Янги қарор: 2027 йилдан бўлиб тўлаш (рассрочка) қандай тартибга солинади?

2027 йил 1 январдан бўлиб тўлаш хизматларини кўрсатувчи операторлар учун алоҳида ҳуқуқий мақом жорий этилиб, соҳа Марказий банк назоратига ўтказилади. Харид муддати кўпи билан 12 ой, товар ёки хизмат қиймати эса 250 БҲМ этиб белгиланади, қўшимча тўловлар 50 фоиздан ошмаслиги ва қарзни муддатидан олдин ёпганлик учун жарима ундирилмаслиги керак.
Ўзбекистон молия бозорида энг тез ривожланаётган йўналишлардан бири — бўлиб тўлаш (рассрочка / BNPL) тизимида туб ўзгаришлар даври бошланмоқда. Президент томонидан 2026 йил 14 август куни имзоланган ПҚ-294-сон қарорига асосан, 2027 йил 1 январдан бошлаб бўлиб тўлаш хизматларини кўрсатувчи операторлар учун алоҳида ҳуқуқий мақом жорий этилади ва ушбу соҳа тўлиқ Марказий банк назоратига ўтказилади.
Янги тартиб фуқароларни асоссиз молиявий фирибгарликлардан ва ортиқча қарз юкидан ҳимоя қилиш, шунингдек, яширин фоиз ҳамда комиссияларга чек қўйишга қаратилган.
Харидорлар учун нималар ўзгаради? Асосий чеклов ва енгилликлар
2027 йил бошидан харидорларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи қатор қатъий қоидалар амал қилади:
Муддат чеклови: Товар ёки хизматларни бўлиб тўлаш шарти билан харид қилиш муддати кўпи билан 12 ойдан ошмаслиги керак;
Максимал сумма: Бўлиб тўлашга олинадиган товар ёки хизмат қиймати энг кўпи билан 250 БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори) этиб белгиланади;
Шаффоф комиссиялар: Барча қўшимча комиссиялар, фоизлар ва устамалар шартномада алоҳида, аниқ ва тушунарли тарзда кўрсатилиши шарт;
Қўшимча тўловларга 50 фоизлик чеклов: Қарзнинг асосий суммасидан ташқари барча қўшимча харажатлар (жарималар, пенялар ва комиссиялар йиғиндиси) йилига бўлиб тўлаш суммасининг ярмидан (50 фоизидан) ошиб кетмаслиги кафолатланади;
Жаримасиз муддатидан олдин тўлаш: Қарзни белгиланган муддатдан олдин ёпган харидорлардан ҳеч қандай қўшимча жарима, пеня ёки комиссия ундириш тақиқланади;
Кўчмас мулк тақиқи: Ушбу механизм орқали кўчмас мулк сотиб олиш мумкин эмас — у бўлиб тўлаш хизмат кўрсатиш объектлари рўйхатидан тўлиқ чиқарилган.
Операторлар ва савдо ташкилотлари учун янги қатъий талаблар
Бўлиб тўлаш хизматларини тақдим этувчи барча ташкилотлар учун фаолият юритишнинг янги мезонлари жорий этилади:
Марказий банк реестри: Банклар ва микромолия ташкилотлари реестрга хабарнома юбориш орқали киритилса, бошқа барча операторлар фақат Марказий банкда махсус рўйхатдан ўтгачгина фаолият юрита олади;
Қарз юки ва рақамли назорат: Хизмат кўрсатувчилар мижозларни рақамли идентификациядан ўтказиши, кредит бюролари билан интеграция қилиб, шартнома маълумотларини мунтазам етказиши ва фуқаронинг қарз юки кўрсаткичини қатъий ҳисобга олиши шарт;
Тақиқланган операциялар: Оддий операторларга аҳолидан омонат/пул жалб қилиш ҳамда нақд пулда истеъмол кредитлари бериш қатъиян ман этилади;
Мажбурий рўйхатдан ўтиш: Агар сотувчининг чораклик айланмаси 500 миллион сўмдан ошса ва бу савдонинг камида 50 фоизи бўлиб тўлаш улушига тўғри келса, компания янги талаблар асосида расмий оператор сифатида рўйхатдан ўтиши шарт.
Ушбу ислоҳотлар орқали бўлиб тўлаш механизми мамлакатда алоҳида цивилизациялашган молиявий маҳсулотга айлантирилиб, аҳоли учун шаффофлик, бизнес учун эса адолатли рақобат муҳити таъминланади.
Фикрингизни изоҳда қолдиринг ва мақолани танишларингизга Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали улашинг.



























Изоҳлар 0
…