“Ўзбекнефтгаз”га қарашли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида Аи-92 маркали бензин нархи яна пасайиши кутилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Март ойининг ўрталарида UNG Petro бензин қуйиш шохобчаларида ушбу маркадаги бензин учун баҳорги чегирма эълон қилинган бўлиб, 7 500 сўмдан сотилмоқда. 30 апрель куни UNG Petro шохобчаларида Аи-92 бензини учун чегирма 1 майдан тўхтатилиши ҳақида хабар чиқарилди.
Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, ушбу санадан бошлаб “Ўзбекнефтгаз”га қарашли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида AI-92 бензини нархи оширилмайди. UNG Petro масъул ходимлари бу борадаги хабарни шошма-шошарлик билан, раҳбарият билан келишмасдан ижтимоий тармоқда эълон қилган ва бу ҳолат бўйича уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.
“Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кўрилаётган чоралар натижасида Аи-92 маркали автобензин нархи май ойи ичида 7 500 сўмдан ҳам арзонлашиши кутилмоқда”, — дея қўшимча қилган вазирлик ўз ахборотида.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг