Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Энергетика вазирлиги, “Ўзелтехсаноат” уюшмаси ходимлари ва Исроил Электрик компанияси (ИЭК) бош директорининг ўринбосарлари Исхак Балмас ва Тамар Феклер билан онлайн учрашувлар ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Маълум қилинишича, 1923 йилда ташкил этилган ИЭКнинг 99 фоиз улуши Исроил ҳукуматига тегишли. Ҳозирда Исроилнинг 75 фоиз электр энергияси ушбу компания томонидан ишлаб чиқарилади.
Бўлиб ўтган мулоқот чоғида электр ишлаб чиқариш ва уни истеъмолчига етказиб беришга масъул тузилмалар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, Исроилнинг илғор тажрибасини республикага жалб қилиш ҳамда ушбу мамлакатга экспорт номенклатурасини кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек, Исроил томонига Ўзбекистон энергетика соҳасидаги амалга оширилаётган ислоҳотлар ва лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди ҳамда республика электротехника саноатини ривожлантиришга бағишланган тақдимот ўтказилди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Исроил энергетика вазирликлари ўртасида мулоқотларни ҳамда икки мамлакат соҳа мутахассисларининг онлайн учрашувларини йўлга қўйиш, шунингдек, Ўзбекистон электротехника маҳсулотларини Исроил бозорига экспорт қилиш мақсадида республика корхоналарининг тегишли тендерларда қатнашишини таъминлаш масалалари тўғрисида келишиб олинди.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг