15:34 / 18.08.2023
487

«Кудбиев деган каттакон, сенга баҳо бу» — Шавкат Мирзиёев

«Кудбиев деган каттакон, сенга баҳо бу» — Шавкат Мирзиёев

Фото: Видеодан кадр

Президент содда солиқ маъмурчилиги ва бюрократиясиз қулай муҳит яратиш борасида муҳим ташаббусларни илгари сурди.

«Энди сизларни энг кўп қийнайдиган йўналишга тўхталамиз. Содда солиқ маъмурчилиги ва бюрократия, коррупцияни йўқ қилиш. Барибир тадбиркорни энг қийнаётганлар бу солиқчилар. Сизлар буни айтмайсизлар, лекин мен ўзим буни жуда яхши биламан.

Мамлакатимизда тадбиркорлар қанча кўп бўлса, улар қанча кўп даромад олса, давлатимиз ҳам бой бўлади. Сиздек шижоатли, ишбилармон, ташаббускор ва фидойи тадбиркорларимиз сафи карра-карра кенгайишидан барчамиз бирдек манфаатдормиз.

Шунинг билинглар, мен сизларни энг яхши дўстларим деб биламан. Бир нарсани билинглар, ортингизда президент турибди. Ҳеч нарсадан қўрқманглар, фақат олдинга юришни жуда катта мамнуният билан илтимос қилмоқчиман.

Шу боис биз тадбиркорларга солиқ юкини кўпайтириш эмас, балки уларни қўллаб-қувватлаш орқали солиқ базасини кенгайтириш ҳисобига бюджетга тушумларни ошириш йўлидан боряпмиз. Маҳсулотни кўпайтириш керак, шароит яратиш керак.

Ўтказилган сўровларда 62 фоиз тадбиркорлар солиқ соҳасидаги ислоҳотларни ижобий баҳолаган. Лекин бизнес вакиллари солиқ тизимидан, солиқчилар фаолиятидан қанчалик рози, деган савол мени жуда қийнайди.

Мураккаб солиқ маъмурчилиги, бизнесга ортиқча аралашиш ва тизимдаги коррупция ҳолатларининг барчасидан албатта хабарим бор. Бу устида кўп ишлаяпмиз. Бу иллатлардан қанча тез қутулсак, ишларимизда шунча кўп натижа бўлади», деди давлат раҳбари.

Солиқ тизими тубдан ислоҳ қилиниб, солиқ идоралари ходимларининг ёндашувлари бутунлай ўзгартирилиши таъкидланди. Солиқ маъмурчилиги ҳам соддалашади.

Давлат раҳбари бу ислоҳотларда тадбиркорларни ҳам бефарқ бўлмасликка чақирди.

«Ҳозирги тадбиркорларни хавф гуруҳига киритиш тизими ёпиқ бўлиб, интизомли солиқ тўловчилар ҳам қайсидир ҳамкори қачонлардир хато қилган бўлса, унинг учун ҳам жавоб бермоқда.

Ўтказилган сўровларда қўшилган қиймат солиғи тўловчиларнинг 70 фоизи ушбу солиқни қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш, яъни «tax gap» тизими адолатсиз эканини билдирган.

Солиқ тизимидаги коррупция билан боғлиқ шикоятлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетгани ҳам айнан «tax gap» билан боғлиқ.

Эндиликда, 1 октябрдан бошлаб, қўшилган қиймат солиғини қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш амалиёти, яъни «tax gap» бекор қилинади.

Ўйлайманки, Кудбиев деган каттакон, сенга баҳо бу. Сенинг тизимингга баҳо бу. Узоқдан айлантириб келганим бежиз эмас, тизимингга баҳо бу.

Олаётган ойликларингни оқламаяпсизлар, халққа, тадбиркорга ёрдам бермаяпсизлар, тўсиқ бўляпсизлар. Мана, tax gap деган бало буларни қандай қийнаяпти, катта коррупцияга сабаб бўлаётгани учун тикка туриб қарсак чаляпти»,— деди президент.

Шу билан бирга, Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман соҳа вакиллари билан бирга тадбиркорларнинг очиқ-ошкора рейтингини жорий қилади.

Бунда, келгуси йил 1 январдан бошлаб рейтинги юқори корхоналар:

  • барча турдаги солиқ текширувларидан озод қилинади;
  • уларга қўшилган қиймат солиғининг ортиқча қисми бир кунда қайтариб берилади;
  • қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини вақтинчалик тўхтатиб туриш амалиёти бекор қилинади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » «Кудбиев деган каттакон, сенга баҳо бу» — Шавкат Мирзиёев