Президент «Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) иштирокида «Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири яратишни ривожлантириш (2-босқич)» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
2022 йил 29 августда Ўзбекистон ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ўртасида Ўзбекистонда «Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири яратишни ривожлантириш (2-босқич)» лойиҳасини молиялаштириш учун 200,0 млн АҚШ доллари, жумладан кредит линияси учун 15 йил муддатга, 5 йиллик имтиёзли давр билан йиллик SOFR + 1,25 фоиз ставкада 194,240 млн АҚШ доллари; консалтинг хизматлари учун 15 йил муддатга, 5 йиллик имтиёзли давр билан йиллик SOFR + 1,25 фоиз ставкада 5,760 млн АҚШ доллари миқдоридаги қарз ажратилиши бўйича Қарз битими имзоланган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 323,019 млн АҚШ долларига тенг, шундан 200 млн АҚШ доллари Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) қарзи, 58,272 млн АҚШ доллари қўшилган қиймат солиғини қоплаб бериш ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш шаклида Ўзбекистоннинг лойиҳани амалга оширишдаги улуши, 64,747 млн АҚШ доллари лойиҳа иштирокчиларининг (кредит олувчи лойиҳа ташаббускорларининг) улушидан иборат.
Лойиҳани амалга ошириш даври 6 йилни (2023 — 2028 йиллар) ташкил этади.
Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:
- лойиҳада иштирок этувчи молия ташкилотларига кредитлар ўзбек сўмида тақдим этилади;
- АҚШ долларига нисбатан ўзбек сўмининг валюта курси тебранишлари туфайли юзага келадиган харажатлар Ўзбекистон республика бюджети ҳисобидан қопланади;
- лойиҳа доирасида лойиҳа ташаббускорларига миллий валютада ажратиладиган кредитлар лойиҳа ташаббускорларига Марказий банкнинг асосий ставкасида ажратилади;
- кредит маблағлари лойиҳа ташаббускорларига маҳсулот етиштириш, сақлаш, қадоқлаш, қайта ишлаш, шок усулида музлатиш, логистика (жумладан юк ташиш техникаларини харид қилиш) ва бошқа қувватларни яратиш, озиқ-овқат саноати лойиҳаларига, шунингдек, айланма маблағлар учун ажратилади.
Белгиланишича, лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази лойиҳанинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши, уни мувофиқлаштириш ва бошқариш, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш жараёнида мониторинг ва ҳисоботни юритиш учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг