Жаҳон банки Ўзбекистонга чорвачилик соҳасини ривожлантириш учун 240 миллион доллар миқдорида сармоя киритади. Бу ҳақда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 14—15 март кунлари икки томон ўртасида “Ўзбекистонда чорвачилик соҳасини ривожлантириш” иккинчи босқич лойиҳаси бўйича музокаралар бўлиб ўтган. Унга кўра, муддати 2023—2028 йилларга мўлжалланган лойиҳа доирасида мамлакат чорвачилик тармоғига имтиёзли кредит маблағлари йўналтирилади.
Хусусан, лойиҳани амалга ошириш доирасида:
- чорвачилик фермер ва деҳқон хўжаликларини ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш;
- чорвачиликда барқарор ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш;
- соҳада замонавий технологик иш усулларини жорий этиш;
- янги иш ўринлари ташкил этиш орқали қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш;
- чорвачилик сектори даромадларини ошириш кўзда тутилган.
“Юқоридаги лойиҳани амалга ошириш мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини сифатли, хавфсиз ва ҳамёнбоп чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади”, — дейилади қўмита хабарида.
Таъкидланишича, ушбу лойиҳа май ойида Жаҳон банки директорлар кенгаши томонидан маъқулланиши кутилмоқда.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг