2022 йил 10 декабрдан Аи-80 автобензини учун акциз солиғи нол ставкада қўлланиши ва биржада “спред”, яъни нархларнинг ўсиш даражаси чекланиши белгиланган эди.
Натижада АЁҚШларда Аи-80 русумли автобензиннинг нархи бир литри учун ўртача 6800–7500 сўмдан 5700–6000 сўмгача, яъни ўртача 1100 сўмга арзонлашганди.
Бу тартиб қишда автомобилларга газ қуйиш шохобчалари узоқ вақт ёпиқ бўлгани муносабати билан жорий қилинганди.
Акциз солиғи бўйича имтиёзли давр 1 мартгача деб белгиланган. Демак, баҳорнинг илк кунидан эътиборан Аи-80 нархи қимматлайдими? “Ўзбекнефтгаз” матбуот хизматининг тасдиқлашича, 1 мартдан акциз солиғи ҳисобланиши ва биржада нархларнинг эркин шаклланиши ҳисобига Аи-80 русумли автобензин нархи ошиши кутиляпти.
Расмийларга кўра, 1 мартдан биржага чиқариладиган 1 тонна маҳаллий Аи-80 бензинининг бошланғич нархи 6 млн 863 минг сўмдан, импорт автобензини эса 8 млн 36 минг сўмдан шаклланиб, биржа савдолари якуни билан нархлар ўртача 8 млн 150 минг сўм, яъни 1 литр учун 6 100 сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
Бунда, нархлар ўзгариши ҳисобига “Ўзбекнефтгаз” тасарруфидаги АЁҚШларда 1 литр Аи-80 русумли автобензиннинг чакана нархи маҳаллий маҳсулот учун 6 800 сўмдан, импорт маҳсулоти учун 7 000 сўмдан бўлади.
Яъни нархлар имтиёзли даврдан олдинги 6800-7500 сўмлик даражага қайтади.
Маълум қилинишича, aкциз солиғи нол ставкада қўлланиши ва биржа савдоларида “спред” жорий этилиши даврида (2022 йил 12 декабр – 2023 йил 22 февраль) республика истеъмолчиларига 386 минг тонна (ўртача кунлик 5 300 тонна), ёки ўтган йилларнинг мос даврига нисбатан 188,6 минг тоннага кўп Аи-80 бензини етказиб берилган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг