23:57 / 19.05.2023
195

Ўзбекистон иқтисодиётида айланаётган пулнинг оптимал даражаси қандай?

Ўзбекистон иқтисодиётида айланаётган пулнинг оптимал даражаси қандай?

Ўзбекистон иқтисодиётида айланаётган пул миқдорининг оптимал даражаси ўрганилди. Бу ҳақда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти хабар берди.

Иқтисодий барқарорликка эришиш, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва инфляцияни пасайтириш зарурати ҳукуматлар ва марказий банклардан замонавий пул-кредит сиёсати воситасида пул массаси, кредит шартлари ва фискал сиёсатни синчковлик билан тартибга солишни талаб қилади.

Бироқ Марказий Осиё мамлакатларида пул-кредит сиёсатини қатъийлаштиришга мойиллик айрим ҳолларда бизнес, айниқса, кичик бизнесда ликвидлилик инқирози хавфи туфайли инвестицион фаоллик ва иқтисодий ўсиш суръатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Пулнинг миқдор назарияси — пул массаси, пулнинг айланиш тезлиги, нарх ва ишлаб чиқариш ҳажми ўртасидаги ўзаро боғлиқликни (МY=PY) ифодайлайди.

Классик мактаб вакиллари пул массасининг ҳар қандай ўсиши (М) инфляциянинг (P) ўсишига олиб келади, деб таъкидлайди.

Кейнс мактаби, ўз навбатида, нархларнинг ўзгариши биринчи навбатда иқтисодиётнинг муомаладаги пул миқдорини ўзлаштириш қобилияти (V) билан белгиланиши ва пул массасининг ўсиши (М) нархларга (P) ҳар доим ҳам таъсир кўрсатавермаслигини таъкидлайди.

Монетаристлар учун инфляция ҳар доим ва ҳамма жойда монетар ҳодисасидир (М). Банк мактаби намояндаларининг таъкидлашича, халқ ортиқча пулни (М) банкноталар кўринишида сақлашни хоҳламайди ва уни депозитга қўяди ва бу нархлар (P) ўзгаришига олиб келмаслиги мумкин.
 
Сўнгги 10 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг монетизация даражаси ЯИМнинг 25-28 фоизини ташкил этган бўлса, шу даврда иқтисодий кўлами ва аҳолиси бўйича Ўзбекистон билан қиёслаш мумкин бўлган кўплаб ривожланаётган мамлакатларда монетизация ўртача 75-100 фоизга етган.

ЯИМнинг барқарор ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаган ривожланаётган йирик ва ўртача катталикдаги мамлакатлар (йиллик ўртача 4-5 фоиздан юқори ўсган — Ҳиндистон, Хитой, Вьетнам, Индонезия ва бошқа бир қатор давлатлар) кўриб чиқилганда, уларнинг иқтисодиётида монетизация даражаси 150-180 фоизга етганлиги аниқланди. Бу эса Ўзбекистон реал сектори етарлича молиялаштирилмаганидан далолат бериши мумкин.

Монетизация даражаси, инфляция ва инвестициялар динамикаси кўрсаткичларининг эконометрик таҳлили натижалари миллий иқтисодиётнинг монетизация даражасини ошириш учун инфляцион рисклар нуқтаи назаридан мақбул чегараларни аниқлаш ва унинг инвестицион фаоллик ҳамда иқтисодий фаолликка қандай таъсир қилишини аниқлаш имконини берди:

  • монетизация даражасининг 1 фоиз бандга ўсиши сўнгги йилларда асосий капиталга инвестициялар ҳажмининг 0,2 фоиз бандга ўсишига олиб келади (барчаси ЯИМга нисбатан фоиз ҳисобида);
  • инфляция таъсири ЯИМга нисбатан 43 фоизлик пул массаси чегарасигача сезиларли эмас, шундан кейин у 0,3 фоиз пунктига ошади;
  • агар иқтисодиётни бошқариш самарадорлиги бўйича Вьетнам ва Индонезия даражасига эришилса, монетизациянинг инвестициялар ўсишидаги ҳиссаси 0,2 фоиз банддан 7,3 фоиз бандга етади, инфляция эса 0,5 фоиз бандга камаяди.

Асосий хулоса: Бошқарув самарадорлигининг ўртача даражаси шароитида иқтисодиётни монетизация қилишнинг ўсиши хўжалик юритувчи субъектларни инвестициявий кредитлашни кенгайтириш орқали амалга оширилиши инфляцион жараёнларнинг тезлашишига олиб келмайди.

Чунки бунда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва янгиларини яратиш, иқтисодиётни диверсификация қилиш учун қўшимча имкониятлар яратилади.

Бу эса товар ва хизматларнинг умумий таклифини оширади, ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги рақобатни кучайтиради. Шунинг учун нархлар ўсишини чеклайди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистон иқтисодиётида айланаётган пулнинг оптимал даражаси қандай?