалтерия ҳисобланади. Буни кўпчилик яхши билади. Ташкилотни кўтарадиган ҳам, йўқ қиладиган ҳам шу бўғин аслида. Хўш, онда-сонда зорланиб қоладиган бухгалтерия ходимлари – ҳисобчилар бугун қандай ишлашяпти? Турли расмиятчиликлар, баланс, солиқ, тушум билан боғлиқ ҳисоботлар тайёрлаш ва топшириш юмушлари уларни толиқтириб қўймаяптими?..
Бу каби саволларга салоҳиятли мутахассис, замон билан ҳамнафас, ўз соҳасига оид қўлланмалардан ташқари доимий равишда бадиий китоблар мутолаа қиладиган ҳисобчи Отамурод Султонов жавоб берди.
– Четдан олиб қараганда, бугун бухгалтерияда анча ижобий ўзгаришлар бўляпти. Дейлик, айрим ҳисоботлар топширишнинг енгиллаштирилиши, бекор қилиниши ва ҳоказо... Кейинги уч йилни олиб қараганда, бунга сиз нима дейсиз?
– Ҳа, бу соҳа охирги пайтда анча ривожланди. Ҳозирги пайтда кўплаб ташкилотлар бухгалтерияни фақат солиққа ҳисобот топшириш билан шуғулланади, деб ўйлайди. Бухгалтерия курслари кадрларни шу йўналиш бўйича ўқитяпти. Бугун кучли тадбиркорлар синфи пайдо бўлмоқда, лекин улар инфолўттивозларнинг қурбонига айланиб қолмоқда (гўёки бизнесда Гарри Потернинг сеҳрли таёқчаси борлигига ишонишади).
Кейинчалик адашишгани ва бизнесни рақамлар билан бошқариш кераклигини англагач, шу соҳа вакиллари, масалан, бухгалтер (бухгалтер-таҳлилчи) солиқлар ва харажатларни оптимизация қилишни биладиган кадрларга талаб кучаяди. Аммо ўша пайтда кадрлар танқислиги вужудга келиши мумкин. Ҳозирги кунда кўплаб кадрлар фақат «самоучка» бўлиб қолишган. Тўрттагина ҳисобот топшириб, ўзларини бухгалтер деб юришибди, соҳанинг ичига киришмаяпти...
Кейинги йилларда соҳа ёши қисқариши мумкин. Менинг назаримда, ҳозирги кунда шу бухгалтерия вакиллари учун меъёрий ёш: 25 – 35. Ундан юқорисига соҳада ишлаш қийинлашади.
– Бугун корхона-ташкилотлар иқтисодий ҳаётида энг оғриқли масала нима деб ўйлайсиз?
– Малакали кадрларнинг етишмаслиги ва кадрлар қўнимсизлиги. Маркетинг ва хизмат кўрсатишга эътибор бермаслик. Солиқ қонунчилигининг шиддат билан тезда ўзгариши. Ва мижозларни топиш ҳамда уларни ушлаб қолишга катта эътибор берилмаслик энг оғриқли масала, деб ўйлайман.
– Қўшимча қиймат солиғи 15 фоиздан 12 га туширилди. Дунё миқёсида олиб қараганда, бу яхшими ёки ёмонми?
– Аслида иқтисодий жиҳатдан олганда, дунё миқёсида яхши. Лекин бизнинг тадбиркорларимиз нисбатида унча ижобий эмас. Бизда нархлар тушмайди, аксинча янада ошишда давом этади. Бунда фақат ўртадаги 3 фоиздан тадбиркор ютади. Қолганларга ҳеч қандай таъсир қилмайди.
– Тажрибали ва изланувчан мутахассис сифатида бугунги Ўзбекистон иқтисодиётини қандай баҳолаган бўлардингиз?
– Республика иқтисодиёти пойтахт Тошкент атрофида яхши ривожланган. Рақобат муҳити яхши, инфраструктура ва логистика мавжуд. Бизнес ва иқтисодиётда бюрократия бўлмаслиги керак. Айрим жойларда нарх-навони назоратга олиш зарур, лекин бу бюрократия эмас. Бозор эркин иқтисодиёт қонуни ва ҳуқуқий жамият тамойиллари билан ривожланиши, шахсларга боғланмаслиги керак.
Афсуски, бизда иқтисодиёт кимнингдир маблағлари ёки лоббизм асосида шаклланмоқда. Бу эркин рақобат ва нархларнинг сунъий кўтарилишига олиб келади, охир-оқибат истеъмолчи ва давлат ютқазади. Сабаби, асосий ижтимоий неъматлар нархининг ошиши (ойлик иш ҳақи етмаслиги ижтимоий қийинчиликлар ва норозиликлар туғдириши ёки қора иқтисодиёт ва коррупцияни кучайтириши мумкин) давлат томонидан бюджет танқислиги ва қўшимча маблағларни излашига сабаб бўлади.
– Сиз қайси мамлакат иқтисодиётини идеал ҳисоблайсиз?
– Мен учун ҳеч қайси давлатнинг иқтисодиёти идеал эмас. Чунки иқтисод шундай жабҳаки, айрим пайтларда ўсиб, кейин тушиши мумкин. Фақат нисбий олиб жавоб беришим мумкин: ҳозирги кунда Хитой ва Япония иқтисодиёти маъқул. Биз ҳам уларга ўхшаб экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришимиз керак (импортбоп эмас). Бу сал бўлса-да, миллий иқтисодиётимизда инфляциянинг босимини камайтиради.
– Хабарингиз борми, хорижда ҳам бухгалтерия ҳисоботлари топшириладими?
– Ҳа, уларда ҳам турли йўналишларда топширилади ва бизникидан ҳам кўп. Масалан, Франция ва Испанияда энг кўп ҳисоботлар топширилади. Хитойда эса ҳисоботларнинг мазмуни тўғрилигига катта эътибор қаратилади, ҳатто айрим ҳолатларда озодликдан чеклаш жазолари бор. Давлатда ўрта ва юқори синф тадбиркорлари қанча кўпайишда давом этса, уларда ҳисоботларга талаб ошаверади. Даромадларни яширмаслик керак. Давлат бюджети, асосан, солиқ тушумларидан шаклланади.
– Яна ўзимиздаги ҳисоботларга қайтсак... Статистика учун ҳисоботлар топшириш борасида норозиликлар бор. Бу борада сиз нима дейсиз?
– Аслида ҳисоботларни бир хиллаштириш ва уларни реал режимда битта ташкилотга топширадиган қилиш керак. Қолган зарур идоралар ўзига керакли маълумотларни фақат битта ташкилотдан олаверсин. Мен ҳар бир ташкилотга алоҳида ҳисобот топширилишига қаршиман.
Аммо шахсан ўзим учун статистика ҳисоботи энг зўр ҳисобот саналади, чунки маълумотлар тўлиқ ва тўғри киритилса, ажойиб ахборотга эга бўлишимиз мумкин. Лекин статистиканинг моддий-техник базаси ва иқтисодий жиҳатдан яхши таъминланмаганлиги сабабли ҳали ҳам эскича вариантда ишлаши ва дастури рисоладагидек ишламаслигига олиб келмоқда. Мен, ҳисоботлар кўп ва тушунарсиз деб айтаётганларни аслида математика дарсига кирмасдан мактабни битирганлар, деб ҳисоблайман. Чунки математикани билган одам учун бу жуда ажойиб ҳисобот ва мен ҳар доим статистикага ҳисобот топширганимда мазза қиламан. Қандайдир ажойиб математик масалани ечгандай ҳис этаман ўзимни.
– Ҳар ой охирида ишлар қалашиб кетадиган, зарур дастурлар ишламай қоладиган ойлик ҳисоботлар ҳалиям борми?
– Ҳозирги кунда бундай эмас. Ҳаммаси ўз вақтида тайёрланса ва реал вақт режимида амалга оширилса, ишлар кўпайиб кетмайди. Ҳисоботлар ҳам ўз вақтида топширилади.
– Нақд тўлов ва пул ўтказиш бир пайтлар муаммо эди. Бугун ечим топилгандек. «Қора бухгалтерия» ҳозир ҳам мавжудми, нима деб ўйлайсиз?
– Қора бухгалтерия ҳеч қачон ўлмайди. Нақд пул ҳозирги кунда муаммо эмас (пулларни нақдлаштириш – қора бухгалтериянинг фақат бир қисми ва унинг ичида унчалик катта ўрин эгалламайди). Хоҳлаганча суммани ечиб олиш мумкин. Бунинг учун қонуний йўллар бор, фақат озгина солиқ харажатларидан қочмаслик керак.
– Бугунги инфляцияга қандай муносабат билдирган бўлардингиз?
– Менинг тахминларим бўйича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда нафақат ўзимизнинг миллий валюта, балки доллар инфляцияси ҳам ошиб бормоқда. Бу нимани англатади? Чет эл валютасининг ҳам инфляцияси кучайса, жамиятда иқтисодий нотенглик ва қатламлар ўртасида катта жарликлар вужудга келади, олигархлар, бойлар ва ўта-ўта камбағаллар синфи пайдо бўлади.
– Ўзбекистон иқтисодиётни кўтариш учун сиз нималарни таклиф қилган бўлардингиз?
– Имтиёзларни йўқотиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, инфраструктурани нафақат Тошкентда, балки барча ҳудудларда ривожлантириш керак. Мен яна қоғоз пуллардан воз кечиш ва юз фоиз электрон ёки пластик карталарга ўтишни таклиф қилган бўлардим. Лоббизмни таг-туги билан бартараф этиш шарт. Техник ва технологик кадрларни ўстириш, ёнилғи мойлаш ва энергетика нархларини тушириш ёки камайтириш устида ишлаш, логистика ва йўлларни ривожлантириш жуда муҳим.
Қўшни мамлакатлар билан иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, чет мамлакатларда ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик билан шуғулланадиган ва пировардида ишлаб топган пулларини ўзимизнинг юртга жўнатадиган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашимиз керак. Яна аграр маҳсулотлар ва моддий бойликларини сотадиган иқтисодиётдан ғоялар, ишлаб чиқариш ускуналари, юқори технологик ишлаб чиқаришлар ва жаҳон бозорида талабгори бўла оладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариб, уларни экспорт қилишимиз керак.
Анвар Намозов суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Ғазода 2023 йил октябрь ойидан буён 17 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлган...